Ўзбекистон | 09:30 / 01.11.2017
137972
17 дақиқада ўқилади

«Самарқандда адолат борми ўзи?!» – Тадбиркорларни қақшатган Олим Очилов жавобгарликка тортилмай қолмоқда

Тасаввур қилинг, сиз ёшлар учун мўлжалланган «Камолот» уйи қурдингиз. Бунинг учун банк сизга кредит ажратди. Уйни белгиланган муддатда топширдингиз. Қурган уйингизни кимгадир сотиш ёки тақсимлаш сизнинг ихтиёрингизда эмас. Вилоят ҳокимлиги уйни далолатнома орқали қабул қилиб олганидан сўнг, уйни ўз эгаларига вақтида топшира олмагани боис сиз билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилмади. Сиз эса вақтида топширган уйингиз учун кредитни ўз вақтида ёпа олмадингиз ва фоиз тўлашда давом этдингиз — яъни зарар кўра бошладингиз. Бунинг учун ким айбдор?

Самарқандда айнан шундай ҳолат юзага келмоқда. Сайтимизда илгари ҳам «Самарқандлик тадбиркор: «Вилоятдаги мутасаддилар туфайли корхонам 552 миллион сўм зарар кўрди» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган ва Паст Дарғом туманида «Камолот» уйлари қуриб берган «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонасининг вилоят ҳокими (эндиликда собиқ) ўринбосари Олим Очилов, вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси ва АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали раҳбариятининг ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиши, тадбиркорнинг тақдирига бефарқ қарши унинг ҳуқуқларини поймол қилиши оқибатида ярим миллиард сўмдан зиёд зарар қилгани баён этилган эди.

Энди худди шундай тадбиркордан яна бири таҳририятимизга мурожаат қилиб, ўзининг арз додини республика раҳбарлари эшитишини, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси панжа орасидан қараб, ечимини топмаётган муаммосини ҳал қилиниши сўрамоқда.

Жомбой туманидаги «Ниятбек қурувчи» хусусий корхонаси раҳбари Ҳамза Қосимович Мамаюсуповнинг айтишича, адлия вазирлигига, миллий хавфсизлик қўмитасига, республика Бош прокурорига, Самарқанд вилояти ҳокимлигига ва бошқа тегишли органларга қилган 3 марталик мурожаати умуман қаноатлантирилмаган.

«Бизнинг айбимиз (у бу сафар худди шу муаммо билан юрган «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонаси раҳбари Ҳайитмурод Элмуродов билан келди) нима, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига лаббай даб жавоб бериб, қурилишни барча меъёрлар бўйича якунлаб, ўз вақтида топширганимизми?! Самарқандда адолат борми ўзи?!» — дейишмоқда улар. Қурувчиларнинг айтишича, бундай «Камолот» уйлар республикамизнинг барча вилоятларида қурилган, бошқа вилоятларда бирорта қурувчининг «бурни қонатилмаган», барча зарур маблағлар, қурилиш материалларини ўз вақтида олишган, қурилиш ташкилотлари фойда билан чиқишган.

— Илгари қурилиш корхонамда 250дан зиёд киши ишларди. Ҳар йили қурувчилар кунида ишчи ва ходимларимга тўй қилиб қилиб берар эдим, — дейди Ҳамза Мамаюсупов. — ишлаб чиқариш корхоналарим, қурган идорамни сотиб ҳам, бўйнимга илинган қарзларни тўлай олмай, банкрот бўлдим. Ишчиларимга эса жавоб бериб юбордим. Шунча одам ишсиз қолди.

Энди тадбиркорнинг ушбу машъум «Камолот» уйлари юзасидан пайдо бўлган эътироз ва важларига кўз югуртиринг ва мушоҳада қилинг-да, унинг мурожаатларига прокуратура органлари «умуман қонун бузилишлари бўлмаган, жиноят аломатлари йўқ», деб ёзма равишда жавоб беришаётганини ҳам ёдда тутинг:

«2015 йил 30 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги Инжиниринг компанияси, «Ниятбек қурувчи» хусусий корхонаси  ва АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали ўртасида «2014 йил 18 августда тузилган 3-ЖДМ-2014-сонли шартномага» 3-ЖДМ-2014/1-сонли ҚЎШИМЧА КЕЛИШУВ тузилган бўлиб, уч томонлама келишилиб, имзоланган ва муҳрланган. Ушбу шартноманинг 3.2. бандига мувофиқ, АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали жами ажратилган кредит маблағи, яъни 5.428.963.484 сўм ҳисобидан 196.449.000 сўм кредит фоизи ҳамда 4.429.600.000 сўм кредит таннархи қайтариб қолиниши, қолган 999.363.484 сўм маблағ «Ниятбек қурувчи» хусусий корхонаси ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши белгиланган. Шартноманинг ушбу талаблари умуман бажарилмади».

«Уч томонлама тузилган қўшимча келишув шартномаси талаблари қўпол равишда бузилиб, тадбиркорнинг фаолиятига жиддий путур етказган ҳолда, банк ва Инжиниринг компанияси шартномада қайд этилган 196.449.000 сўмлик кредит фоизи ўрнига 254.449.000 сўм, яъни 58.000.000 сўм маблағ ортиқча ушланиб қолиниб, шунча пул миқдори қурилиш корхонасига кам тўланди».

«Мазкур ҳолат сабаби сўралганда, бизлар «Камолот» уйини ўз вақтида давлат қабул ҳайъатига топширганлигимиз, бироқ уй эгалари бўлмиш иқтидорли ёшларни топиш 2015 йил охирига қадар чўзилиб кетганлиги, шунга кўра кредит фоизлари ошиб кетганлиги (!) ҳақида жавобни олдик. Яъни «Камолот» ЁИҲ ва ҳокимлик иқтидорли ёшларни НЕГАДИР ЎЗ ВАҚТИДА топа олмагани учун тадбиркор 58 млн. сўм ошиқча кредит фоизи тўлаб турса бўлаверар экан. Ёшларни уй-жой билан таъминлашга масъул «Камолот» ЁИҲ, вилоят туман ҳокимликлари ва «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд филиалларининг бу ҳарактсизлиги жиноят эмасми?»

Вазиятга эътибор беринг! Агар уйни эгаларига топшириш қурувчининг гарданида бўлганида, ҳали уй қурилмасданоқ улар барпо этилиши мўлжалланган уйига мижоз топишган бўлар эди — бу аниқ! Лекин уйга харидорларни иқтидорли ёшлар орасидан вилоят ва туман ҳокимликлари «Камолот» ЁИҲ ва «Қишлоққурилиш банк» топиши белгилаб қўйилган. Улар қурувчини ипсиз боғлаб, ўз ишларига панжа орасидан қарашганми, ёки уйнинг потенциал эгалари ўртасида «кимошди савдоси» ўтказишганми, буёғи қоронғу, факт шуки — уйни ўз вақтида тўлдиришмаган, пулини тўлашмаган ва ўтган вақт учун ҳам қурувчи кредит фоизини тўлаб туришга мажбур бўлган! Ўз ишининг устаси бўлган ҳар қандай терговчи 5 дақиқада айбдорни аниқлаб, хулоса бера олади. Начора, Самарқандда Президентимиз йил 8 январь куни таъкидлаганидек, элпарвар, ҳақиқатпарвар, тадбиркорнинг бошини силайдиган прокурор йўққа ўхшаяпти, балким Республикада топилиб қолар?..

«Шунингдек, 2-ЖДМ-2014/1-сонли ҚЎШИМЧА КЕЛИШУВ шартномасининг 3.2. бандига биноан, банк филиали корхонага шартномада кўрсатилган 999.363.484 сўм ўрнига 611.000.000 сўм маблағ берган, яъни 388.363.484 сўм маблағ «Ниятбек қурувчи» хусусий корхонасига кам тўланган».

