Жамият | 14:53 / 05.04.2021
4284
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда кунига маст ҳолда рулга ўтирган 15-20 нафар ҳайдовчи аниқланади

Тошкент шаҳрида икки ойда 568 нафар ҳайдовчи транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Фото: Fotolia

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХХ бошлиғининг биринчи ўринбосари Қудрат Йўлдошев бугунги кунда пойтахтда спиртли ичимликлар ичган ҳолда транспорт воситаларини бошқариш ҳолатлари ҳақида сўзлаб берди.

«Ходимларимиз томонидан бир сутка давомида алкогол истеъмол қилиб, маст ҳолатда транспорт бошқариш билан боғлиқ ўртача 15-20та ҳолат аниқланади. Маст ҳайдовчилар пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган йўловчиларни уриб кетиш ҳолатлари ҳам учраяпти.

Шунингдек, ҳаракатланишга ҳеч қандай тўсиқ бўлмаса-да, мастликлари туфайли бошқарувни йўқотиб, бирор жойга урилиб вафот этган ҳайдовчилар ҳам бор.

Бир маълумотни айтмоқчиман – икки ой давомида Тошкент шаҳрининг ўзида белгиланган тартибда суд орқали 568 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Янада аянчлиси, йил давомида маст ҳолатда такроран транспорт воситасини бошқарган 79 нафар ҳайдовчи аниқланган.

Биз бундай ҳолатларга қарши тарғибот қиляпмиз, аммо буни ҳамма ҳам тушунмаяпти», дейди Қудрат Йўлдошев Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси мультимедиа марказида суратга олинган «Фикрлашамиз» ток-шоусида.

25 март куни Данғара туманида маст ҳолда автомобил бошқарган ҳайдовчи йўлнинг қатнов қисмида кетаётган икки нафар пиёдани уриб юборгани, улардан бири вафот этгани хабар қилинганди.

Шу куни Қўқонда ҳайдовчи маст ҳолатда автомобил бошқаргани учун машинаси жарима майдончасига тушган ҳамда уни олиб чиқиш учун ЙПХ ходимига 300 доллар таклиф қилгани хабар қилинганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид