Эркин бўлмаган осмон, қиммат ёнилғи ва вагонлар етишмовчилиги: Ўзбекистон транспорт бозорида вазият қандай?
Автомобиль, темирйўл, ҳаво, дарё транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳасидаги давлат бошқарувининг ягона органи сифатида Транспорт вазирлигининг ташкил этилиши маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш учун жуда ижобий ва муҳим қадам ҳисобланади. Ўзбекистон президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, транспорт соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазирликнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Агарда вазирликнинг миссиясини таҳлил қиладиган бўлсак, ҳудудий жойлашув ва бозор ҳажмини ҳисобга оладиган бўлсак, бу «Ўзбекистонни минтақавий транспорт хабига айлантириш» дегани.
Ана шунда ташкил этилган вазирликнинг роли барча учун тушунарли бўлади – иштирокчилар сони ва транспорт бозори ҳажмининг ўсишига эришиш (бозор ҳажми – бу бозор атрофида таклиф этиладиган ва сотиб олинадиган товар ёки хизматлар ҳажми).
Ҳа, бир кундаёқ барча нарсани ўзгартириб бўлмайди ва вазирлик ташкил этилганига атиги бир неча ой бўлди. Эҳтимол, вақт чекланганлиги ҳисобигами, авиация ва темирйўл ташувлари секторларида ҳали-ҳануз бошқарувнинг монополлашган тизими мавжуд, шаффофлик ва аҳолининг транспорт хизматларига бўлган талабини қондириш имконига эга эмас. Аммо асосийси, тўғри йўл танланган ва тан олиш керакки, ташувлар бозорида соғлом рақобатнинг йўқлиги мамлакатда транспорт соҳаси даражасига таъсир кўрсатмоқда.
Мақолада давлат тартибга солувчисининг ташкил этилиши маъқулланади, келажакда соҳанинг ўсишига умид билдирилади ҳамда қандай камчиликлар мавжудлиги кўриб чиқилади.
Концептуал ёндашув
Транспорт сиёсатига нисбатан ёндашувни ислоҳ қилиш, биринчи навбатда янгича тушуниш аппаратини кўзда тутади. Транспорт ва иқтисодий ўсишга ўзаро таъсир кўрсатувчи омиллар мавжудлик (accessibility) ва «логистик боғлиқлик» (connectivity) ҳисобланади. Мавжудлик ва қатнов манзилининг даражасини англаш муҳим ҳисобланади, чунки у йўловчи ва юк ташишда давлат ҳамда хусусий операторлар ролини аниқлашга ёрдам беради. Бунда, мавжудлик – географик нисбий ўлчов бўлса, «қатнов» амалий ва технологик чекловлар ҳамда мавжудликни ошириш имкониятларини англатади (масалан, йўлга сарфланадиган вақт ёки самаралироқ транспорт воситалари).
Оддий сўз билан айтганда, вилоятларда аэропортлар бўлса ҳам, мунтазам қатновлар бўлмаса, «логистик боғлиқлик» билан муаммо ҳал бўлмайди. Ёки бошқа мисол. Ўзбекистондаги вилоят марказларидаги бирорта ҳам корхона агарда маҳсулот жўнатиш учун уни ишлаб чиқаришга кетганчалик маблағ сарфлайдиган бўлса, экспорт билан муваффақиятли шуғуллана олмайди. Бундан ташқари, вагонларни корхона жойлашган шаҳардан давлат чегарасигача олиб борадиган вақт чегарадан Россиягача етиб борадиган вақтга нисбатан уч баравар кўпроқ бўлса.
Шуни англаш муҳимки, хусусий операторларнинг ривожланиши давлат монополиячи компанияларига имтиёз ва дотация тақдим этиш сиёсатидан воз кечиш орқали давлат бошқарувидаги юкламаларни камайтириш имконини беради. Давлатнинг тежалган маблағлари эса бошқа эҳтиёжларга сарфланиши мумкин.
Нима қилмоқ керак?
Авиация бозори:
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг пунктуаллик ва парвозлар хавфсизлигини таъминлашдаги ютуқларига қарамасдан, Ўзбекистон халқаро йўловчи ташишдаги рақобатда ютқазиб қўймоқда. Кейинги саккиз йил мобайнида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг халқаро йўналишлардаги йўловчилар оқими ялпи ўсиши атиги 2,4%ни ташкил этган бўлса, рақобатчиларда бу кўрсаткич мос равишда: Аэрофлот (РФ) – 16%, Турк ҳаво йўллари (Туркия) – 12%, Ютэйр (РФ) – 37,6%, Эйр Астана (Қозоғистон) – 11,1%, Жанубий Хитой ҳаво йўллари (Хитой) – 11,9%ни ташкил қилди.
Таққослаш учун: 2017 йилда Эйр Астана 4,2 млн нафар йўловчи, жумладан, орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлган 600 минг транзит йўловчини ташиган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг йўловчилар оқими 2,7 млн нафарни, транзит йўловчилар улуши 9,7%ни ташкил этган. Эслатиб ўтаман, иқтисодиётда транзит йўловчиларни ташиш хизматлар экспорти ҳисобланади ва ЯИМ структурасида акс этади.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг монопол мавқеи ва рақобатбардош бўлмаган нарх сиёсати шунга олиб келдики, авиачипталар нархининг сунъий равишда оширилиши натижасида Ўзбекистон фуқаролари Россия ва Туркия каби асосий йўналишларга Ўш (Қирғизистон) ёки Чимкент (Қозоғистон) шаҳарлари орқали учишга мажбур бўлишмоқда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бу йилига миллион нафар йўловчи демакдир. Оқибатда Ўзбекистон ўз ватанидан учиб кетиши ва ўз мамлакати ЯИМни тўлдирадиган салоҳиятли йўловчилар оқимини йўқотмоқда.
Таққослаш учун, қўшни Қозоғистонда саккизта авиакомпания мавжуд, лекин улар Air Astana авиакомпаниясига ўз кўрсаткичларини оширишига халал бермаяпти.
Ўзбекистонни транспорт хабига айлантиришдан миллий авиаташувчининг ўзи ҳам манфаатдор бўлиши лозим. Шунда у бир мамлакатнинг ёпиқ бозори учун эмас, минтақадаги барча республикалар йўловчиларини ташиб ишлаши мумкин бўлади. Бутун минтақада ҳеч ким АҚШ ёки Сингапурга тўғридан-тўғри учолмайди. Бозорнинг ривожланиши ва умумий «улуш»нинг ошишидан ҳамма ютади. Аммо йўловчи ташиш бозорини ривожлантириш давлат корхонасини қўллаб-қувватлашнинг зарар келтирувчи стратегиясидан бутун авиация бозорини рағбатлантиришга ўтишни талаб қилади. Шунингдек, Ўзбекистонда маҳаллий авиаташувчи компаниялар фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш учун қулай шароитлар билан таъминлайдиган норматив таъминот керак бўлади. Авиаташув талабини қондириш учун Ўзбекистонда рейсларнинг йўналиши ва мунтазамлигига қўйилган чекловларни олиб ташлаш орқали хорижий авиаташувчиларга «очиқ осмон» режимини жорий этиш лозим бўлади.
Маҳаллий авиакомпаниялар нима учун керак?
Маҳаллий хусусий компания ва миллий авиаташувчи ишлаб топган доллар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ ва ЯИМ структурасида бир хилда акс этади. Миллий авиаташувчи мамлакат ичидаги йўналишларда зарарига учмоқда дейишингиз мумкин. Аммо кейинги 7-8 йил давомида ички йўловчи ташиш ҳажми мунтазам равишда камайиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистондаги ички рейсларда йўловчи ўринлари 800 минг атрофида. Бу ҳаттоки Афғонистонда таклиф этилаётган йўловчи ўринларидан ҳам кам (1 млн). Масалан, Қарши аэропортининг юкламаси 2%ни ташкил этади (яъни 98% ишламайди), аслида эса барча вилоят аэропортлари муҳим аҳамиятга эга, вилоят иқтисодий ривожланишига таъсир кўрсатадиган стратегик объектлар ҳисобланади.
Нима қилиш керак? Оддий аҳоли ҳар доим мамлакат ичида ҳаракатланади. Транспорт хизматларига бўлган талабнинг ўсиб боришини қондириш учун лоукостер бизнес моделидаги маҳаллий авиаташувчи компаниялар ташкил этиш ва фаолият олиб бориши учун норматив таъминот талаб қилинади. Бу маҳаллий аэропортларга жон бағишлайди, меҳнат мигрантларини ҳаётини хавф остига қўйиб Қозоғистон чўллари орқали автобусда эмас, арзон нархларда яқин хорижга боришларига имконият яратади.
Нима учун лоукостерлар пайдо бўлмаяпти?
Чунки бунинг учун ҳозирча шароит мавжуд эмас. Резидент-авиакомпаниялар учун юмшоқ ва эгилувчан тариф сиёсатини ўрнатиш лозим. Бундан ташқари, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш зарур. Масалан, Ҳаво кодексига мувофиқ, авиаташувчи бепул багаж тақдим этиши шарт (102-модда), қайтарилмайдиган чипта сотишга ҳаққи йўқ (104-модда) в.б.
Яқинда ОАВда эксплуатант сертификатини олишни хоҳловчи ўзбек компанияси ҳақида мақола чоп этилди. Қайд этиш жоиз, кейинги ўн йилда бутун дунёда авиация бизнеси 60%га ўсди. У инвесторлар учун жозибадор ҳисобланади. Компания очиш ва парвоз қилишни истайдиганлар мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам етарлича, фақат мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш учун уларни Транспорт вазирлигига таклиф этиш керак. Янги иштирокчиларнинг рўйхатга олинмаётганлиги тўсиқлар борлигини билдиради.
Аэропортларнинг мустақиллиги
Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга мувофиқ, аэропортлар «Ўзбекистан ҳаво йўллари» МАКдан ажратилди. Бу нимани англатади? Аэропортлар раҳбарияти ҳозиргидан фарқли ўлароқ, парвозлар харитасини тузиш, йиғим ва ставкаларни белгилаш, янги авиаташувчилар ва туристлар оқимини кўпайтириш, янги йўналишлар очиш учун имтиёзлар таклиф этиш билан ўзлари шуғулланишлари керак.
Аммо бунда бир жиҳат бор. Авиаёнилғи шунчалик қимматки, бизга парвоз қилиш даромадли эмас. Авиаёнилғи нархи рейслар таннархини ташкил этувчи асосий қисми ҳисобланади ва авиаёнилғи манбаларига нодискриминацион кириб бориш соҳасида алоҳида эътиборни талаб қилади.
Жаҳон амалиётида авиация керосини одатда аэропортлар томонидан биржа орқали хориждан сотиб олинади ва унинг нархи нефть нархига бевосита боғлиқ. Нефть нархининг тушиши авиаташувлар ўсишига олиб келди ва глобал иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатди. 2015 йилда жаҳон бозорида реактив ёнилғи нархи 2014 йилдагига нисбатан 43%га арзон бўлди ва бу авиаташувчиларнинг тарифларини тўғрилашларига, йўловчи ташиш ўсиш суръати тезлашиши ёки сақланиб қолишига олиб келди.
Ўзбекистонда эса бошқача механизм ишлайди. Авиаёнилғига нисбатан монополия мавжуд ва унинг нархи жаҳондаги ўртача нархлардан анча юқори. Маълумки, ёнилғига камроқ пул сарфланса, мамлакатимиз аэропортларида ёнилғи қуядиган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва бошқа ҳар қандай авиакомпаниянинг ҳам рентабеллиги ошади ва авиачипталар нархи пасаяди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, Ўзбекистонда авиаёнилғига ҚҚС жорий этилган. Умумэътироф этилган амалиётда эса халқаро авиаташувларда ноль ставкадаги ҚҚС қўлланилиши қонуний асосда белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, аэропортлар томонидан халқаро парвозларни амалга ошираётган хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ёнилғи қуйиш айланмасига ноль ставка жорий этилган.
Келинг, қўшниларга назар ташлаймиз.
Қозоғистон. 2010 ва 2012 йилларда солиқ қонунчилигига ўзгартиришлар киритилди. Солиқ кодексининг 244-1-моддасига кўра ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш бўйича аэропорт хизматлари кўрсатишда айланмага нисбатан ноль ставкадаги ҚҚС жорий этилган.
Қирғизистон. Солиқ кодексининг 263-моддасига кўра транзит рейсларини амалга ошираётган ҳамда халқаро ташув билан боғлиқ ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишда темирйўл транспортидаги халқаро ташувлар билан боғлиқ хизматлардан ташқари хизматларга ноль ставкадаги ҚҚС белгиланган.
