Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ховос туманида ҳоким алмашди
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида кескин танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда Улуғбек Йўлдошев ишдан олиниб, унинг ўрнига Қомус Юлдашев Ховос тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
9 декабр куни Ховос туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия ишида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Эркинжон Турдимов ўз нутқида туманда бир қатор муҳим йўналишларда жиддий қолоқлик ва сусткашлик ҳолатлари мавжудлигини кескин танқид қилган.

Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини ошириш, инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалда йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш каби устувор масалаларда туман биринчи раҳбарининг ташаббуси, масъулияти ва талабчанлиги етарли даражада эмаслигини билдирган.
Туманни янада ривожлантириш борасида ишга солинмаган имкониятлар ҳақида депутатлар ҳам ўз фикрларини билдиришган.
Сессияда ташкилий масала кўрилган. 2023 йил августидан шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Улуғбек Ҳасанович Йўлдошев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Депутатлар томонидан Юлдашев Қомус Мирович номзоди Ховос тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Маълумот учун, Қомус Юлдашев 1983 йилда Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида туғилган. 2004 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган.
Ҳозиргача Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.