Иқтисодиёт | 17:45 / 05.05.2026
5627
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги тадбиркорларнинг пешлавҳа муаммоси президентга олиб чиқилди

Пешлавҳани реклама деб баҳолаш ва паспорт расмийлаштириш тартиби бекор қилинади. Дизайн-код талаблари тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

5 май куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эътирозларига сабаб бўлаётган пешлавҳалар масаласи кўриб чиқилди.

Амалдаги тартибга кўра, айрим ҳолларда корхона номи, фаолият тури ёки савдо белгиси акс этган пешлавҳалар ҳам реклама сифатида баҳоланиб, улар учун алоҳида паспорт расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш талаб этилмоқда. Бу тадбиркорлар учун қўшимча маъмурий юк бўлиши билан бирга, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг танилиши, мижозлар оқими ва тушумига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама сифатида баҳоламаслик ва бунинг учун паспорт расмийлаштиришни бекор қилиш таклиф этилди.

Рекламалар ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштиришга доир дизайн талабларини тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларига ўз савдо белгисини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ташаббуси илгари сурилди.

“Давлатимиз раҳбари тадбиркорлик учун ортиқча тўсиқларни камайтириш зарурлигини таъкидлади”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид