Жаҳон | 12:21 / 01.01.2026
9789
3 дақиқада ўқилади

Зоҳран Мамдани – Нью-Йоркнинг илк мусулмон мэри Қуръон билан қасамёд қилди

34 ёшли Мамдани АҚШнинг молиявий маркази ҳисобланган Нью-Йоркнинг энг ёш, мусулмон ва африкалик илк мэри бўлди. У пайшанбага ўтар кечаси Манхеттендаги City Hall метро бекатида лавозимга кириш учун қасамёд қилди.

Фото: New York Times

Нью-Йорк вақти билан 1 январга ўтган пайтда, пайшанба кунинг илк лаҳзаларида Зоҳран Мамдани ушбу шаҳарнинг мери лавозимига киришди. У Манхеттендаги тарихий, фойдаланишдан чиқарилган City Hall метро бекатида лавозимга кириш қасамёдини қабул қилди. Демократ Мамдани АҚШнинг энг йирик шаҳрининг биринчи мусулмон раҳбари сифатида, қўлини тарихий мусхаф – Қуръони Карим китоби устига қўйиб, қасамёд қилди.

Фото: AP

«Бу — бутун умримдаги энг катта шараф ва имтиёздир», дея Мамданидан иқтибос келтирмоқда AP нашри. Маросим, унинг сиёсий иттифоқчиси – Нью-Йорк бош прокурори Летитиа Жеймс томонидан ўтказилди.

Мамдани мер сифатидаги илк баёнотларида эски метро бекатини «шаҳримизнинг ҳаётийлиги учун жамоат транспортининг нақадар муҳимлигини кўрсатиб турувчи гувоҳлик» деб атади. У шунингдек, Транспорт департаментининг янги раҳбари этиб Майк Флинн тайинланганини эълон қилди.

Фото: AP

Мамдани бугуннинг ўзида яна бир бор, тантаналироқ тарзда – тушдан кейин 13:00 да City Hall'даги оммавий маросимда ҳам қасамёд қилади. Ушбу маросимни Мамданининг яна бир иттифоқчиси – АҚШ сенатори Берни Сандерс олиб боради. Шундан сўнг унинг идораси Бродвейнинг бир қисмида оммавий байрам тадбирини ўтказади.

Шаҳарнинг биринчи мусулмон мери бўлишидан ташқари, 34 ёшли Мамдани Нью-Йоркнинг – энг ёш ва Африкада туғилган илк мери ҳам ҳисобланади.

У сайлов компаниясида «арзонлик» тушунчасини бутун сиёсий ҳаракатлари марказига қўйди, дейиш мумкин. Демократ-социалист Мамдани дунёдаги энг қиммат шаҳарлардан бирида яшаш харажатларини пасайтиришга қаратилган сиёсатлар орқали ўзгаришлар қилишга ваъда берган. Унинг дастурида бепул болалар парвариши, бепул автобуслар, тахминан 1 миллион хонадон учун ижара музлатилиши ва шаҳар бошқарувидаги озиқ-овқат дўконлари пилот лойиҳаси бор.

Фото: AP

Аммо у Нью-Йоркда бошқа қийинчиликларга ҳам ҳам дуч келади: чиқиндилар, қор ва каламушлар муаммоси билан шуғулланиш, метро поездларининг кечикишлари ва йўллардаги чуқурлар.

Мамдани – коронавирус пандемиясидан кейинги секин тикланиш, сўнг юксалиш босқичига ўтаётган шаҳарни қабул қилиб оляпти. Зўравон жиноятлар энг паст даражага тушган, сайёҳлар қайтган. Пандемия пайтида кескин ошган ишсизлик ҳам пандемиягача бўлган даражага қайтган. Шунга қарамай, шаҳарда нархларнинг баландлиги ва ижараларнинг ошиб бораётгани жиддий ташвиш бўлиб қолмоқда.

У, шунингдек, республикачи президент Доналд Трамп билан ҳам ишлашига тўғри келади. Мерлик пойгаси вақтида Трамп ва Мамдани бир-бирини ҳақорат қилишгача борганди.

Фото: New York Times

Трамп эса Мамдани ютса, шаҳарга федерал маблағларни тўхтатиш билан таҳдид қилганди. Лекин, Трамп ҳаммани ҳайратда қолдириб, ноябрда Мамданини Оқ уйга таклиф қилди ва уни қўллашини билдирди. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид