Ўзбекистон | 21:58 / 04.09.2025
5417
4 дақиқада ўқилади

Қурилишдаги «салом-алик» ва молхонада сақланган она-бола – маҳаллий дайжест

Тошкентлик тадбиркор қурилиш учун рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини олиш билан боғлиқ коррупциявий «харажатлар» ҳақида гапирди. Фарғона водийсида газ заправкалар таъмирлаш ишлари туфайли икки кунга газдан узилади. Сурхондарёда аёл ва унинг 5 ойлик фарзанди яширин равишда молхонада сақлангани аниқланди. Тошкент шаҳрида электр энергия таъминотини барқарорлаштириш мақсадида Хитойдан кўчма нимстанциялар келтирилади. Наманганда фуқаро ИИБ биносида 2 кун давомида қийноққа солингани маълум бўлди. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Ассалому алайкум» бўлмагунча, рухсат беришмайди — тадбиркор қурилишдаги коррупция ҳақида гапирди

Тошкентда қурилиш учун рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини олиш билан боғлиқ коррупциявий «харажатлар» битта уй учун 200 минг долларгача етиши мумкин, деб маълум қилди тадбиркор Усмонжон Абдусаматов.

У давлат органлари томонидан аризалар қайта-қайта рад этилиши, «ассалому алайкум» бўлганидан кейингина рухсат берилишини айтиб, асоссиз рад жавоби берадиганларга чора кўришни сўради.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тадбиркорнинг даъволарини рад қилди.

Фарғона водийсида газ заправкалар икки кунга газдан узилади

Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи «Оҳангарон–Пунгон» магистрал газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қарийб 22 км қўшимча қувур ётқизилди.

Ушбу янги қувурни тармоққа улаш бўйича монтаж ишлари олиб борилиши муносабати билан 2025 йил 5 сентябр куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида «Оҳангарон–Пунгон» магистрал газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилади. Шу сабабдан Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ҳамда йирик истеъмолчиларнинг газ таъминотига 5-6 сентябр кунлари вақтинча чеклов киритилади.

Сурхондарёда аёл ва унинг 5 ойлик фарзанди яширин равишда молхонада сақлангани аниқланди

Аёлнинг турмуш ўртоғи онаси ва яқин қариндошлари билан тил бириктириб, бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатган ҳолда молхонада сақлаган. Жабрланувчилар зудлик билан шифохонага жойлаштирилган. Эркак ва унинг ишга алоқадор бўлган уч нафар яқин қариндоши процессуал тартибда қамоққа олинган.

Гумондорлар аёлнинг руҳий ҳолатида ўзгаришлар борлигидан (тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналиши) фойдалангани таъкидланмоқда. Жиноят иши Сурхондарё вилояти ИИБ томонидан назоратга олинган бўлиб, иш юзасидан барча тегишли суд-тиббиёт экспертизалари тайинланган.

Тошкентга Хитойдан кўчма нимстанциялар келтирилади

Тошкент шаҳрида электр энергия таъминотини барқарорлаштириш мақсадида Хитойдан кўчма нимстанциялар келтирилади, улардан стационар нимстанцияларни таъмирлаш пайтида фойдаланилади. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.

У Хитой билан янги йўналишда, гидроаккумуляция электр станциялари (ГАЭС) қуриш лойиҳаси бўйича ҳам келишувга эришилганини маълум қилди.

Наманганда фуқаро ИИБ биносида 2 кун давомида қийноққа солингани аниқланди

Ҳолат 2025 йил 14 август куни содир бўлган. 1991 йилда туғилган Абдулаҳад Ўрмоновни профилактика инспектори Б.Д. ва бошқа ходимлар ИИБ биносида икки кун давомида қийноққа солиб, ҳаёти учун оғир тан жароҳатлари етказган. Сўнгра уни майда безориликда айблаб, Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судига олиб боришган. Аммо айблов тасдиқланмаган, маъмурий иш суд томонидан рад этилган.

ИИВ ҳолат алоҳида назоратга олинганини билдирди. Қайд этилишича, вазиятни холисона ва тўлиқ ўрганиш ҳамда ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида вазирлик раҳбарияти бошчилигида тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилган ва Наманган вилоятига хизмат сафарига юборилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид