Иқтисодиёт | 15:07 / 23.04.2026
3176
3 дақиқада ўқилади

Тадбиркор пешлавҳалар ҳақида: “Неча марта сарсон бўлиб пулини тўладик, тасдиқ келмади”

Умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда пешлавҳалар муаммоси кўтарилди. Тадбиркор ҳали дизайн код кучга кирмай туриб, пешлавҳалар олиб ташланаётгани, бироқ ечим берилмаётганига эътироз билдирди. “Неча марта бориб сарсон бўлиб топширганмиз, пулини ҳам тўлаб келдик. Тасдиқ ҳали келмайди, биз ҳали ўзимиз ҳал қилиб олганимиз йўқ дейишди”, деди у.

Иллюстратив фото: Юнусобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

21 апрел куни умумий овқатланиш ва гастрономия соҳасидаги тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, бизнес омбудсман ўринбосари Жамшид Ўрунов ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Мулоқотда тадбиркорлардан бири Тошкент шаҳрида пешлавҳалар олиб ташланаётгани ҳақида эътирозларини билдирди.

“Ҳаммани қийнаб юборган пешлавҳалар масаласи. Ҳали ўзлари “guide book” қилишмаган, топширсангиз, тасдиқ келмайди. Биз ўзимиз ҳали қилмаганмиз, дейишади. Сиз энди пешлавҳангизни олиб ташлашингиз керак, номсиз ишлашингиз керак. Юнусободда ҳам, Чилонзорда ҳам бўлди. Неча марта бориб, сарсон бўлиб топширганмиз, пулини ҳам тўлаб келдик. Охири айтишдики, тасдиқ ҳали келмайди, биз ҳали ўзимиз ҳал қилиб олганимиз йўқ, дейишади.

Ҳамма пешлавҳаларни олиб ташлаймиз-да, кейин бўш бинолар расмига қараб дизайн код қилиб чиқамиз, дейишяпти. Битта кнопка билан қилса бўладиган нарсани қилиш имкони йўқ экан”, – деди тадбиркор.

ССП раиси Даврон Ваҳобов тадбиркорлардан пешлавҳалар бўйича аниқ таклифлар беришни сўради.

“Бир тарафдан бу нарса қайсидир маънода тўғри. Сабаби биз Тошкентнинг юзимиз. Шаҳарга чиқинглар... Мен яқинда Беларусга бордим, ҳаммаси бир хил ёзилган. Бирлашиб, ўзимизнинг фикримизни олиб чиқайлик”, – деди Ваҳобов.

Фаррух Пўлатов ва Даврон Ваҳобов

Тадбиркор фикрича, аввал дизайн код чиқарилиб, кейин тадбиркорларга пешлавҳалар учун тавсия берилиши керак.

Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов айрим пешлавҳалар “Ангрендан кўриниши”га урғу бериб, бир хил дизайн код бўлишини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Аввалроқ машҳур умумий овқатланиш тармоқлари – Dodo Pizza, Belissimo Pizza, Evos, Feed Up, KFC ва Papa Johns пешлавҳалар олиб ташланаётгани бўйича жамоавий мурожаат билан чиққан эди.

Улар бу амалиёт белгиланган тартиб ва процессуал талабларга зид эканини, айрим ҳолларда эса рўйхатдан ўтган товар белгиларига ҳам таъсир қилиб, бизнес идентификацияси ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини чеклаётганини қайд этган.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид