Навоий вилояти Кармана туманидан мурожаат қилган фермер Мавлуда Собирова ҳокимиятнинг “ерни топшир” деган босимидан арз қилди. У ғўзани суғориш учун сув берилмагани оқибатида режани бажаролмаган. “Вазирликка йиғлаб чиқиб, сув оламан. Шунда ҳам ҳамма тўрт марта суғорганида, мен икки мартагина сув ололдим. Ким зўр бўлса, ўша олади сувни”, дейди у. Фермер ерсиз қолса, қарзларини ёполмайди.
“Фермерчиликни 2015 йилда, 60 гектар ер билан бошлаганман. Техника олганман. Лизингга олган тракторимни тўлаб бўлдим. Томчилатиш қилдик. Ҳаммаси яхши кетаётганди. Аммо яқинда, ёқмай қолдимми ё кўнгли тўлмадими ҳокимимизнинг, еримни захирага топширишни талаб қиляпти.
Захирага топшир, дейди. Давлатдан қарздорлигим нима бўлади? Лизингдан қарзимиз бор, томчилатишдан қарзимиз бор. Ҳозир мен ерни топширсам, эртага қарздорликни қандай тўлайман? Ҳозир еримни олиб қўйса, у менинг ишимни ҳам, болаларимнинг келажагини ҳам олиб қўяди-ку! Мен қаердан боқаман уларни? Ёлғиз она бўлсам.
Оғир операция бўлганман уч йил олдин. Шунинг орқасидан орқага кетиб қолдим озгина. Агар мен касал бўлмаганимда, планлари тўлдириб, олға кетар эдим”, – дейди Мавлуда Собирова.
– Биз биламиз, кўпчилик фермерлар худди сизнинг аҳволингизда. Қарздорлик қандай ҳосил бўляпти?
– Вазирликка йиғлаб чиқиб сув оламан. Ҳамманинг ери тўрт марта сув ичса, менинг ерим икки марта сув ичди. Бир далам бир марта сув ичди ҳатто! Шу сабаб ҳосил яхши чиқмаяпти, қарзни ёпа олмаяпмиз. Харажатимизни қопламай қоляпти. Керакли вақтда сув бера олмаяпман. Минг дори берсак ҳам, қанча техника юрса ҳам, сув ичмаса, барибир пахта яхши ҳосил бермайди. Пахта нобуд бўляпти.
– Сувни фермерларга етказиш кимнинг вазифаси?
– Ирригация бўлиминики.
– Нега улар етказиб бермаяпти?
– Телефонимизни кўтаришмайди ҳатто. Фермерлар гуруҳи бор туманимизда, у ерда ёзсам, мени блоклаб ташлайди. Вазирликка, ирригация бўлимининг порталига чиқиб, йиғлаб, сув олганман.
– Сув етарлича етказиб берилмаяпти. Лекин режа талаб қилиняпти.
– Шундай.















