Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Американинг VR Capital жамғармаси Uzumʼга 25 млн доллар ажратди
Дунёнинг етакчи инвесторларидан бири бўлган ушбу компаниядан жалб қилинган қарийб 300 млрд сўм маблағ Uzumʼнинг рақамли банкинг ва тўлов инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Бу компаниялар ўртасидаги иккинчи битим: 2025 йилда VR Capital Uzumʼнинг асосий инвесторларидан бирига айланган эди, бу эса жамғарманинг Ўзбекистоннинг тез суръатлар билан ўсиб бораётган рақамли иқтисодиётига ишончини кўрсатади.
Жалб қилинган маблағ Uzumʼнинг финтех йўналиши, яъни рақамли банкинг, тўлов инфратузилмаси ва истеъмол кредитлаш соҳаларида биринчи навбатда ривожланишини тезлаштиради. Шунингдек, бу битим икки мамлакат ўртасидаги трансчегаравий инвестицияларнинг ўсиши фонида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланаётганини акс эттиради.
"Биз Uzumʼнинг ривожланиш суръатидан ҳайратдамиз. Экотизимнинг финтех йўналиши кучли маҳаллий инфратузилмага асосланган кенг кўламли юқори технологияли бизнеснинг ёрқин намунасидир. Платформанинг янада кенгайишини ва унинг Ўзбекистон рақамли трансформациясига қўшаётган ҳиссасини қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз", - деди VR Capital Group президенти Ричард Дейтс.
"Биз миллий миқёсда қулай, тезкор ва инновацион финтех инфратузилмасини яратмоқдамиз, — деди Uzum асосчиси ва бош директори Джасур Джумаев. — Янги молиялаштириш нафақат Uzum экотизимини, балки мамлакат иқтисодиётини рақамлаштириш суръатларини ҳам кучайтириб, рақамли банкинг, тўловлар ва кредит маҳсулотларини ривожлантиришни жадаллаштириш имконини беради. Муҳими, молиялаштириш миллий валютада ажратилди — бу халқаро ҳисоб-китоблар ва корпоратив молиялаштиришда сўмнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади".
Uzum онлайн савдо, рақамли ва анъанавий банкинг, шунингдек, финтех хизматларини ягона экотизимга бирлаштирган ҳолда, мамлакатнинг энг йирик рақамли платформасини ривожлантиришни давом эттирмоқда. Ҳозирда ушбу экотизимдан 20 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар фойдаланмоқда.
Мавзуга оид
15:00
Uzum ходимлари сони ярим йил ичида 1500 кишига кўпайди
11:00
Uzum йўналишидаги е-соmmerce айланмаси 1 миллиард долларга етиши мумкин
17:00 / 08.07.2026
Uzum мамлакат иқтисодиётини рақамлаштириш учун инфратузилмага 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритгани маълум бўлди
15:59 / 10.03.2026