Иқтисодиёт | 15:30 / 26.10.2023
17436
3 дақиқада ўқилади

МБ давлат харажатлари ортишининг иқтисодий кўрсаткичларга таъсирини эълон қилади

Ўзбекистон Марказий банки ишлаб чиққан келгуси 3 йиллик пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларида инфляцияни жиловлаш бош мақсадлардан бири деб белгиланган. Мамаризо Нурмуродовнинг айтишича, ҳужжатга ҳукумат фискал интизомининг аҳамияти тўғрисида Марказий банк олиб борган ўрганишлар ҳам илова қилинади ва улар кейинги ҳафта муҳокамага чиқарилади.

Архив фото: Kun.uz

Марказий банк бошқаруви 26 октябр куни “Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”ни концептуал жиҳатдан маъқуллади.

МБ раиси Мамаризо Нурмуродовнинг сўзларига кўра, бу ҳужжатга Марказий банкнинг қуйидаги йўналишлардаги ўрганишлари ва тадқиқотлари илова қилинмоқда:

  • узоқ муддатли барқарор ўсишни таъминлашда фискал интизомнинг роли;
  • хорижий валютадаги омонатлар ва кредитларнинг жозибадорлиги пасайиши;
  • реал иш ҳақи ва меҳнат унумдорлиги ўртасидаги муносабат ўзгаришларининг инфляцияга босими;
  • чакана кредитлар юқори ўсиш суръатларининг аҳолининг қарз юкига таъсири.

“Энг асосийси – умумий мувозанат модели, яъни давлат харажатлари ортишининг иқтисодий кўрсаткичларга таъсири, бюджет харажатлари ўсишининг мамлакат ташқи савдо балансига таъсири ва бир қатор қўшимча ўзимизнинг Марказий банк тадқиқотлари ва ўрганишларини ҳам шу асосий йўналишларда илова сифатида бермоқдамиз.

Бу сизларга пул-кредит соҳасидаги қарашларинг, фикрлашларинг шаклланишига маълум бир жиҳатдан тўғриланишига имкон беради деган умиддамиз”, – деди Нурмуродов 26 октябр кунги матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, пул-кредит сиёсатининг яқин истиқболдаги асосий йўналишлари лойиҳаси кейинги ҳафта кенг жамоатчилик фикрини олиш учун эълон қилинади.

“Ҳужжат борасида сизларнинг таклифларингиз ва тавсияларингиз уни янада такомиллаштиришда, ичидаги мазмун-моҳиятини халққа етказишда муҳим аҳамият касб этади. Таклифларингиз ва тавсияларингизни кутиб қоламиз”, – деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Ўзбекистон Марказий банки 2019 йил охиридан инфляцион таргетлаш режимига ўтган, унинг доирасида инфляцияни 2024 йилда 5 фоизга тушириш мақсад қилинган эди. Мамаризо Нурмуродов матбуот анжуманидаги нутқида бу таргетга эришиш муддатининг 2025-2026 йилларга узайтирилаётгани “жуда кўп омиллар билан боғлиқ”лигини айтди.

Иқтисодчилар инфляцияни жиловлаш учун ҳукумат фискал интизомга риоя этиши кераклигини айтади, бироқ охирги йилларда давлат харажатларининг ошиб бораётгани сабаб бюджет тақчиллиги борасида қонунда белгиланаётган лимитларга риоя этилмаяпти. Марказий банк ҳукуматни иқтисодиётдаги нархлар барқарорлигини сақлаш учун бу лимитга амал қилишга чақириб келади.

МБ томонидан ишлаб чиқилган, келгуси уч йиллик макроиқтисодий кўрсаткичлар шаклланишининг асосий сценарийсига кўра, инфляцияни 5 фоизга тушириш муддати 2025 йилнинг иккинчи ярми деб белгиланмоқда. Муқобил сценарийда эса бу мақсадга эришиш 2026 йил охиригача кечикиши мумкин.

Инфляция даражаси 2023 йилда 8,5–9,5 фоиз, 2024 йилда 8–9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилиняпти.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид