Жамият | 19:44 / 14.10.2025
51001
13 дақиқада ўқилади

Иши юришмаган “ишбилармон кишилар”: Наманганда машҳур филмдагидай ҳодиса содир бўлди

Уйчи туманидаги Мустақиллик маҳалласи. Уйидан чиқиб ўқишга йўл олган болакай мактаб дарвозасига етганида ниқобли шахслар ҳужумига учради: Nexia машинасида келган эркаклар унинг қўлини қайириб, машинага тиқишди ва кўздан ғойиб бўлишди. Барчаси сониялар ичида содир бўлганди. Ҳамма оёққа турди. Эшитганлар борки ҳайрат ичида бир-бирига пичирлашга тушди: кимдир отасининг душманлари қилган деса, бошқаси ҳозир бола ўғрилари кўпайган, сотиб юборишади дерди. Бироқ бу тахминлар ҳақиқатдан йироқ эди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Аксарият жиноятларнинг содир этилишига осон пул топиш иштиёқи сабаб бўлади: босқинчилик, ўғрилик, фирибгарлик каби жиноятлар борки, барининг илдизи шу омилга бориб тақалади. Жиноятчилар доим барчаси хамирдан қил суғургандай бўлади, биз қўлга тушмаймиз, деган ишончда ҳаракат қилишади. Бироқ жиноий режа қанчалик мукаммал бўлмасин, барибир фош бўлади. Мақолада Наманган вилоятининг Уйчи туманида содир қилинган жиноят ҳақида сўз юритамиз. Уни содир этган шахслар ҳам режамиз иш беради, деб ишонишган эди.

Ўғирлаб кетилган бола

2023 йил 16 октябр тонги. Уйчи туманидаги Мустақиллик маҳалласи. Азизбек уйидан чиқиб, мактаб томон йўл олди. Мактабнинг орқа томон эшигига яқинлашганда кутилмаган ҳолат содир бўлди: ёнига Nexia машинаси келиб тўхтади, ундан ниқобли шахслар югуриб тушди, унинг қўлини қайириб, машинага тиқишди ва катта тезликда ҳайдаб кетишди. Барчаси сониялар ичида юз берган, бола нималар бўлаётганини англамай ҳам қолганди.

Буни мактаб ўқитувчиларидан бири кўриб қолди ва қоровулхонага югуриб бориб, ўша ерда турган директор ўринбосарига айтди. Директор ўринбосари воқеа жойига қараб югурди. Аммо бола ўғирлаб кетилган жойда худди кинолардаги каби унинг кийими ва сумкаси ётарди. Директор ўринбосари уларни олиб, мактаб қоровулига тутқазди ва ўзи ИИБ ходимларига хабар берди. Бу орада боланинг отаси Авазбек Абдуллаевга ҳам қўнғироқ қилишди. Ҳамма оёққа турган, мактабда ғала-ғовур бошланганди.

Мактаб ёнидаги савдо дўконининг кузатув камерасини кўришди: оқ рангли, 50 О 952 ZA давлат рақам белгили Nexia болани олиб, катта йўл томонга ҳаракатланиб кетганди.

Таҳдидли хабар

Ички ишлар ходимлари тезкор равишда ишга киришди. Машинанинг давлат рақам белгиси аниқ, у кимга тегишли эканини билиш қийинмасди. Кўп ўтмай машина топилади. Бироқ унинг ҳақиқий эгаси машина юкхонасига тиқиб кетилганди.

Воқеанинг эртаси куни, 17 октябрда боланинг отасига Telegram орқали таҳдидли хабар келади: “300 минг доллар берасан, бўлмаса болангни ўлдирамиз”. Исбот сифатида отага боласининг овозли ёзуви юборилади.

“Ўша куни ўғлим соат 8:40 ларда мактабга чиқиб кетди. Соат 9:02 да эса мактаб директори қўнғироқ қилиб, фарзандимни аллақандай ниқоб таққан нотаниш кишилар уриб, Nexia машинасига мажбурлаб миндириб кетганини айтди. Эртасига нотаниш шахслар Telegram орқали алоқага чиқиб, ўғлим уларда эканини, 300 минг доллар берсам қўйиб юборишларини, акс ҳолда ўлдиришларини маълум қилди. Сўнг ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда пул талаб қилаётган шахсларни топишга киришдик”, деган ота суддаги кўрсатмасида.

Жиноий режа

Аслида болани ўғирлаб кетиб, пул талаб қилиш 4 нафар йигит томонидан тузилган жиноий режа эди. Бу режа Наманган вилояти Косонсой туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Элдор Қодировдан чиққанди.

Ўғирлаб кетилиши режа қилинган боланинг отаси Авазбек Абдуллаевни Элдор Қодиров танирди. Чунки унинг қизи Элдор Қодиров яшайдиган маҳаллага келин бўлиб тушганди. Авазбек Абдуллаев куёвига машина совға қилгани ҳақида эшитган Элдор Қодиров унинг бойлиги кўп деган ўйга борганди.

Болани ўғирлаб кетиб, отасидан товон пули ундириш режасига Уйчи туманида яшовчи 25 ёшли Ойбек Шамшиддинов, 26 ёшли Абдулатиф Собиров ҳамда Наманган шаҳрида яшовчи 25 ёшли Абдулқодир Йўлдошев қўшилади. “Пулни биткоинда оламиз. 200 минг доллар сўрайман, 50 минг доллардан тақсимлаб оламиз. Бирор нарса бўлса барини ўзим бўйнимга оламан”, дейди Элдор Қодиров. Бироқ кейинчалик у Авазбек Абдуллаевдан 200 минг эмас, 300 минг доллар сўрайди.

Режанинг амалга оширилиши

Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига маълум бир вазифа тақсимлаб берилади. Масалан, Абдулқодир Йўлдошевнинг вазифаси болани машинасида бир жойдан иккинчи жойга олиб бориб қўйиш эди. Шу сабабли, Элдор Қодиров гўёки чет давлатга чиқиб кетган қилиб кўрсатиш учун 2023 йил 9 октябр куни уни Андижон вилоятидаги Дўстлик божхона чегара пости орқали Қирғизистонга чиқариб юборади. Орадан 2 кун ўтиб эса Қирғизистоннинг Олабуқа тумани орқали Наманган вилоятининг Косонсой туманига айланма дала майдонлари орқали ноқонуний олиб ўтади. Сўнгра Абдулқодир Йўлдошев режа амалга оширилишини кутиб, Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйда бир неча кун яшайди.

“Ишбилармон йигитлар” 2023 йил 16 октябр куни режани амалга оширишга киришади. Соат 3:50 ларда Элдор Қодиров, Ойбек Шамшиддинов ва Абдулатиф Собиров Наманган шаҳрининг Давлатобод туманига Яндекс иловаси орқали такси чақиради. Буюртмани Жамшид Мамадиев қабул қилиб олади ва Nexia машинасида чақирув манзилига боради.

Мижозлар таксида Уйчи туманининг Тепасарой маҳалласи ҳудудига, шимолий Фарғона канали олдига келади. Шунда ҳайдовчига бирданига ҳужум уюштирилади: орқа ўриндиқда ўтирган Абдулатиф Собиров бўйнидан арқон ўтказиб, бўға бошлайди, Ойбек Шамшиддинов унинг бошига махсус тайёрланган шапкани кийдиради, Элдор Қодиров эса бўйнига пичоқ тираб, қаршилик қилса ўлдиришини айтади. Сўнгра жиноятчилар Жамшид Мамадиевнинг қўл ва оёқларини ўзлари олиб келган арқон билан боғлаб, оғзини латта билан беркитишади ва машинанинг орқа юкхонасига тиқишади.

Шундан сўнг Абдулатиф Собиров машина рулига ўтиради ва улар Уйчи туманининг Мустақиллик маҳалласи томонга қараб кетишади. Соат 6:30 да манзилга бориб, Авазбек Абдуллаевнинг ўғли уйдан чиқишини кута бошлашади. Соат 8:45 да бола уйидан чиқади ва мактабга йўл олади. У мактабнинг орқа эшиги ёнига етиб келганида юзига ниқоб таққан Ойбек Шамшиддинов ва Элдор Қодиров ҳужум қилиб, уриб-дўппослаган ҳолда болани мажбурлаб машинага миндиришади.

Шу тариқа бола ўғирланади. Уни аввалига Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманидаги дала майдонига олиб боришади. Ўша ерда оёқ-қўлини арқон билан боғлаб, кўз ва оғзини беркитишади. Сўнгра ноқонуний йўл орқали Қирғизистондан қайтиб келиб, ўз вазифасини кутиб ётган Абдулқодир Йўлдошевнинг давлат рақам белгиси 50 Н 188 JА бўлган Nexia-2 машинасига ўтказишади.

Абдулқодир Йўлдошев ва Абдулатиф Собиров болани Андижон шаҳрининг Хўтан ариқ маҳалласидаги хонадонлардан бирига олиб кетади. Элдор Қодиров ҳамда Ойбек Шамшиддинов юкхонасида Жамшид Мамадиев бўлган Nexia’ни Косонсой туманининг Бомраҳа мавзеси ҳудудидаги дала майдонига бошқариб боришади. Сўнгра ўзингни ўзинг қутқарасан, дея Жамшид Мамадиев ёнига ўзлари олиб қўйишган телефонини қайтариб қўйиб, воқеа жойидан яширинишади. Ҳайдовчи тишлари ёрдамида қўлларидаги арқонни ечиб, ички ишлар ходимларига хабар беради.

300 минг доллар товон пули

Жиноий режанинг биринчи қисми амалга оширилган, энди бола учун пул ундиришгина қолганди. Жиноятчиларнинг назарида барчаси осон кечаётган эди. Элдор Қодиров боланинг отаси Авазбек Абдуллаевга Telegram орқали алоқага чиқади ва фарзандини тирик кўришни хоҳласа 300 минг доллар бериши кераклигини айтади. Агар пулни бермаса, боласини ўлдириб юбориш билан таҳдид қилади.

Шундан сўнг жиноятчилар 18 октябр куни соат 16:00 ларда болани Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги хонадонлардан бирига, кечга яқин эса Чирчиқ туманидаги далаҳовлига олиб боришади. Улар шу тариқа болани далаҳовлида 20 октябр куни соат 15:00 ларга қадар ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиб, ушлаб туришади.

Жиноятнинг фош этилиши

Жиноятчилар ҳаммаси хамирдан қил суғургандай осон кечяпти, деб ўйлаган бир пайтда иккинчи томондан ички ишлар ходимлари уларни фош қилиш учун катта куч билан ишга киришган эди.

Болани ўз машинасида Андижон шаҳрига олиб боргач, Абдулқодир Йўлдошевга Элдор Қодиров 200 минг сўм тутқазиб, Қирғизистонга чиқиб кетиши кераклигини айтганди. Абдулқодир Йўлдошев машинасини уйида қолдириб, ўзи ноқонуний тарзда Қирғизистонга ўтиб кетади.

17 октябр куни ижтимоий тармоқларда бола ўғирлангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди. Абдулқодир ва Элдор бир-бирлари билан Telegram орқали гаплашиб туради. Аммо ички ишлар ходимлари Абдулқодирнинг изига тушганди. У қўлга олинади.

Абдулқодирнинг қўлга тушгани маълум бўлгач, Ойбек Шамшиддинов ва Абдулатиф Собиров ҳам ўзини ИИБ ходимларига топширади. Ҳаммаси фош бўлганини билган Элдор Қодиров бу пайтда Чирчиқ туманидаги далаҳовлида ушлаб турилган болани уйига жўнатиб юборади.

Оилангни йўқ қилиб юбораман деди”

Абдулқодир, Ойбек ва Абдулатиф судда айбларига қисман иқрор бўлиб, бу ишларни Элдор Қодировнинг тазйиқи остида қилишганини айтган.

Жумладан, Абдулатиф Собиров Элдор Қодировдан қарз бўлиб қолгани сабабли бу ишга рози бўлганини билдирган.

“Элдор Қодиров билан Тошкент шаҳрига бозорга борган вақтимда танишганман. Оилавий шароитим оғирлиги туфайли ундан қарзга пул олиб, қарз бўлиб қолдим. Маълум бир муддат ўтгач Элдор Қодиров қарзини қайтаришимни талаб қилиб, таҳдид қила бошлади. Сўнгра қарзни узишим учун ишлашни таклиф қилди. Қандай ишлигини сўраганимда қурилиш эканини, бунинг учун шерик олишим кераклигини айтди. Шунда мен Ойбек Шамшиддиновнинг олдига бориб, ишлашни таклиф қилдим ва у рози бўлди.

Элдор Қодировнинг чақирувига биноан Ойбек Шамшиддинов билан Тошкент шаҳрига бордик. У ерда 3-4 кун дам олиб юрдик. Бу вақт ичида Элдор Қодиров нима иш қилиш кераклигини айтмади. 2023 йил 16 октябр куни кечаси Тошкент шаҳридан Наманган шаҳрига келдик”, деган у суддаги кўрсатмасида.

Абдулатиф Собиров бир неча маротаба бу ишни қилмаслигини айтганини, шунда Элдор Қодиров унинг оиласини йўқ қилиш билан қўрқитгани, шу сабабли мажбур бўлганини маълум қилган. Ойбек Шамшиддинов ва Абдулқодир Йўлдошев ҳам шунга ўхшаш кўрсатма берган.

Жазо

Жиноят ишининг Элдор Қодировга оид қисми алоҳида иш юритувига олинган. Чунки у Тошкент шаҳрида бошқа жиноятларга ҳам қўл урганди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 16 майдаги ҳукми билан Элдор Қодиров Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғрилаш) 2-қисми “б, в, г” бандлари, 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми “а, б” бандлари, 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 223-модаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 2-қисми “б” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” банди, 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 17 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг 2024 йил 28 мартдаги ҳукми билан Абдулатиф Собиров, Ойбек Шамшиддинов ва Абдулқодир Йўлдошев Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбли деб топилган. Абдулатиф Собировга 11 йил, Ойбек Шамшиддиновга 10 йил-у 3 ой, Абдулқодир Йўлдошевга 7 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Суд материаллари асосида тайёрланди.

Мавзуга оид