Ўзбекистон | 10:35 / 13.07.2024
6542
2 дақиқада ўқилади

“Allianse Motors” мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Kun.uz суриштирувидан сўнг Тошкент шаҳридаги “Allianse Motors” МЧЖ масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Автосалон мансабдори машина олиб келиб бериш ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, фуқароларнинг 6 млрд сўмдан ортиқ пулини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишгани аниқланди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳридаги “Allianse Motors” МЧЖ мансабдорлари фирибгарликда гумонланмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамуддинов маълум қилди.

Унга кўра, Тошкент шаҳридаги автосалон масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва бошқа моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Жамият мансабдор шахслари 19 нафар фуқарога автомашина олиб келиб бериш ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, 6 млрд 169 млн сўм тўлов пулини ўзларининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишгани аниқланган.

Олдинроқ Kun.uz’га мурожаат қилган бир нечта фуқаро пойтахтдаги автосалонга пул тўлаб, машина ололмаётганини маълум қилганди.

Улар мурожаатида Тошкент шаҳридаги “Allianse Motors” МЧЖ мижозлар билан шартнома тузиб, машиналарни вақтида келтириб бермагани ҳамда айримларни эса етказиб берилган авторанспорт воситасининг ҳужжатини тўғрилаб бермасдан овора қилаётганини билдиришган

Статистика агентлиги очиқ маълумотларига кўра, 2021 йил декабр ойида давлат рўйхатидан ўтказилган “Allianse Motors” МЧЖ Давлатбек Нарзиевга тегишли.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойи охирида «автомашиналарни 3 ой муддат ичида автосалондан чиқариб, етказиб бериш»ни айтиб, 74 нафар фуқаронинг 6,1 млрд сўмлик пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган Тошкент шаҳридаги Мy Cars автосалони эгалари қамалганди.

Орадан кўп ўтмай, электромобиллар савдоси билан шуғулланувчи 4 та автосалон эгалари ўзаро тил бириктирган ҳолда, юзлаб одамларнинг ишончига кириб, 200 доллар эвазига уларнинг номига кредит чиқартиргани ҳамда 2 ой ичида кредитни узиб беришни ваъда қилгани ҳамда миллиардлаб суммаларни ўзлаштиргани аниқланди.

 

Мавзуга оид