Жамият | 19:00 / 18.04.2023
34545
7 дақиқада ўқилади

«Энди эрнинг хотинини калтаклаши – жиноят» — зўравонларни хавотирга солаётган қонун

12 апрелдан аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун кучга кирди. Kun.uz бу билан нималар ўзгариши ва энди қандай масалалар юзага чиқиши ҳақида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган ишчи гуруҳ аъзолари – Барногул Санақулова ва Дилфуза Қуролова билан суҳбатлашди.

«Қонундан фақат зўравонлар хавотирда»

Дилфуза Қуролова, ҳуқуқшунос:

— Илгари маиший деб ҳисобланадиган оиладаги зўравонлик энди жиноят деб ҳисобланади. Энди оиладаги жисмоний зўравонлик жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди. Аёллар ҳимояси бўйича 2019 йилда қабул қилинган қонун бор эди, лекин унда жавобгарлик тўғрисида ҳеч нарса мавжуд эмасди. Эндиликда эса ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутиляпти.

Бундан ташқари, жинсий зўравонликка нисбатан жазо кучайтирилди. Олдин 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси бўлган бўлса, ҳозир 5 йилдан 15 йилгача этиб белгиланди. Олдинги Жиноят кодексида жиноятчи қиз боланинг ёшини билмасдан жинсий зўравонлик қилган бўлса, жазони енгиллатиш кўзда тутилар эди. Энди эса бу енгиллатиш олиб ташланган. Яна бир янгилик: ногиронлиги бўлган аёл-қизларга нисбатан зўравонликнинг жавобгарлиги оширилди.

Оилавий зўравонликда жавобгарликка тортилиш учун 3 хил ҳолат киритилган: жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонлик. Жисмоний зўравонлик бирдан жиноий жавобгарликка тортилади (агар жабрланувчининг соғлиги 6 кундан кўпроққа ёмонлашган бўлса – таҳр.). Руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳолатида эса биринчи марта содир этилганида маъмурий, такрорланса жиноий жавобгарлик юзага келади.

Иқтисодий зўравонлик деганда, бирламчи эҳтиёжлар қондирилмаслиги (имкон бўла туриб) ёки берган пулини ўта кучли, кераксиз назорат қилиш каби ҳолатлар назарда тутилади. Иқтисодий зўравонликни исботлаш қийин масала – Фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа давлатларда ҳам.

Бу қонун қабул қилингач, «ўз аёлимни ҳам ура олмайманми энди» деётганлар – зўравонлар ёки потенциал зўравонлар. Зўравонлик қилмайдиган эркакларни эса хавотирга солмайди бу қонун. Бу борада ортиқча гап айтиб ўтирмайман. Бу масалада шахслар қора ва оққа бўлиниши керак.

Учинчи шахс муаммоси бор. Жиноят кодексининг 66-1-моддасидаги айрим бандларни олиб ташлашга тавсия берганмиз. Бу модданинг ҳозирги ҳолатига асосан, оиладаги зўравонлик бўйича қўзғатилган жиноят иши яраштирув асосида тўхтатилиши мумкин. Лекин биз билмаймиз-ку, бу ярашув босимлар остида бўлаётгандир. Коррупцияни ҳам унутмаслик керак.

«Қонунни тўғри талқин қилиш керак»

Барногул Санақулова, иқтисодчи:

— Оилавий зўравонликда мурожаат қилган шахс барибир ўша уйда яшаб қолаверади, яъни тазйиқ остида бўлади бу дегани. Чунки бизда реабилитация марказлари йўқ. Бундай марказлар бор деб бонг урилади, лекин аслида биз истаётган ҳолатда эмас улар. Шу нуқтайи назардан, яраштириш масаласи «лазейка» сифатида қолаверади. Айни шу томонлар бўлгани учун ҳам биз ўша яраштириш бандини олиб ташлашни сўраган эдик. Энди эса бундай ҳолатлар ўрганилади, қурбонлар олиб чиқилади, фаоллар тўхтамайди.

Афсуски, асрлар давомида аёл кишини хўрлаш, уриш, сўкиш, камситишни қадрият даражасига чиқарганмиз. Урмаса эркак эмас, деган тушунча сингдирилган. «Эр бўлгандан кейин уради-да», деб, эрнинг уриши меъёрий ҳолат деб қабул қилинган. Шу сабабдан ҳам қонунга эътирозлар бўлиши табиий эди, ҳайрон қолганим йўқ. Асосийси, биз бу масалаларни гапира бошладик.

Ҳозир аудиторияси кенг блогер, ижтимоий фаолларга кўп нарса боғлиқ. Агар улар қонунни нотўғри талқин қилса, зўравонларнинг ёнини олаётган бўлади. Шу муаммо ечилишини исташса, тўғри талқин қилишлари керак. Лекин баъзи кузатувчилари кўп блогерларнинг хотинимни энди уролмас эканман, деган постлари хафа қилди мени. Энди қолгани виждонига ҳавола, эртага ўшаларнинг опа-синглиси, қизи бундай зўравонлик қурбони бўлмайди деб ҳеч ким кафолатлай олмайди.

Ҳали қилиш керак бўлган ишлар кўп. Тарғибот-ташвиқот, қонуннинг тўғри талқини, ишлатиш имконияти даражалари, қаерга мурожаат қилиши, ариза ва иловалар таркиби ва шу каби нарсаларни одамларга тушунтириш керак. Ҳали қонун ишлаши учун ҳуқуқий онгни шакллантиришимиз, қўрқувни енгишларига ёрдам беришимиз зарур. Ҳар бешинчи аёл ва ҳар ўнинчи бола зўравонлик қурбони бўлаётганини ҳисобга олсак, ижтимоий фаоллар тарғибот ва ёритиш масалаларини олиб бориши керак бўлади.

Шу ўринда бу нарсаларга эътибор қаратган, қонун қабул қилиниши учун жон куйдирган ижтимоий фаол хотин-қизларга миннатдорлик билдираман».

Жинсий зўравонлик қилганлар муддатининг охиригача «ўтиради»

Дилфуза Қуролова:

— Аёлга берилган ҳимоя ордери автоматик тарзда унинг вояга етмаган болаларига ҳам тааллуқли бўлишини таклиф қилгандик. Ҳозирча берган таклифларимизнинг учдан икки қисми кирди, кейинчалик қолганлари инобатга олинади деган умиддамиз. Оилавий зўравонлик жиноий жавобгарликка тортиладиган 5-давлатмиз МДҲ ичида.

Кейин, таъқиб қилиш, кузатиб юриш каби ҳолатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик киритилди. Яна бир ҳолат: шилқимлик қилиш, шаҳвоний гаплар айтиш каби ҳолатлар учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгиланди. Бундай ҳолатлар доимий бўлса, руҳий босимга ҳам айланиб кетиши мумкин.

Назарда тутилган қонунда фақат маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш масаласи эмас, ўз-ўзидан профилактик хусусият ҳам мавжуд. Одамларга мумкин эмаслиги, жавобгарлик бор экани сингиши керак. Масалан, биздаги ҳайвонларга нисбатан бўладиган жиноятларда тайинли жазо бўлмагани учун ҳам профилактика йўқ.

Янги қонунда тамомланмаган жинсий зўравонлик ҳам амалга оширилган жиноят билан бир хил малакаланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, жинсий зўравонликка берилган жазо тўлиқ ўталади, афв этиш, шартли озодликка чиқариш бўлмайди энди.

Туҳмат учун ҳам катта жазо бор

Барногул Санақулова:

— Бир нарсани тан олиш керак: баъзи бир аёллар шаҳвоний шилқимликдан қасд олиш мақсадида ҳам фойдаланиши мумкин. Бу бўйича ишлашимиз керак. Ва шундай жараёнда ишни олиб бораётган терговчиларга, судьяларга кўп нарса боғлиқ. Қонуннинг ташвиқоти тўғри олиб борилиши, туҳмат учун ҳам катта жазо бор экани айтилиши лозим. Моддалар шунчаки қуруқ гап билан ишламайди, албатта. Далиллар, исботлар керак. Шунинг учун ҳам эркаклар ҳам, аёллар ҳам юзаки қарамаслиги лозим бу қонунга. Жамиятда нотўғри талқин бўлиб қолмаслиги керак.

·       Суҳбатни батафсил видео ҳолида томоша қилинг.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Мавзуга оид