Жаҳон | 19:46 / 16.02.2026
29963
11 дақиқада ўқилади

Садир Жапаров қандай қилиб ҳокимиятга келганди?

2020 йилнинг октябр ойи. Қамоқхона камерасида ўтирган, ота-онасининг жанозасига боришига рухсат берилмаган, тушкунликдан ҳатто ўз жонига қасд қилишга уринган сиёсий маҳбус бир неча кун ўтиб давлат раҳбарига айланади. Бу сиёсатчи – Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров.

Kun.uz қўшни республикада юз бераётган кадрлар алмашинуви фонида Жапаровнинг кескин бурилишларга бой ҳаёти, Қамчибек Ташиев билан сирли иттифоқи, Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларидаги “музнинг эриши” ва алоқаларнинг яхшиланиши ҳақида ҳикоя қилади.

Колхоздан депутатликка

Садир Жапаров 1968 йилда, Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1987 йилда Чуй вилоятидаги “Санташ” колхозида ишчи сифатида бошлаган, кейинчалик колхоз раҳбарига айланган. 1986-1991 йилларда Бишкекдаги Қирғиз давлат жисмоний тарбия институтида ўқиб, бу орада ҳарбий хизматни Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтаб келган.

Жапаров 90-йиллар ўрталари ва 2000-йиллар бошларида Иссиқкўл вилоятидаги бир нечта нефт компанияларига раҳбарлик қилган. Сиёсий майдонга эса анча кеч, 37 ёшида кириб келади. 2005 йил бошида Қирғизистонда “Лола инқилоби” рўй бериб, йирик намойишлар тўлқини авж олади. Ана шу тўлқинга сабаб бўлган сайловда Жапаров ўзи туғилган Туп туманидан парламент депутатлигига сайланган.

Сиёсатга чуқурроқ кириб боргани сари, нуфузлироқ диплом заруратини англаган Жапаров 2006 йилда Бишкекдаги энг обрўли олий ўқув юртларидан бири – Борис Елцин номидаги Қирғизистон–Россия Славян университетининг юридик факултетини тамомлайди.

“Лола инқилоби”дан кейин президентликка Қирғизистон Халқ ҳаракати лидери Курманбек Бакиев келади. Жапаров ҳам шу ҳаракат тарафдори эди ва тезда Бакиев жамоасига қўшилади. 2007–2010 йиллар оралиғида у дастлаб президент маслаҳатчиси, кейинчалик Коррупцияга қарши кураш миллий агентлиги директори сифатида ишлайди.

Жапаров нега қамалган?

2010 йилда Бишкек ва Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида яна оммавий намойишлар бошланади. Инқилобчилар Бакиевни авторитаризмда айблайди ва мамлакатда оғир иқтисодий вазият юзага келганидан норозиликларини билдира бошлайди. Натижада Бакиев ҳокимиятдан ағдарилади ва чет элга қочиб кетади. Бу орада Жапаров мухолифат “Ата-Журт” партияси таркибига қўшилади ва депутат сифатида яна парламентга қайтади. Унинг сиёсий “фишка”си ва халқни эргаштира олган асосий шиори битта эди – “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш. Сиёсатчи йиллар давомида “Қирғизистон олтини қирғизларга қолиши керак”, дея тинимсиз такрорлаб келади. Бу Жапаровга оддий халқ орасида катта обрў олиб келади, ўз навбатида марказий ҳокимиятдагиларнинг жаҳлини чиқарарди. Шу тариқа Садир Жапаров ва Алмазбек Атамбоев ҳукумати ўртасидаги очиқ қарама-қаршилик бошланади.

2012 йил сентябр ойида Бош прокуратура сиёсатчини Бишкекдаги Киев кўчаси 74-уй манзилида жойлашган бинони ноқонуний тарзда хусусийлаштириб олишда айблайди. Бу пайтда Жапаров “Ата-Журт” фракцияси раҳбари ва амалдаги депутат эди. Қонунга кўра, уни жавобгарликка тортиш учун аввал депутатлик дахлсизлигини бекор қилиш керак бўларди. Депутатларнинг аксарияти бу ишни “сиёсий буюртма” деб ҳисоблашади ва бош прокурорнинг сўрови рад этилади.

Орадан бир ой ўтиб, 2012 йил октябр ойида “Қумтор” кони масаласида Бишкекнинг марказий майдонида бўлиб ўтган норозилик акциясига Садир Жапаров маслакдошлари – “Ата-Журт” партияси лидери Қамчибек Ташиев ва депутат Талант Мамитов билан бирга боради. Митинг пайтида Ташиев бошчилигидаги бир гуруҳ одамлар Оқ уйнинг панжарасидан ошиб ўтишади. Бу иш Олий судда кўриб чиқилиб, унда Ташиев, Жапаров ва Мамитов ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва конституциявий тузумни ағдаришга уринишда айбдор деб топилади. Ташиев ва Жапаров 1,5 йилга, Мамитов 1 йилга озодликдан маҳрум қилинади. 2013 йил июн ойида Бишкек шаҳар суди уларни оқлайди ва суд залидан озод қилади.

Панжара ортидан президентликка

Садир Жапаров сиймосида “халқ қаҳрамони” образининг шаклланиши – Қирғизистон тарихида “Сару воқеалари” деб аталувчи норозилик намойишлари билан боғлиқ. 2013 йилда Иссиқкўл вилояти Сару қишлоғида “Қумтор” конини миллийлаштириш талаб қилинган митинг бошланади. Вазият тўлиқ назоратдан чиқиб кетади. Намойишчилар ҳукуматнинг ваколатли вакили Эмилбек Каптагаевни гаровга олади ва уни ёқиб юбориш билан таҳдид қилади.

Ўшанда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жапаровнинг намойишчилар билан телефон орқали гаплашгани акс этган аудиоёзувларни эълон қилади ва уни тартибсизликларни ташкил қилганликда айблайди. Жапаровнинг ўзи эса буни инкор этиб, аудиоёзувларни “монтаж” ва “сиёсий туҳмат” деб атайди. Унга нисбатан “қотиллик таҳдиди”, “гаровга олиш”, “безорилик” ва “ҳокимият вакилига зўравонлик ишлатиш” бўйича иш қўзғатилади.

Оғир жиноий айбловлар фонида Жапаров мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлади ва умрининг 4 йилини хорижда ўтказади. У Қирғизистонни тарк этгач, доимий равишда бир жойда турмаган, чунки халқаро қидирув эълон қилиниш хавфи бор эди. Шу сабабли ҳали Қозоғистонда, ҳали Россия, бир муддат Кипр ва Туркияда ҳам яшайди.

2017 йилнинг 25 март куни Садир Жапаров Қирғизистонга қайтади. У ўзининг ижтимоий тармоқларига “мен қонундан қочмайман, ҳақиқатни исботлаш учун қайтяпман”, дея пост жойлаштиради. Шу сабабли Қирғизистон–Қозоғистон чегарасидаги “Ак-Жол” назорат-ўтказиш пунктининг Қирғизистон томонида уни кутиб олиш учун минглаб тарафдорлари тўпланади. Одамлар қўлларида плакатлар ва Жапаровнинг суратларини кўтариб, ҳайқириқлар билан кутишарди. Жапаров Қозоғистондан пиёда ўтиб, нейтрал зонага кириши биланоқ ҳибсга олинади ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Бишкекдаги биносига олиб кетилади. Суд уни 11,5 йилга озодликдан маҳрум қилади.

Тарафдорлари Жапаровни кўп адолатсизликларни бошдан кечирган сиёсатчи сифатида гавдалантира бошлашади. Қамоқда ўтган уч йил мобайнида Жапаров чиндан ҳам жиддий синовларга дуч келди: аввалига уни муваффақиятсиз чиққан суиқасддан кейин қонга беланган ҳолда топишди, кейин қамоқдалигида отаси, онаси ва ўғли вафот этди.

Жапаровни қўлловчилар у мамлакатдаги йирик “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш талабини қўйгани учун сиёсий таъқибга учраганини айтишарди. Қамоқхонадан йўллаган видеомурожаатларида Жапаров кескин мавзуларда гапирар ва амалдаги ҳукуматни очиқчасига танқид қиларди. Натижада унинг ҳукумат томонидан эзилган жафокаш қиёфаси янада мустаҳкамланди.

2020 йил 4 октябрда Қирғизистонда парламент сайловлари ўтказилди. Сайлов натижалари халқни ғазаблантирди ва тунги намойишлар тартибсизликка айланиб кетади. 5 октябр куни Жапаровнинг тарафдорлари уни қамоқхонадан озод қилади ва у эртаси куниёқ бош вазир лавозимини эгаллайди. Орадан 10 кун ўтар-ўтмас, Сооронбай Жеэнбеков истеъфосидан кейин, Жапаров вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланади.

2021 йилнинг 11 январ куни бўлиб ўтган сайлов якунига кўра, 52 ёшли сиёсатчи 6 йил муддатга президент этиб сайланади ва мамлакатнинг мустақилликдан кейинги 6-раҳбарига айланади.

Икки дўст” тандеми

Садир Жапаровнинг ҳукумат тепасига келиши ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олиши бевосита Қамчибек Ташиев номи билан боғлиқ. Улар яқин-яқингача Қирғизистон сиёсатидаги энг мустаҳкам тандем сифатида кўриб келинарди. Жапаров президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланган куни Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раислигига келганди.

Ташиев азалдан Жапаровнинг яқин сафдоши ҳисобланган. У охирги 5 йил мобайнида мамлакатдаги энг қудратли иккинчи шахсга айланди. Энг шов-шувли ишларни айнан Ташиев назорат қиларди. У куч сиёсатини шакллантирган ва амалда президент жамоасининг энг яқин ишончли вакили ҳисобланган.

Умуман олганда, Ташиев Жапаровнинг “қалқони” вазифасини бажариб келаётганди. Барча “қора” ва қаттиққўл ишлар, хусусан, мухолифатни ҳибсга олиш, чегарадаги зиддиятлар кўпинча Ташиев номи билан боғланарди, Жапаров эса босиқ ва мулоҳазали раҳбар сифатида гавдаланди.

Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбари навбатдаги президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-миш тарқалганди. Қамчибек Ташиевнинг ўзи эса бир неча бор президентлик пойгасида иштирок этиш ниятида эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Жапаровнинг президентлик ваколати 2027 йил январигача амал қилади. Давлат раҳбари лавозимига сайлов 2027 йил январ ойининг тўртинчи ҳафтасида бўлиб ўтиши белгиланган.

Жапаровнинг ўзи президентликка қайта номзодини қўйиш истагини расман эълон қилмаган. Бироқ Қирғизистон халқига сўнгги мурожаатларидан бирида у ўз номзодини қўядиган бўлса, президентликка қайта сайланишига ишонч билдирган. Шу фонда Ташиев истеъфоси унинг президентлик амбицияларига эга бўлгани билан боғланяпти.

Ўзбекистон билан алоқалар

Садир Жапаров ҳокимиятга келганда кўпчилик экспертлар Ўзбекистон билан муносабатлар кескинлашишидан хавфсираганди. Чунки у миллатчи ва популист сифатида танилган. Бироқ амалда бунинг бутунлай тескариси юз берди ва кутилмаганда у прагматик сиёсатчига айланди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 30 йиллик чегара муаммоси айнан Мирзиёев ва Жапаров даврида тўлиқ ҳал этилди. Бу қарор Қирғизистон ичида эътирозлар ва намойишларга сабаб бўлган бўлса-да, сиёсий ирода кўрсатилиб, шартнома ратификация қилинди. Икки давлат ўртасидаги ўтказиш пунктлари очилгани, чегарадан ўтиш ID-карталар орқали амалга оширилаётгани ҳам ҳар иккала қардош миллат учун катта ютуқ.

Сўнгги йилларда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши бошланди. Ўзаро ҳамкорликда Норин дарёсида Қамбарота ГЭС-1 лойиҳаси амалга ошириляпти. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Тошкент ва Бишкек ўртасида ҳал қилинмаган бирор муаммо қолгани йўқ. Шу жиҳатдан, қўшни республикадаги сиёсий барқарорлик Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид