Жамият | 17:30 / 02.08.2017
12878
2 дақиқада ўқилади

Иорданияда зўравоннинг жабрланувчига уйланиши тақиқлаб қўйилди

Иордания Парламенти мамлакат қонунчилигида мавжуд бўлган, узоқ йиллардан бери кўплаб баҳсларга сабаб бўлиб келаётган келишувни бекор қилишга қарор қилди.

Гап шундаки, агар киши бошқа кимсани жинсий зўрлаган тақдирда, у билан турмуш қуриши ва энг камида 3 йил оиласини сақлаб туриши талаб этилар эди. Шундагина жиноятчи ўз қилмишлари учун суд олдида жавоб бермай, жазодан қутулиб қолиши мумкин. Эндиликда бундай келишув никоҳлари бекор қилинади.

Жорий йилнинг апрель ойида Иордания ҳукумат аъзолари шу турдаги никоҳни бекор қилиш мақсадида қонун лойиҳасини тайёрлашга киришган эди. Бундай ташаббусга хайрихоҳлик билдирган қирол Абдуллоҳ сешанба куни парламент томонидан маъқулланган қонун ҳужжатини имзолашга тайёр эканини айтган. «Ислом Ислоҳ» блоки аъзоси Дима Таҳбубнинг айтишича, бундай қарор Ислом шариати қоидалари ва Иордания халқи иродасидан келиб чиқиб қабул қилинди.

Аҳоли орасида «308 модда» номи билан таниш бўлган келишув аслида 1911 йилги Усмонийлар империяси қонун ҳужжатларига асосланар эди. Бу эса ўз ўрнида 1810 йил тузиб чиқилган «Наполеанча жазо» қоидаларида учрайди. Айтиб ўтиш керакки, ушбу никоҳ келишуви яна саккизта араб давлатларида мавжуд бўлиб, улардан Ливан ва Баҳрайн ислоҳотларга қўл уриш арафасида.

Мавзуга оид