Жаҳон | 21:52 / 03.03.2026
76441
13 дақиқада ўқилади

Эронни қўрқувда ушлаб турган кема – “Авраам Линколн” авиаташувчиси ҳақида

2026 йил январ ойи охирларида АҚШнинг “Авраам Линколн” авиаташувчи кемаси Форс кўрфази яқинига келди. Бортида кўплаб самолёт ва вертолётлар жойлашган бу кема АҚШ ва Эрон ўртасида кескинлик юзага келгани учун Яқин Шарққа юборилганди.

Бугун АҚШ қуролли кучлари таркибида ўндан ортиқ авиаташувчи кема бўлиб, уларнинг барчаси ядровий ёнилғида ҳаракатланади. Улар орасида “Авраам Линколн” ва “Жералд Форд” номли авиаташувчилар ҳам бор.

АҚШ ва Эрон ўртасида кечаётган кескин вазият фонида “Авраам Линколн” Форс кўрфази атрофида сузиб юрибди. “Жералд Форд” ҳам шу томон келмоқда. Хўш, бу кемалар қандай қудратга эга? Ҳозир шу ҳақида гаплашамиз.

“Авраам Линколн” авиаташувчиси қачон қурилган?

“Авраам Линколн” авиаташувчиси “Нимиц” туркумига кирувчи кема бўлиб, у 1980-йилларда қурилган ва 1988 йилда сувга туширилган. Америкаликлар бу турдаги йирик кемалардан 10 та ясаган ва улар турли йилларда фойдаланишга топширилган.

Фото: alamy.com

Улар қўйидагилар:

·      “Нимиц” – 1972 йилда сувга туширилган;

·      “Дуайт Эйзенхауэр” – 1975 йилда сувга туширилган;

·      “Карл Винсон” – 1980 йилда сувга туширилган;

·      “Теодор Рузвелт” – 1984 йилда сувга туширилган;

·      “Авраам Линколн” – 1988 йилда сувга туширилган;

·      “Жорж Вашингтон” – 1990 йилда сувга туширилган;

·      “Жон Стеннис” – 1993 йилда сувга туширилган;

·      “Ҳарри Трумэн” – 1996 йилда сувга туширилган;

·      “Роналд Рейган” – 2001 йилда сувга туширилган;

·      “Катта Жорж Буш” – 2006 йилда сувга туширилган;

Йирик авиаташувчи кемаларнинг “Нимиц” турига киришининг сабаби оддий, АҚШда ясалган биринчи йирик авиаташувчи шу ном билан аталган.

“Авраам Линколн” авиаташувчиси бу турдаги кемаларнинг бешинчиси ҳисобланади. У АҚШнинг 16-президенти Авраам Линколн шарафига шундай номланган.

Кемани қуриш учун ўша вақтда 4,5 млрд доллар сарфланган. У АҚШ ҳарбий флоти таркибига 1989 йилда қўшилган. Кеманинг асосий хизмат жойи Тинч океани ҳисобланади.

Бугунги кунда “Авраам Линколн” авиаташувчисига Эми Бауэрншмидт қўмондонлик қилади. У АҚШ тарихида авиаташувчи кемага қўмондон бўлган биринчи аёл ҳисобланади.

Фото: alamy.com

 “Авраам Линколн”нинг техник имкониятлари:

·      Узунлиги – 332,8 метр;

·      Эни – 76,8 метр;

·      Оғирлиги – 97 000 тонна

·      Двигателлар сони – иккита ядро реактори, тўртта турбина;

·      Двигателлар қуввати – 260 минг от кучи;

·      Максимал тезлиги – соатига 56 км;

·      Экипаж сони – 3 200 нафар;

·      Учувчилар ва бошқа ҳарбийлар сони – 2 480 киши;

·      Авиация гуруҳи – 90 та самолёт, вертолёт ва дрондан иборат.

Кемага ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими, турли русумдаги ракеталар, радар ва радиолокация ускуналари жойлаштирилган.

Кема бортидаги ҳарбий самолётлар ва вертолётлар саккизта эскадриляга бўлинган. Уларнинг асосий қисмини F/A-18E Super Hornet, F/A-18F Super Hornet, F-35, EA-18G Growler самолётлари, MH-60S Seahawk, MH-60R Seahawk ветролётлари ташкил этади.

“Авраам Линколн” қатнашган урушлар ва қуролли можаролар

1989 йилда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари сафига қабул қилинган “Авраам Линколн” биринчи узоқ сафарни 1991 йилда амалга оширади ва май ойида Тинч океанидан Форс кўрфазига келади.

Ўша йили январ-феврал ойларида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Ироққа қарши “Саҳродаги бўрон” ҳарбий амалиётини ўтказган ва унда ироқликлар мағлуб бўлганди.

Фото: alamy.com

Кема Форс кўрфазида турганида Филиппиндаги вулқон уйғонади. Шундан сўнг уни Филиппиндаги АҚШ фуқароларини қутқариш учун Жанубий-Шарқий Осиёга жўнатишади.

Ўшанда “Авраам Линколн” бошчилик қилган 22 та кемадан иборат армада 45 мингдан ошиқ одамни вулқон таъсири остидаги ҳудудлардан Филиппиндаги АҚШ денгиз базасига олиб боради.

Филиппиндаги қутқарув амалиётидан сўнг кема яна Форс кўрфазига қайтади. Унинг бортидаги ҳарбий самолётлар бу ерда патруллик қилади.

1993 йилда “Авраам Линколн” Сомали қирғоқлари яқинига жўнатилади. Кема бу ерда БМТ томонидан амалга оширилаётган гуманитар ёрдам амалиётларига кўмаклашади. Шунингдек, кемадаги ҳарбий самолётлар АҚШнинг Могадишиода ўтказган ҳарбий амалиёти вақтида ҳавода патруллик қилади.

Шу йили АҚШда армияга аёлларни қабул қилмаслик ҳақидаги қонун бекор қилинади. Шундан сўнг “Авраам Линколн”га ва ундаги самолётларни бошқаришга аёллар ҳам қабул қилинади. Кўп ўтмай уларнинг бири билан бахтсиз ҳодиса юз беради.

1994 йилда аёл учувчи бошқарувида бўлган F-14 ҳарбий самолёт кема бортига қўниш чоғида ҳалокатга учрайди. Оқибатда учувчи ҳалок бўлади. Океанга қулаб тушган самолёт кеманинг тумшуқ қисмини бироз шикастлайди.

2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан сўнг кема яна Форс кўрфазига юборилади. Ўша пайтда Афғонистонга қўшин киритган АҚШ Ироққа ҳужум қилишга шайланаётганди.

Фото: alamy.com

2003 йил 20 март куни АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция яна Ироққа бостириб киради. Уруш бошланганидан уч ҳафта ўтиб, 9 апрел куни Бағдод эгалланади. Мамлакат раҳбари Саддам Ҳусайн Бағдоддан номаълум томонга қочиб, яширинади.

Ироқ армиясининг сўнгги бўлинмалари Саддам Ҳусайн туғилган Тикритда йиғилиб қаршилик кўрсатади. 15 апрел куни бу шаҳар ҳам ишғол қилинади. Шундан сўнг Ироқ армияси қаршилик кўрсатишни тўхтатади.

2003 йил 1 май куни АҚШ президенти Кичик Жорж Буш халқаро коалиция кучлари Ироқда ғалаба қозонганини эълон қилади.

Ироққа қарши уруш пайтида “Авраам Линколн” бортидаги ҳарбий самолётлар 16 500 марта парвоз қилади.

Кичик Жорж Буш Ироқ устидан қозонилган ғалабани эълон қилгандан сўнг кема АҚШга қайтади ва таъмирлаш ишлари бошланади.

2004 йил 26 декабр куни Ҳинд океанининг Жанубий-Шарқий Осиёдаги қисмида кучли зилзила содир бўлади. Оқибатда баланд тўлқинлар шаклланади ва улар Ҳинд океани қирғоқларда жойлашган уйларни ва бошқа биноларни вайрон қилади.

Шунда АҚШ “Авраам Линколн”ни зилзиладан энг кўп жабрланган Индонезия соҳиллари томон йўллайди. Кема бортидаги самолётлар ва вертолётлар гуманитар ёрдам юкларини тарқатишда қатнашади.

2004 йилдан ҳозиргача “Авраам Линколн” дунё бўйлаб айланиб юрибди. Ўтган йиллар орасида у бир неча марта ўқув машқларида қатнашди, Форс кўрфазига келиб кетди, таъмирланди.

Фото: alamy.com

2026 йил январда Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишлар бошланди. Бу орада Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар яна таранглашди. Шунда “Авраам Линколн” яна Форс кўрфазига келди.

Ҳозирги кунда кема юзга яқин ҳарбий самолёт ва ветролёт билан Араб денгизида турибди.

“Авраам Линколн” ҳақида қизиқарли маълумотлар

“Авраам Линколн” ва унинг бортидаги самолётлар ҳамда вертолётлар умумий 12-16 млрд доллар атрофида нархланади. Бу миқдор айрим давлатларнинг ялпи ички маҳсулот ҳажмидан ҳам кўп ҳисобланади.

Кемага ўрнатилган иккита ядро реактори кеманинг 20-25 йил ҳеч қандай ёнилғисиз ҳаракатланиши учун етади.

“Авраам Линколн” том маънода “сузиб юрувчи шаҳар” ҳисобланади. Унинг бортида 5 минг киши доимий яшайди. Улар учун ҳар куни 15 минг порция овқат тайёрланади. Кемадаги сув тозалаш ускуналари бир суткада 400 минг галлон тоза сув ишлаб чиқаради.

Кемадаги ҳар бирининг оғирлиги 27 тонна бўлган иккита лангар тилла рангига бўялган. Айримлар лангарлар олтиндан ясалган дейишади. Ундай эмас, лангарлар шунчаки тилла рангига бўялган. Бу иш кема “Олтин лангар” мукофотини қўлга киритгач қилинган.

“Авраам Линколн” палубасига бешинчи авлод F-35 самолётлари ҳам учиб, қўна олиши учун мослаштирилган биринчи авиаташувчи ҳисобланади.

Кема корпуси ҳар бирининг оғирлиги 120 тонна бўлган 169 та бўлак бириктириб ясалган.

Фото: alamy.com

1999 йилда “Авраам Линколн”да ёнғин содир бўлади ва шунда Tomahawk туридаги ракеталарни учирувчи ускуналар ишдан чиқади.

“Авраам Линколн” дунёнинг исталган чеккасида суза оладиган мобил авиабаза ҳисобланади.

2021 йилда кема тўлиқ модернизация қилинади ва бу учун АҚШ 160 млн доллар сарфлайди.

Форс кўрфази томон юборилган иккинчи авиаташувчи

Сўнгги кунларда АҚШ Яқин Шарққа яна бир авиаташувчи “Жералд Форд” кемасини юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу кема янги авлод авиаташувчи ҳисобланади.

Америкаликлар бу турдаги кемаларни “Нимиц” туридаги авиаташувчиларни босқичма-босқич алмаштириш учун ишлаб чиқармоқда. “Жералд Форд” уларнинг биринчиси ҳисобланади.

Бу турдаги янги авиаташувчиларга ўрнатилган атом реакторлар “Нимиц” туридаги авиаташувчиларга нисбатан 25 фоизга кўпроқ электр энергия ишлаб чиқаради.

Фото: nosint.blogspot.com

Бу авиаташувчи 2013 йилда сувга туширилган ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари сафига 2017 йилда қўшилган. Янги радиоэлектрон тизимлар, электромагнит катапулта, аэрофинишерлар ҳамда янги атом реакторларини ишлаб чиқишга кетган 4,7 миллиард долларни ҳисобга олмаганда, кема қурилишининг ўзига 12,8 миллиард доллар сарфланган.

“Жералд Форд” ҳам ядровий ёнилғида ҳаракатланувчи кема ҳисобланади ва унда иккита атом реактори бор. Унинг ўлчами “Авраам Линколн”дан бироз катта.

Жумладан:

·      Узунлиги – 337 метр;

·      Эни – 47 метр, палуба кенглиги 78 метр;

·      Баландлиги – 76 метр;

·      Максимал тезлиги – соатига 56 км;

·      Сузиш масофаси – чекланмаган;

·      Экипаж аъзолари сони – 4 660 киши;

·      Авиация гуруҳи – 90 та самолёт, вертолёт ва дронлар.

“Авраам Линколн”да бўлгани каби “Жералд Форд”да ҳам турли самолёт ва вертолётлардан ташқари ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими, радар ҳамда радиолокация ускуналари ўрнатилган. Шунингдек, кемада ракеталар ҳам бор.

“Жералд Форд”нинг хизмат қилиш даври 50 йил деб белгиланган. Яъни ундаги ядровий ёнилғи шу муддатга етади. Бу авиаташувчи ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаган. Фақат Европада ўтказилган НАТО ҳарбий-ўқув йиғинларида қатнашган.

Фото: hrvatski-vojnik.hr

Палуба қулай ясалгани ва у электромагнит билан жиҳозлангани учун “Жералд Форд”даги ҳарбий самолётлар бошқа авиаташувчилардаги самолётларга қараганда 30 фоиз кўпроқ парвоз қилиш имкониятига эга.

АҚШ “Жералд Форд” туридаги яна бир авиаташувчини фойдаланишга топширган. Бу 2019 йилда сувга туширилган “Жон Кеннеди”.

Бундан ташқари, “Энтерпрайз” 2026 йилда, “Дорис Миллер” 2028 йилда, “Билл Клинтон”ни 2032 йилда сувга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, “Кичик Жорж Буш” номи берилган авиаташувчи кема қурилиши ҳам тасдиқланган.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид