Ўзбекистон | 15:22 / 01.03.2022
21625
1 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ташкил этилди

Ўзбекистонда яна бир янги давлат ташкилоти тузилди. Унга собиқ хотин-қизлар қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари раҳбарлик қилади.

Ўзбекистонда Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар Зулайҳо Маҳкамованинг номзодини бош вазир ўринбосари — Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси раҳбарлигига маъқуллашди. Бу ҳақда  «Нигоҳ» канали хабар берди.

Зулайҳо Маҳкамова 1968 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган. 1989 йили Наманган давлат педагогика институти ва кейинчалик Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги ўқитувчи-педагог.

У турли йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокимлигида турли лавозимларда ишлаган, Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари - вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ҳам фаолият юритган.

У 2018 йилнинг апрель ойидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Қўмита тугатилгач, 2020 йил 4 мартида Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид