Ҳукумат ёшлар билан ишлашда нега давлат ташкилоти тизимини танлади? — Алишер Саъдуллаев билан суҳбат (1-қисм)
Шу йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистонда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил қилинди. Бу агентлик эндиликда ёшларга оид давлат сиёсатини белгилайдиган ва уни юритадиган масъул орган бўлиши кутилмоқда.
Қизиқ жиҳати, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб то бугунги кунга қадар ёшлар ташкилотлари Нодавлат ташкилоти сифатида ишлаб келган. Масалан, Ёшлар иттифоқи (1991-1996 йй.), «Камолот» жамғармаси (1996-2001), «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати (2001-2017), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (2017 йилда ташкил этилган. Кейинги фаолияти номаълум).
Номлари саналган бу ташкилотлар тузилмасига кўра нодавлат ташкилот бўлгани билан уларнинг фаолияти давлат томонидан молиялаштирилар ва ҳукумат буюртмасини бажарар эди. Шу билан бирга, ушбу ташкилотлар маълум даражада мустақил орган сифатида миллионлаб ёшларни ўз атрофида бирлаштира олган. Ўзини-ўзи мустақил идора қилувчи ННТ сифатида эса маъмурий буйруқбозликлардан ҳам холи эди.
2017 йилда президент Мирзиёев «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қурултойида иштирок этди ва ёшлар масалаларига бағишланган нутқ сўзлади. Унда президент Ўзбекистонда ёшлар масаласига оид турли муаммолар йиғилиб қолганини танқид остига олди. Йиғилиш давомида президент таклифи билан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил қилинди.
Бу ташкилотга бир қанча ҳуқуқий асос ва молиявий кўмак эвазига (йиллик 200 млрд. сўм бюджет) ёшларнинг йиғилиб қолган ўша муаммоларини ечиш вазифаси ишонилди. Аммо кўриб турибмизки, орадан 3 йил ўтиб энди ёшлар масаласига оид бошқа бир янги тузилма ташкил қилинди.
Хўш, ҳукумат эндиликда нега ёшлар масаласи билан ўзи тўғридан-тўғри ишламоқчи? Бу Ўзбекистондаги ёшларни қийнаётган ишсизлик, таълим билан қамраб олиш, иқтисодий кам таъминланганлик, ҳуқуқий онгнинг етарли эмаслиги, жиноятчилик ва ортиб бораётган оилавий ажримлар каби қатор муаммоларга ечим бўладими? Умуман, янги давлат органи тузиш муаммоларнинг энг тўғри ечимими?
Kun.uz мухбири янги агентлик раҳбари Алишер Саъдуллаев билан интервью уюштирди ва шу каби саволларга жавоб излади.

— Алишер, ёшлар сиёсатини юритадиган янги орган тузилишига қандай сабаблар бор эди? Ва, умуман, бу ёшлар муаммоларини ҳал қилишда энг тўғри ечимми, сизнингча?
— Биз ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида гапиряпмиз. Давлат сиёсатини эса нодавлат ташкилот юритиши тўғри йўл эмас.
Ёшларга оид давлат сиёсати бу жуда кенг қамровли тушунча. Бу энг муҳими ёшларнинг розилиги. «Улар нима хоҳлайди ўзи?» деган савол бизда энг муҳими бўлиб турган.
Кўпчилик ёшлар нима учун ёшлар ташкилотлари ўзгараверади, буни бизга нима таъсири бор, деган саволни беради. Биз буни ўрганиб борамиз. Лекин бизни энг кўп қийнайдиган муаммо бу ёшларнинг ишсизлиги. Жуда кўп ёшларни қийнайдиган масала бу.
Нодавлат нотижорат ташкилоти буни қанчалик ҳал қила олади ва давлат ташкилоти қанчалик ҳал қила олади? Буларнинг ўртасида катта фарқ бор.
Сиз нодавлат нотижорат ташкилоти кучсизлантирилиб давлат ташкилотига куч бериляпти, дедингиз. Агентлик бўйича президент фармонида эса ёшлар ишлари билан шуғулланмоқчи бўлган ёки шу соҳада лойиҳаларни амалга оширмоқчи бўлган ташкилотларга айнан агентлик грантлар ажратиши белгиланган.
Энди ННТлар кўпаяди. Улар битта бўлмайди. Ҳар бир ҳудуд ва ҳар бир туманни ичига кириб, ўша ҳудудлар ихтисослашувидан келиб чиқиб ишланади.
Масалан, Қўшработ туманида майиз тайёрлаш жараёнида майизни чўпидан ажратгани учун кунига 50 минг сўм маош оладиган оилалар бор. Уларни бу иш учун ўқитишган, грантлар беришган. Давлат буни таҳлил қилиб, пастгача кўрмаган бўлиши мумкин, лекин ННТлар кўрган. Бизнинг мақсад уларни қўллаб-қувватлаш, кучсизлантириш эмас.
Нимага давлат органи бизга керак? Биз кўплаб ривожланган давлатлар тизимини кўриб чиқдик. Уларда ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини юритувчи алоҳида орган бор. Масалан, Туркияда Ёшлар ва спорт вазирлиги, Сингапурда Маҳалла ва ёшлар вазирлиги, Озарбойжонда спорт ва ёшлар вазирлиги, Россияда Федерал ёшлар агентлиги ва Бирлашган Араб амирликларида ҳам алоҳида ёшлар вазирлиги бор.
Худди шундай 60 фоиз аҳолисини ёшлар ташкил этувчи давлат учун бу орган жуда муҳим. Бу энг биринчи навбатда уларни манфаатини ҳимоя қилиш учун ҳам керак.
Бунда ишсизлик, шароити оғир туманларда яшайдиган ёшлар учун имкониятлар яратиш, имконияти чекланган ёшларга турли ёрдамлар кўрсатиш ёки алоҳида назоратдаги ёшлар билан ишлаш масалаларига эътибор қаратилади.
— Демак, бу агентлик барча масалаларда қолган вазирликлар билан тенг имкониятда иш олиб боради…
— Жудаям яқин ҳамкорликда ишлайди. Кеча бир маълумот ўқидим, унга кўра, бизда ҳар йили 450 мингга яқин бола мактабни тамомлайди. Бу ёшлардан 230 минги ўзини йўлини топиб олади. Масалан, ўқишга киради, ишга жойлашади. Лекин бизда ундан ташқари яна 200 мингдан кўпроқ битирувчи бор. Бу ёшлар ишсиз қолиб кетяпти. Бизда ўша 200 мингдан кўпроқ ёшлар билан нима қилинади, деган савол бор.
Шунинг учун ҳам, биз биринчи навбатда Халқ таълими тизимидаги битирувчилар билан нима қиламиз, Олий таълимдаги ёшлар билан нима қиламиз деган масалаларни ҳал қилишимиз керак. Кейинги ўринда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан нима қиламиз деган масалани ҳам аниқлаштириб олишимиз керак.
Кеча Халқ таълими ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ўзаро ҳамкорликда мактаб битирувчиларини касбга тайёрлаш учун янги дарсликлар ишлаб чиқариш масаласи топширилди. Бу дарслик учун танлов эълон қилинди. Танлов учун 20 млрд сўм жамғарма ажратилди ҳамда уни Молия вазирлиги тўлаб берадиган бўлди. Унинг мақсади ёшларни янги касбларга ўргатиш. Бу турли касблар орасида танланган 20 та касб бўлади. Улар мактаб ўқувчиларига ўргатилади. Бу дарслик учун танлов очиқ танлов шаклида ўтади. Мен соҳада тажрибаси бор ёшларни унда қатнашишга таклиф қиламан.
Иккинчидан, мен ишсиз ёшларимиз кўп дедим. Бу айниқса пандемия даврида кўпайиб кетди. Тўғри биз ёшларни иш билан таъминлаш борасида жуда кўп гапиряпмиз. Лекин бозор талабларига қарасак, яхши тадбиркор учун салоҳиятли мутахассислар керак. Яхши мутахассислар учун эса яхши ойлик керак.
Биз мана шу икки талабни бир нуқтада кесиштириш учун ҳаракат қиляпмиз. Яқинда президент бир йиғилишда айтдики, ёшлар билан ишлашда ҳар бир туманни ўз малакасига эътибор қаратиш керак. Қайси туманда ёшларни қайси соҳага йўналтирсак унинг келажаги тўғри йўналишга тушади.
Оддий мисол: Чортоқ тумани мисолида буни таҳлил қилдик. Бу туманда дейлик, туризм, асаларичилик ва адирдаги иссиқхоналар ўсиш соҳалари. Демак, кадрлар ҳам энди шу соҳаларда кўпроқ етиштирилади.
Биз буни олдиндан таҳлил қилиб, шунга қараб кадр етиштиришимиз керак. Агар буни қилмасак, яна малакавий номутаносиблик юзага келади. Яъни, талаб бор кадр йўқ, кадр бор талаб йўқ.
— Ёшлар ишлари агентлиги олдида ишсиз ёшлар масаласига эътибор қаратиш биринчи ўриндаги вазифа, деяпсиз. Айтинг-чи, ҳозир бизда айни пайтдаги ишсиз ёшлар сони қанча ва дейлик кейинги 5 йилликда улар учун қанча иш ўринлар яратилади. Ёшларга иш ўрни яратиш бўйича қисқа ва узоқ муддатли аниқ стратегия борми?
— Бу стратегиялар бўйича менда ҳозир аниқ маълумотлар йўқ. Лекин биз шуни таҳлил қилишни бошладик. Яъни, сиз айтганингиздек, бу масалани биз уч қисмга бўлдик. Шунга кўра, биз ҳозир аҳвол қандай, қисқа муддатда ва 5 йилликда қандай бўлишини айта оламиз.
Бунинг учун бизга иккита асосий маълумотлар керак бўляпти. Булар: биринчиси ҳар йилги битирувчилар сонига қараб аниқлаб олиш. Бизда авваллари бундай маълумот билан ишланмаган.
Иккинчиси, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган, лекин олий таълим муассасасини ёки таълим муассасасини битирган ва ҳозирда ишсизлар.
Ҳозирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда шу бўйича умумий база яратяпмиз.
Биз сиз айтган ва ҳали йўқ бўлган базани ишлаб чиқяпмиз.
— Агентлик ўз олдига қандай лойиҳаларни режа қилиб оляпти? Режадаги биринчи лойиҳа ҳақида ҳам маълумот берсангиз?
— Агентликни биринчи лойиҳаси ёшлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатадиган иш сифатида бошланиши керак. Шундай бўлмаса, ёшларни ишонтириш қийин бўлади.
Шунинг учун биринчи лойиҳада биз республикадаги энг оғир 14 та туманларни танлаб оламиз. Уларни аҳволи ўзим, жамоам билан бориб ўрганаман. Биз ўша ҳудудларда яшаб кўрамиз.
Биз бу жараёнда ўша ҳудудда ёшлар манфатига зид ишлар, ёки уларнинг ҳаётини ривожлантириши мумкин бўлган лойиҳаларни ўрганамиз.
Бунда ёшларни ишга жойлаштириш, муаммоларини ҳал қилиш, ўқишига кўмаклашиш, умуман, барча муаммолари ўрганилади ва ҳал қилинади. Яъни, ёшлар сиёсати ўзи қандай бўлиши керак деган гапнинг исботини кўрсатиб беришимиз керак.
Мана шу лойиҳа давомида ишларимизни икки қисмга бўлиб олганмиз. Бунда биринчи гуруҳ иқтидорли ёшлар билан иккинчиси алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан ишлайди.
Бу орқали катта бир муаммога ҳам ечим топилади. Масалан, авваллари жуда кўп халқаро олимпиадаларга мактаб ёки олий таълим муассасалари талабалари моддий имконияти етмагани сабаблигина боролмай қоларди.
Эндиликда агентликда шундай имконият бўлмоқдаки, биз иқтидорли ёшларни халқаро олимпиадалар, конференциялар ва бошқа нуфузли тадбирларга юборамиз. Биз уларни молиявий қўллаб қувватлаймиз.
Бу орқали шунингдек, Ўзбекистондаги иқтидорли ёшлар базаси шаклланади. Яъни, яхши бир кадр 8-синфида ким бўлган, 22 ёшда ким бўлган. Уни ривожланиш босқичлари базаси бизда бўлади.
Биз юқорида алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар ҳақида гапирдик. Уларга нималар қилиб бера олишимизни ҳам ўрганяпмиз. Масалан, нечта ОТМда имконияти чекланган ёшларнинг бемалол ҳаракатланиши учун шароитлар қилинган. Улар эркин юра оладими бинонинг ичида? Зиналардан чиқиш учун шароитлар яратилганми?
Ёки фарзандли ёш оналаримиз бор. Уларни фарзандларига қараш учун университетларда хорижий тажрибада бўлгани каби алоҳида хоналар қилинганми?
Биз жуда кўп туманларни ўрганиб чиқдик. Яъни, бу ўрганишларда шу нарса аниқ бўлдики, баъзи бир туманларда 2-3 йиллаб қизлар ОТМга ўқишга кирмаган. Ўша туманларда қизлар нега ОТМга кирмаяпти? Уларни ҳам қўллаб қувватлаймиз. Репетитор бўлса репетитор, ёки мактабда шароит бўлмаса мактабида шароит яратамиз.
Агентликнинг вазифаси давлат аҳамиятига эга бўлган масалаларни жойига қўйиб, ечиб бериш бўлади.
Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди
Тавсия этамиз
9 май байрамми ёки мотам? Бу куннинг мазмуни қандай?
Ўзбекистон | 21:19 / 03.05.2025
Ҳусанов нега ўйнамаяпти?
Спорт | 10:00 / 01.05.2025
Орзу-ҳавас ниқобини кийган кимўзарга ўйнаш: ҳукумат тўйларни тартибга сола оладими?
Ўзбекистон | 17:00 / 30.04.2025
No Partey, no party. «Арсенал» нега ютқазди?
Спорт | 13:50 / 30.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Disney «Юлдузлар жанги» фильмидаги дроиднинг ўхшашини тақдим қилди
Фан-техника | 17:20
-
«Work and travel» дастурларида иштирок этувчи талабалар учун ссуда ажратилади
Ўзбекистон | 17:00
-
Тошкентда хавфли рецидивист одамларни қарийб 20 млрд сўмга чув туширди
Жамият | 16:57
-
1972 йили Венерага учирилган зонд яқин кунларда Ерга қулайди
Жаҳон | 16:48
Мавзуга оид

22:05 / 17.03.2025
Ёшлар етакчилари “Ibrat Academy” иловасининг пулли версиясини сотиб олишга мажбурлангани айтилди. Агентлик буни рад этди

20:50 / 27.02.2025
Амалдорлар дарахтларни кесаётганда ёшларни дарахт экишга илҳомлантириш мумкинми? – масъулларнинг жавоби

18:17 / 04.10.2024
Бош вазир Абдулла Арипов шахмат федерациясига раислик қилади

14:45 / 27.06.2024