«Бунинг сабаб аниқлаштирилганда, Инжиниринг компанияси ва «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали шартнома тузишганда адашишган эмиш! Ахир имзо ва муҳр қўйиш, шартнома тузиш ўйинчоқ эмаску, шартнома ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарувчи, юридик кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат эмасми?!»

«Айрим раҳбарларнинг ҳукуматимиз раҳбарининг юртимиз равнақи, халқ фаровонлиги йўлида чиқараётган қарорларини бажармаслик ва оқибатида тадбиркор сифатида 388,0 млн. сўмдан зиёд  зарар кўрсак, текширувчи органлар бунга кўз юмишса («кечиринглар энди, анувлар болалик қилиб бир адашибди-да, тўлаворинглар шу арзимаган 400 миллион сўмга яқин суммани», деган қабилда), бу жиноят эмасми?!»

«Бундан ташқари, инжиниринг компанияси томонидан «Камолот» уйлари қурилиши имтиёзли нархларда берилиши керак бўлган металл, ойна ва цемент қурилиш маҳсулотлари умуман берилмади».

«Бизнинг ташкилотга имтиёзли равишда берилиши керак бўлган металл (арматура, смета бўйича берилиши керак бўлган нархи 1 млн. 400 минг сўмдан) умуман берилмади, ҳақиқатда эса 3–3.5 млн сўмдан бозордан харид қилдик. «Камолот» уйи қурилишига 162 тонна металл кетганини ҳисобга олсак, бозор нархида олишимиз оқибатида, ҳар бир тоннасидан 2,0 млн. сўм атрофида жами 300 млн. сўмдан ортиқ зарар кўрдик».

«Ахир 2014 йилда бош вазир бўлган ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан апрель ойида ўтказилган 70-сонли йиғилиши баёнининг 15-б-бандида «Камолот» уйлари қурилиши учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги «Камолот» ЁИҲ билан биргаликда 1,0 т металлопрокат учун 1,2 т металлалом топширилишини ташкил этиш ва «Камолот» уйлари қурилиши учун метталлопрокат олиб берилишини таъминлаш юклатилган ва тегишли топшириқлар берилган-ку? Вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси бизга йуллаган жавоб хатида кўриниб турибдики, улар Шавкат Мирзиёев томонидан апрель ойида ўтказилган 70-сонли йиғилиш баёнининг мазмун-моҳиятни яхши тушунишмаган кўринади. Текширувчи органлар бунга ҳам кўз юмишмоқда».

«Ҳукумат топшириғини бажармасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ-ку? Ахир бу қонунбузарлик эмасми? Ҳукуматимизнинг раҳбарияти топшириғини вилоятдаги мутасаддилар бажармаслиги оқибатида нега биз — тадбиркорлар 300 миллион сўмлаб зарар кўришимиз керак?!»

«Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлигининг 2015 йил 20 апрелдаги 05/1-76-сонли имтиёзли равишда берилиши керак бўлган ойна маҳсулоти бўйича хати Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил Департаменти томонидан апрель ойида ижрога қаратилиб, ижросини таъминлаш Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари (эндиликда собиқ) Олим Очиловга йўлланган бўлсада, О.Очилов ажратилиши лозим бўлган 1.033 м2 ойна маҳсулоти фондини бермасдан, 2014 йил 13 ноябр кунига қадар ўзларида ушлаб туришди. «Камолот» уйини фойдаланишга топширганимиздан кейин 6 ой ўтгач, имтиёзли нархда берилиши керак бўлган хатни, яъни 2014 йил 13 ноябрдаги хатни декабрь ойи охирида бизнинг қўлимизга берди».

«Энди бир савол: нимага Олим Очиловнинг ўзига қарашли бўлган ва 2014 йилда Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра биз қатори Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида қурилган учинчи «Камолот» уйларини барпо этган «Мега темир бетон» МЧЖ имтиёзли ойна маҳсулотини олди, бизга эса берилмади? Бизнинг айбимиз вилоят ҳокими ўринбосари бўлиб ишламаётганимиздами? Албатта, текширувчи органлар бу фактга ҳам кўз юмишмоқда».

«Бунинг оқибатида, ойнани бозор нархида, яъни сметадаги нархдан бир неча баробар ортиқча нархда олишимизга тўғри келди ва ҳар иккала қурилиш корхонамиз 18 млн. сўмдан зарар кўрди. Корхонамиз ривожланиши ўрнига банкротлик ҳолатига тушиб қолди».

Наҳотки вилоятдаги раҳбарларнинг давлатимиз раҳбарияти олиб бораётган сиёсати яъни, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича куйиб-пишишларига жавоби шу бўлса? Гуллаб-яшнаб турган корхонани даромадга чиқариш ўрнига, банкротликка учратишса?

Худди шу тариқа, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 июлдаги 2/1313-сонли топшириқномасига биноан, Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом, Иштихон ва Жомбой туманларида «Камолот» уйлари қурилиши учун 3.627 тонна цемент қурилиш маҳсулоти имтиёзли нархларда ажратилган. (Ҳар бир корхонага 1210 тоннадан, тоннаси 104.560 сўмдан). Корхоналаримизга 1210 тоннадан цемент ажратилиши белгилаб қўйилгани ҳолда вилоят ҳокими ўринбосари Олим Очилов «Қизилқумцемент» АЖга «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонаси «Ниятбек курувчи» хусусий корхонаси учун 700 тоннадан цемент ажратишни сўраб хат берган.

«Ниятбек курувчи» хусусий корхонаси берилиши керак бўлган қолган 510 тонна цемент маҳсулоти вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Очилов ва Инжиниринг компаниясининг тақсимотига биноан, 2014 йилда «Камолот» уйлари қурилишида умуман қатнашмаган ташкилотларга ўзаро келишилиб, қонунга хилоф равишда биздан бир ой олдин биринчи навбатда бериб юборилди.

«Фаровон Файз Бинокор» МЧЖ га 763,0 тонна ҳамда «Абдимўмин строй инвест» МЧЖга 763,0 тонна — ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар «Қизилқумцемент» АЖ юристи томонидан таҳририятимизга тақдим этилган.

«Бу борада инжиниринг компаниясининг бизга йўллаган жавоб хатидан кулишни ҳам куйишни ҳам билмайсан! — дейди Ҳамза Мамюсупов. — Вилоятдаги текширувчи органлар ҳам негадир уларга чиппа-чин ишонишади-қўйишади. Гўёки вилоятда 8та «Камолот уйи» қурилган эмиш. Ахир 8та уй қурилишига таклиф берилган! Ҳақиқатда эса 3та уй қурилган. (Олим Очилов «Қизилқуцементга ҳам 2014 йилда 5та уй қурилмоқда, деб ёлғон маълумот бериб, цементни ўзлаштирганига эътибор беринг!).

8та уй қуриш ҳақидаги таклиф 2014 йил апрель ойида берилган, молиялаштириш масалалари июнь ойида ҳал этилгандан сўнг, яъни қурилаётган 3 та «Камолот уйлари»га банк томонидан кредитлар ажратилди, 2014 йил 18 апрелда бизлар кредит олдик.  Лекин биз — 3та ташкилот кредитга «Камолот уйи»ни куриш билан овора бўлиб юрсак, 2014 йил август ойида (!) биз учун ажратилган имтиёзли нархдаги цемент Олим Очиловнинг имзоси билан умуман бундай қурилишларга алоқаси йўқ ташкилотларга бериб юборилмокда. Биз эса қурилишни якунлаш учун етарли бўлмаган 700 тонна цементни олиш учун 2014 йил сентябрь ойида Олим Очилов имзолаган яна бир хат билан «Қизилқумцемент»га мурожаат қилдик. Ҳеч бир текширувчи бу ерда вақт ва саналарга эътибор қаратмаяпти. Ахир бу давлат мулкини талон-тарож қилиш — қип-қизил жиноятнинг ўзгинаси-ку?!»

