Жамият | 07:09 / 27.12.2019
7577
2 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим вазири 2019 йил учун тизимдаги энг мураккаб бўлган ҳолатни маълум қилди

2019 йилда мактабгача таълим муассасаларига йўлланма олиш бўйича электрон навбатлар алгоритмининг ўзгартирилиши билан 1 миллионга яқин навбатда турган болаларнинг сони 480 мингга туширилган. Бу ҳақида Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин вазирлик фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берди.

«Биз учун 2019 йилда энг мураккаб вазият бу МТТларга йўлланма олиш бўйича электрон навбатлар алгоритмининг ўзгартирилиши бўлди. Мазкур параметрлар ўзгартилирилишининг асосий сабаби инсон факторининг жараёнга аралашувини чеклашдан иборат. Бунинг билан ариза топширишдаги қўпол хатолар учраши ҳолатлари ҳам камаяди», дея қайд этди Агриппина Шин.

Шунингдек, Мактабгача таълим вазирининг қайд этишича, мазкур алгоритм ҳозир синов ҳолатида бўлиб, унинг устида миллий ва хорижлик дастурчилар ишламоқда.

«Ҳозир электрон навбат тизими анча шаффофлашди ва замонавийлашди. Мактабгача таълим вазирлиги сайти орқали ҳам исталган МТТ ҳолати ва унда қайси ёшдаги қанча бола тарбияланаётгани, қанча тарбиячилари борлиги ва ўша МТТ учун қайси ёшдаги қанча бола навбатда тургани ҳақида маълумот олиш мумкин», - дея қўшимча қилди Мактабгача таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Ҳиндор Мадраимов.

Унинг таъкидлашича, айни пайтда сараланган ва ҳақиқатан МТТга йўлланма олиш учун навбатда қолдирилган 480 минг аризанинг ярмидан кўпи ҳали мактабгача таълим ёшига етмаган болалар учун тўлдирилган.

«Бунда кўпчилик ҳали бир ёки икки ёшли боласини ҳам навбатга киритишган. Бу, албатта, бизни қувонтиради. Чунки электрон навбат бу -мактабгача таълимга бўлган талабни кўрсатувчи асосий кўраткич», дейди Ҳиндор Мадраимов. 

Мавзуга оид