Ўзбекистон | 07:41 / 06.12.2021
4527
3 дақиқада ўқилади

Импорт қилинадиган товарларга тариф квоталари жорий этилади

Фото: Dreamstime

Вазирлар Маҳкамасининг 2 декабрдаги қарори билан, импорт қилинадиган товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжат президентнинг «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.

Тариф квотаси – айрим турдаги товарларни божхона ҳудудига олиб киришнинг муайян даври мобайнида белгиланган миқдорда импорт қилинадиган товарларга нисбатан импорт божхона божларидан кам ставкалардан фойдаланишни назарда тутувчи тартибга солиш чора-тадбирлари, белгиланган миқдордан кўп ҳолатларда импорт божхона божларининг амалдаги ставкалари қўлланилиши.

Низомда белгиланишича, Ўзбекистонга тариф квотаси доирасида белгиланган ҳажмда олиб кирилаётган товарларга нисбатан тегишли импорт божининг пасайтирилган ёки амалдаги ставкалари қўлланиши мумкин.

Тариф квоталарининг ҳажми, амал қилиш муддати ва импорт божхона божи ставкасини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Тариф квоталари ҳажмлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг қарорига мувофиқ импорт қилувчилар ўртасида тақсимланади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда истеъмол ҳажмларини, ишлаб чиқариш қувватларини ва ички бозор нархларининг ўзгаришини инобатга олган ҳолда тариф квоталарини жорий қилиш бўйича бир йилда камида бир марта Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Хўжалик юритувчи субъект тариф квоталарини қўллаш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Ариза кўриб чиқилгани учун йиғим ундирилмайди.

Вазирлар Маҳкамаси тақдим этилган таклифлар асосида тариф квоталари ҳажмларини белгилаш ёки белгиламаслик, уларнинг муддатлари ва бож ставкаси тўғрисида якуний хулосани қабул қилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тариф квотасини жорий қилиш тўғрисида ОАВда ва ўзининг расмий сайтида берилган эълонга мувофиқ тариф квотаси ҳажмларини тақсимлаш бўйича 10 иш кунида резидентлардан аризалар қабул қилади.

Тариф квотасини белгилаш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш жараёнида қуйидаги шартларга риоя этилиши лозим:

  • тариф квотасини муайян давр учун белгилаш (тариф квотасини мамлакатлар ўртасида тақсимлаш масаласини кўриб чиқиш натижаларидан қатъи назар);
  • барча манфаатдор мамлакатларни уларга ажратилган тариф квотаси ҳажми юзасидан хабардор қилиш (тариф квотасини мамлакатлар ўртасида тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда);
  • тариф квотасини белгилаш, унинг амал қилиш муддати ва миқдори, шу жумладан, тариф квотаси ҳажми, мамлакат ёки резидентлар ёхуд импорт қилувчилар бўйича ҳажмларни тақсимлаш (мамлакатлар ўртасида тариф квотаси ҳажмини тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда);
  • тариф квотаси ҳажми доирасида олиб кириладиган товарларга нисбатан қўлланиладиган импорт божхона божлари ставкалари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид