Ўзбекистон | 14:41 / 22.04.2026
8942
2 дақиқада ўқилади

Эъзоза Каримова: “ҳоким гул билан бориб, ўқитувчилардан кечирим сўради”

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев ўқитувчиларни изза қилган ҳолатга муносабат билдирди. Вазирга кўра, туман ҳокими 2 кундан сўнг мактабга бориб, гул берган ҳолда ўқитувчилардан кечирим сўраган.

21 апрел куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот анжумани ўтказди. Унда вазир Эъзоза Каримова қатнашди.

Матбуот анжуманида Kun.uz мухбири вазирдан ўқитувчиларни изза қилган Кармана тумани ҳокимига қандай чора кўрилгани ҳақида сўради. Эъзоза Каримова туман ҳокими кейинчалик мактабга бориб, узр сўраганини маълум қилди.

Ҳоким томонидан Ҳазора қишлоғида ёшлар билан учрашувга 9-мактабнинг юқори синф ўқувчилари жалб қилиниши белгиланган. Лекин ҳоким кеч қолган. 2 соат кутгандан кейин чарчаб қолган ўқувчиларимиз ҳоким билан учрашувда фаол бўлишмаган. Ҳоким ўқувчилар фаол бўлмади, деб устозларни айблаган. Ҳақиқатан ҳам бўлган бу: устозларимизни автобусга миндириб, туман ҳокимлиги биносига олиб бориб, ариза ёздириб олиш ҳолатлари ҳам бўлган”, деди вазир.

Шунингдек, Шоҳрух Болтаев воқеадан бир неча кун ўтиб, ўша мактабга борган ва ўқитувчилардан кечирим сўраган.

Биз буни назоратга олдик. Жумладан, Навоий вилояти ҳокимлигига ҳам хизмат текшируви ўтказиши бўйича алоҳида хат чиқардик. Ўша пайтда Навоий вилояти ҳокими хорижий сафарда экан. У билан ҳам боғланиб гаплашдик.

Туман ҳокими 2 кундан кейин мактабга гул билан бориб, устозлардан узр сўради. Ташаккурномалар, совғалар бериб келган”, деди Эъзоза Каримова.

Аввалроқ Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев 46 нафар (аксарияти аёллар ва рўзадорлар бўлган) ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, қарийб бир соат тик турғизиб қўйганди. Ҳоким бу ҳолатни “таълим сифатини оширишга қаратилган чора” деб изоҳлаган эди.

Навоий вилояти ҳокимлиги ўз расмий баёнотида ҳолат назоратга олиниб, тегишли масъуллар томонидан ўрганилаётганини, жараён якунига етгач батафсил маълумот берилишини билдирганди. Бироқ орадан 1 ойдан кўп вақт ўтганига қарамай ҳокимлик ўрганиш натижасини эълон қилмади. 

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид