«Uzbekistan Аirways» ва UzAuto Motors'нинг IPO’си ўтказилади, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қайта тартибга солинади
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида аукцион орқали сотишда ҳам 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби татбиқ этилади. 2022 йил 1 июлдан бошлаб божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан берилади.
«Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Унда мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторнинг ролини ошириш борасида бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ерларнинг хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш борасида:
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида аукцион орқали сотишда давлат активларини сотишда қўлланиладиган 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби татбиқ этилади;
- бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бирйўла амалга оширган харидорларга мазкур давлат активлари ва ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилди.
Яшаш гувоҳномаси бўлмаган хорижликларга янги кўчмас мулк сотиб олишга рухсат берилди
2022 йил 1 майдан бошлаб рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш ҳуқуқи берилди:
- Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
- бошқа ҳудудларда – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.
Қайд этиш керакки, юқорида назарда тутилган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди. Ўз навбатида яшаш гувоҳномасини олиш учун талаб этиладиган кўчмас мулк қиймати миқдори Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 400 000 АҚШ долларидан 300 000 АҚШ доллари эквивалентигача камайтирилади.
Рақобат муҳитини яхшилаш ва хусусий сектор олдидаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини (кўрсатилишини) ноқонуний чеклаш;
- лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш;
- монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик.
Фармонда белгиланишича, 2022 йил 1 майдан бошлаб норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадлари (дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлардан ташқари) бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланади.
Солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қайта тартибга солинади
2022 йил 1 майдан бошлаб:
- халқаро шартномалар бўйича 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган ва мамлакатдаги тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан олинадиган товарлар (хизматлар) бўйича солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилинади.
2022 йил 1 июлдан бошлаб:
- божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина Ўзбекистон қонунлари билан берилади; бунда Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши хулосаси олиниши мажбурий ҳисобланади.
Шунингдек, тармоқ вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари соҳани ва (ёки) ҳудудни ривожлантириш учун берилган алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботларни йил якунлари бўйича ҳар йили 1 мартга қадар Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиб бориши шарт.
Бундан ташқари, 18та ҳужжат билан турли компания ва тармоқларга берилган индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилинади.
Хусусийлаштириш:
- 2022 йил 1 майга қадар тажрибали инвестиция банкини жалб этиб, 2022 йил якунига қадар «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) орқали камида 49 фоиз улушини, шунингдек, «Иссиқлик электр станциялари» АЖдаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини хусусийлаштириш ишлари бошланади;
- 2022 йил 1 сентябрга қадар «Uzbekistan Аirways» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушининг савдога чиқарилиши, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) ишлари бошланади;
- 2022 йил 1 августга қадар халқаро инвестиция банки ва консультантларни жалб этган ҳолда, «UzAuto Motors» АЖ акциялар пакетининг 10 фоизгача қисмини маҳаллий фонд бозорида оммавий жойлаштиради (IPO) ва бу корхонанинг қолган улушини ҳамда «UzAuto Motors Powertrain» АЖ, «Samarqand Avtomobil zavodi» МЧЖни стратегик инвесторларга сотиш стратегияси Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
- 2022 йил 1 сентябрга қадар халқаро консалтинг компанияси хулосалари асосида «Ўзбекгидроэнерго» АЖни ислоҳ қилиш стратегияси тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
17 та акциядорлик жамиятини хусусийлаштириш ва трансформация қилиш бўйича махсус бошқарув тизими жорий қилинади.
Белгиланишича, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналаридa 2022 йил 1 апрелдан кейин ижро органи раҳбари сифатида тайинланган (қайта тайинланган) шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ижро органи раҳбари бўлиши мумкин эмас.
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги иштирокини чеклаш ва қисқартириш мақсадида, уларга Ўзбекистон президенти ва ҳукумати қарорларида назарда тутилмаган ҳолларда:
- асосий фаолиятига хос бўлмаган янги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ёки қуриш;
- рақобат ривожланган соҳада асосий фаолиятидан ташқари қўшимча фаолият билан шуғулланиш;
- асосий фаолиятига хос бўлмаган хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш ёки ундаги улушни сотиб олиш тақиқланади.
Мавзуга оид
15:44 / 21.11.2024
Тошкентдаги International ва Lotte меҳмонхоналари хусусийлаштирилди
13:52 / 21.11.2024
Британия Ўзбекистонда давлат компанияларини хусусийлаштиришда қатнашмоқчи
11:04 / 19.11.2024
Истироҳат боғлари, сайилгоҳ ва хиёбонларни хусусийлаштириш тақиқланиши мумкин
17:10 / 18.11.2024