Таққослаш учун яна бир факт: ҳозир шармандаларча ишдан бўшатилган, бироқ негадир озодликда, жавобгарликка тортилмасдан юрган вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Олим Очилов давр-у даврон сурган вақтларда Инжиниринг компаниясидаги жиноий тўданинг тақсимотига биноан «Паст Дарғом сифат қурилиш» ва «Ниятбек қурувчи» 64 хонадонли (!) уй қурилиши учун имтиёзли нархларда бор-йўғи 700,0 тонна цемент олган бўлса, вилоятдаги «Абдимўмин строй инвест» МЧЖ корхонаси 2015 йилда 48 хонадонли (!) «Камолот» уйи қуриб, Очиловнинг бир варақдаги жимжимадор имзоси билан 1338,0 тонна имтиёзли нархларда цемент маҳсулотини қўлга киритган. Бундан кўриниб турибдики, вилоятда қурилиш соҳаси раҳбарлари адолатли иш олиб боришмаган, таниш-билиш, ошна-оғайингарчилик қилишган! Йўқса, ўша инжиниринг компаниядаги қўли доллар санаб қаварган цементфуруш забардастлар тушунтириб берсин-чи, нега 64 квартирали уйга 700 тонна цемент кетаркан-да, 2015 йилда қурилган 48 квартиралисига деярли 2 баробар кўпроқ?! Иккинчиси Гитлернинг бункерига ўхшаган нарсамиди ё?!

«700 тонна цемент қурилиш ишларига етмаслиги аниқ, шундан кейин, юқорида номи тилга олинган ва айни кунларда банкрот бўлиш арафасида турган ташкилотлар бир тонна цементни 350 мингдан 460 минг сўмгача бозор нархида олишга мажбур бўлдик. Бунинг оқибатида 170 млн. сўм миқдорида зарар кўрдик. Яъни бизга берилмаган 510 тонна цементнинг ҳар бир тоннасидан 300 минг сўмдан зарар кўрдик. Ваҳоланки, 3та «Камолот» уйи қурилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор ва баённомалари мавжуд бўлган».

Ҳозир Олим Очилов ва инжиниринг компаниясидагилар ўз чўнтагидан ўша 763 тоннадан цементни бозор нархида олиб бериши ёки бозор нархида куйган мана бу қурувчиларга тўлаб бериши керак. Тўлай олмаса, қонун доирасида жавоб бериши керак. Мана шу энг адолатли қарор бўларди.

«Хуллас, умумий ҳисобда «Ниятбек қурувчи» хусусий корхонаси банк томонидан кредит фоизидан ортиқча ушлаб қолинган 58 млн. сўм, металл маҳсулотидан 300 млн. сўм, ойна маҳсулотидан 18 млн. сўм, цемент маҳсулотидан 170.000 000,0 сўм шартнома шартлари бажарилмаслиги оқибатида 388.363.484 сўм, жами бўлиб 934 млн. 363 минг 484 сўм миқдорида зарар кўрди».

Наҳотки, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-391-сонли Қонуни тадбиркорларга нажот бериб, бу нарса вилоят мутасадди раҳбарлари эътиборидан четда қолган бўлса?

«Ҳурматли мутасаддилар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили!

Эътибор берганингиздек, тадбиркор сифатида менинг ҳуқуқларим поймол этилиб, корхонамиз манфаатларига жуда катта миқдордаги зарар етказилиб, оқибатда корхона қарздорликка йўл қўйиб, банкротлик даражасига етди.

Сиздан, мазкур шикоятимни алоҳида назоратга олишингизни, Президентимиз, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили институтини таъсис этиш тўғрисида»ги ПФ-5037-сонли Фармонига биноан, ваколатингиз доирасида тадбиркор сифатида «Ниятбек қурувчи» хусусий корхонасининг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўришингизни илтимос қиламан.

Зеро, бошқа мен каби тадбиркорлар бу каби лоқайдликлардан ҳимояланиб, Сиз қўллаган чоралар ўз мансабига совуққонлик билан қараган раҳбарларга дарс бўлсин», деб якунлайди Ҳамза Мамаюсупов таҳририятимизга йўллаган мурожаатини.

Мавзуга оид