Ўзбекистон | 14:57 / 27.11.2021
33595
5 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бошқармаси ходимлари ярим кечагача ишда ўтиришга мажбурланмоқда

“Ярим тунгача ишда ўтирамиз. Кунлик вазифаларимизни бажариб бўлган бўлсак ҳам, ишдан уйга кетишга рухсат берилмайди”, дейди Тошкент вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ходими Kun.uz'га йўллаган видеомурожаатида.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

ИИВ Жазони ижро этиш департаментига қарашли жазони ижро этиш муассасасида ярим тунда ўтказилган селектор йиғилишидан қайтаётган уч нафар майор рутбали ходимларнинг йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этгани давлат ташкилотларида меҳнат қонунчилиги бутунлай издан чиқиб кетганини яна бир бор кўрсатиб берди.

Шу хабар жамоатчиликка маълум бўлиши ҳамон Kun.uz'га Тошкент вилоят ҳокимлигининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси ходимидан мурожаат келиб тушди.

Иш вақтимиз расман соат 9:00дан 18:00гача, аммо биз яқин 5–6 ойдан буён ишхонада 22:00, 23:00 ва айрим пайтлар тунги соат 1:30ларгача қолиб кетяпмиз.

Шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни эканига қарамасдан, ишга чиқишга мажбур қилишади”, – дейди шахси сир қолишини сўраган ходим.

Ходим Kun.uz'га тақдим этган видеотасвирда ишдан қайтаётган вақтини компютеридаги соатдан кўрсатган ва ходимлар компютердаги соатни ўзгартира олмаслигини, буни фақат маъмурият қила олишини билдирган.

Расмий иш вақти тугагач, қилинадиган ишлар ҳам тугайди, лекин раҳбаримиз ҳеч бир сабабсиз ходимларни иш жойида олиб ўтиради. Бу вақтга келиб барча ходимлар ҳам руҳан ҳам жисмонан толиқади. Шу боис 18:00дан кейин тайинли ҳеч қандай иш бўлмайди. Давлатнинг электр энергияга пули кетгани қолади. Биз эса соғлом турмуш тарзини йўқотиб, оқибатда ошқозон ва бошқа аъзоларни ишдан чиқармоқдамиз”, – дея қўшимча қилади мурожаатчи.

Шунингдек, у ходимлар иш вақтидан кейин турли йиғилиш ва мажлисларга ҳам жалб этилишини маълум қилди. Хусусан, Kun.uz'га тақдим этган хат нусхасида Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят ҳудудидаги шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят бошқармасига шошилинч хабарнома жўнатилганини кўриш мумкин.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев томонидан имзоланган хабарномада “топшириқлар ижросини ҳимоя қилиш учун” 23 ноябр куни соат 18:00да Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасига етиб келиш сўралган.

Бош бошқарма ходими ташкилотда яқин кунларда ходимлар маошидан “Яшил макон” дастури учун пул ушлаб қолиш режалаштирилаётганини ҳам билдирди.

Масала юзасидан Kun.uz'га муносабат билдирган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Хамза Жумаев Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармасидаги иш вақти режими вазирлик ваколати доирасидаги масала экани, ҳокимлик томонидан уларга мажбурлов йўқлигини айтди.

Бу изоҳдан мантиқ излаб кўрилса, Жумаевнинг айтганлари бироз ўйлантириб қўяди: бир ҳисобда унинг гапларида жон бор, бошқарма Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташкилий тузилмасига киради; аммо яна бир ҳақиқат борки, ундан кўз юмиб бўлмайди: шу бошқармага вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари раҳбарлик қилади.

Айни вақтда Тошкент вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи сифатида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев фаолият юритмоқда. У ушбу лавозимга 2020 йил ноябр ойида тайинланган.

Маълумот учун, Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилиши мумкин. Кодекснинг 157-моддасига асосан, иш вақтидан ташқари ишлар учун ходимга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши лозим.

Аввалроқ, Тошкент вилоятида 200га яқин давлат хизматчилари якшанба куни йиғилишга чақирилгани, Андижон тиббиёт институти ўқитувчиларининг розилигисиз уларнинг ойлигидан шанбалик учун пул ушлаб қолингани, Хивада ўқитувчилар жамоат бирлашмасига мажбуран аъзо қилиниб, ойлигидан ушлаб қолинаётгани, ходимлар розилигисиз ойликдан ушлаб қолишлар давом этаётгани ҳолатлари ёритилганди.

Корхона-ташкилотларда меҳнатга оид қонунларнинг бу тарзда қўпол бузилишига одатда ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим бўлган масъул идораларнинг ўзларига юклатилган вазифаларни таъминлай олмасликлари сабаб бўлади.

Мавзуга оид