Ўзбекистон | 18:18 / 26.12.2019
4183
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фуқароларнинг хорижий компаниялар акцияларини сотиб олиши осонлашади

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари томонидан барча турдаги қимматли қоғозларни, шу жумладан чет эл эмитентларининг қимматли қоғозларини сотиб олиш бўйича чекловларни олиб ташлашни таклиф қилмоқда.

«Ўзбекистон фуқароларига хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозларига сармоя киритишни таклиф этишни истаймиз. Масалан, S&P 500 рўйхатидаги йирик муваффақиятли компаниялар бор. Нима учун фуқароларимизга уларни сотиб олиш имкониятини бермаслигимиз керак?», – деди агентлик директори Отабек Назиров соҳани ривожлантиришнинг беш йиллик стратегияси тақдимотида.

Унинг сўзларига кўра, буни техник жиҳатдан амалга оширишнинг турли вариантлари мавжуд. «Ўзбек депозитар тилхатларини (ЎДТ) чиқариш мумкин. Яъни инвестицион воситачилар у ерда сотиб олиб, бу ерда қайта сотишади. Иккинчи вариант – брокерлик ҳисоб рақамларини очиш жараёнини соддалаштириш. Вариантлар кўп», - дея қўшимча қилди у.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда норезидентнинг қимматли қоғозларни жойлаштириши ва айланмаси тегишли Низом билан тартибга солинади. Низомга асосан, бу каби активларга эгалик ҳуқуқи ЎДТ билан тасдиқланади.

«Ҳозирча бизда бундай қимматли қоғозлар йўқ, бундан аввал ҳам бўлмаган. Бироқ буни режалаштиряпмиз», – дея Kun.uz`га аниқлик киритди агентлик вакили.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлигидан маълум қилишларича, ўзбекистонликлар томонидан хорижий брокерлар орқали акцияларни сотиб олиш ҳозирда Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мос эмас. Кўпинча бундай шартномалар акцияга эгалик ҳуқуқини бермайдиган, нархлар тафовути тўғрисидаги келишувлар (Contract for difference) бўлади.

Шу билан бирга, бундай операциялар шубҳали воситачилар орқали амалга оширилиши мумкин. Бу эса маблағни йўқотиш хавфини оширади.

«Шунинг учун воситачиларимиз ана шундай хизматлар кўрсатишни бошласа, масалан, ЎДТ орқали, у ҳолда одамлар акцияларни қонуний асосда харид қилади, хусусий инвестор эса ҳуқуқлари поймол этилганида регулятор ҳимояси остида бўлади», – деди суҳбатдош.

Капитал бозори инфраструктурасини ривожлантириш учун агентлик жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, Ўзбекистон норезидентлари томонидан депо-ҳисоб рақамларини масофадан туриб очиш ва қимматли қоғозларнинг барча турларини сотиб олиш учун ариза беришни жисмоний иштирокисиз ва қоғозларсиз амалга ошириш тартибини жорий этишни таклиф этяпти.

Шунингдек, мавжуд биржаларни ягона миллий биржалар гуруҳига бирлаштириш, Қимматли қоғозларнинг ягона миллий депозитарийсини яратиш, унга банк операциялари ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳуқуқини бериш, мижозлар верификацияси тизимини жорий этиш ва капитал бозорининг профессионал иштирокчиларининг ўзини ўзи бошқарадиган нодавлат бирлашма (СРО)га асос солиш режалаштирилган.

  • Стратегия лойиҳаси фақат рус тилида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ҳужжатнинг ўзбек тилидаги талқини билан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги расмий сайтида танишиш мумкин.

Мавзуга оид