Тошкент шаҳрида кўплаб одамларни чув туширган она ва ўғил жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 1992 йилда туғилган, хавфли рецидивист бўлган Фаррух Махаматов 2022 йилнинг 4 апрелида Arkenstone, 2023 йилнинг 15 майида Vesco Cottage компанияларини таъсис этган. У фуқароларга арзон ва узоқ муддатли тўловлар эвазига уй-жой қуриб бериш ҳақида ёлғон ваъдалар берган.

Фаррух Махаматов Олмазор, Юнусобод ва Яшнобод туманларида коттежлар қуриш тўғрисида интернетда эълонлар жойлаштирган. Мижозларга 125 млн сўм бошланғич тўловни тўлаб, коттежларни 20 йилга бўлиб-бўлиб тўлашга сотиб олишни таклиф қилган. Бироқ корхоналарда уй-жой қуриш учун ер участкалари бўлмаган.

“Тадбиркор” шу тариқа фирибгарлик йўли орқали 161 нафар фуқародан “Arkenstone” МЧЖга 8 млрд 665 млн сўм, “Vesco Cottage” МЧЖга эса 11 млрд 258 млн сўм пул туширишга эришган. Сўнгра у пул маблағларини эркин тасарруф этиш мақсадида онаси, 1973 йилда туғилган Феруза Махаматова билан уюшган гуруҳ манфаатлари йўлида бир гуруҳга бирлашган.

Фаррух Махаматов пулларни банк пластик картага займ тариқасида ўтказиб, долларга конвертация қилган. Сўнгра Лондон шаҳрида рўйхатдан ўтган валюта биржасида ўзи ва онаси номига очилган электрон ҳамёнга ўтказиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2025 йил 12 мартдаги ҳукми билан Фаррух Махаматов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а,в” бандлари ва 243-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 12 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.

Феруза Махаматова ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари ҳамда 28,243-моддаси билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.

Суд ҳукмида “Vesco Cottage” МЧЖ ҳисобрақамида бўлган 634 млн 239 минг сўм, Феруза Махаматова номидаги пластик картада сақланаётган 187 млн 950 минг сўм ҳамда VISA пластик картасида сақланаётган 5 млрд 244 млн 751 минг сўм, крипто-ҳамён манзилида сақланаётган, 2 млрд 482 млн 932 минг сўм қийматга тенг бўлган 192 минг USDT крипто-активлар жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларга етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилгани қайд этилган. Жабрланувчиларга етказилган зарарнинг қолган қисмини судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 1 майдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.