Барча аэропортларда қуйидаги чораларни амалга ошириш зарур:
- ёнилғи қуйиш компаниялари хизматига ягона тариф ўрнатиш, резидент-авиакомпаниялар учун эгилувчан чегирмалар тизимини ишлаб чиқиш;
- резидент-авиакомпанияларни ўзи фойдаланиши учун олиб кирадиган авиаёнилғига нисбатан божхона тўловлари ва ҚҚСдан озод қилиш. Бу авиаёнилғи бозорида соғлом рақобатни вужудга келтиради, йўловчи ва юк ташиш тарифларини пасайтириш, авиаёнилғи билан таъминлайдиган маҳаллий компаниялар ривожланишига имконият беради.
Темирйўл ташувлари бозоридаги ҳолат қандай?
Шуни ёдда тутиш лозимки, ривожланган темирйўл соҳасисиз биз ҳеч қачон маҳсулотларимиз экспорти ўсишига эриша олмаймиз. Самарали логистика тизими халқаро бозорларга чиқиш қийматини пасайтиради, маҳаллий корхоналар рақобатбардошлигини оширади ва ташқи савдо ривожига хизмат қилади. Темирйўл инфраструктурасига инвестиция киритиш қишлоқлар ва узоқ ҳудудларни йирик ишлаб чиқариш марказлари билан боғлайди, янги корхона ва иш ўринлари яратиш имкониятини беради. Ҳозирча эса бизда юк ташиш жуда узоқ вақт ва қиммат дегани.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг яқинда чоп этилган ҳисоботида шундай ёзилган: «Айни пайтда Ўзбекистон темир йўллари тизимида меҳнат самарадорлиги бир ходимга 500-600 минг ташув бирлигига тўғри келади. Бу қўшни Туркманистондагига нисбатан 20%га ва бир ходимга 3,2 млн ташув бирлиги тўғри келадиган Қозоғистонга нисбатан бир неча бараварга пастдир. Меҳнат самарадорлиги бўйича Ўзбекистон Россия, Хитой ва Ҳиндистондан анча ортда. Мамлакатдаги ҳаракат таркиби эскириб бормоқда. ОТБнинг маълумотига кўра, вагон паркининг сезиларли қисми (қарийб 90%и) яқин ўн йил ичида алмаштиришни талаб этади».
Ҳисоботда шунингдек, темир йўллар қувватини кучайтириш ва самарадорликни ошириш мақсадида хусусий темирйўл операторлари учун бозорни очиш тавсия этилган.
Темирйўл транспорти соҳасида рақобатни ривожлантириш учун нима қилиш керак?
Хусусий темирйўл ташувлари бозорини ривожлантириш учун шароит яратиш лозим.
1. Ташувларни амалга ошириш ва темир йўл инфраструктурасини бошқариш функцияларини ажратиш. Хусусий ташувчилар ташиши мумкин, йўл учун давлат жавоб беради. Янгиликларда 176 млн долларга 24та локомотив сотиб олиниши хабар қилинди. Давлат локомотивларни ўзида қолдириши мумкин. Аммо йўловчи ва юк вагонлари ташувчилар ва етказиб берувчилар учун мутлақ шаффоф ҳуқуқий база ва соғлом рақобат яратиб бериши даркор.
2. Темирйўл ташувларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани ўзгартириш, хусусан:
- ҳаракат таркиби операторлари фаолияти ва уларнинг ташувчилар билан ҳамкорлигини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш;
- умумлашган ташувлар учун тарифларни ҳисоблаш усулини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- «O’ztemiryo’lyo’lovchi» АЖ томонидан темирйўл инфраструктурасига чекловларсиз киришни таъминлаш. Бу ҳаракат таркиби операторлари ва ташувчиларга инфраструктура хизматларига дискриминациясиз киришни англатади.
Дискриминациялашмаган кириш инфраструктура хизматлари учун тарифларни давлат томонидан тартибга солиш, инфраструктура хизматларини тақдим этиш шартномасидаги мавжуд шартларни аниқлаш, инфраструктура хизматлари тақдим этишни асоссиз рад этишни тақиқлаш йўли билан таъминланади.
Вагонларнинг сурункали етишмаслиги туфайли биз уларни валюта сарфлаб қўшни давлатлардан олиб киришга мажбур бўлмоқдамиз. Илғор халқаро тажриба асосида вагонлар биржасини ташкил этиб, ўз бозоримизни ривожлантиришимиз мумкин эди.
Ҳаракат таркиби операторлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бозор механизмларини ривожлантириш учун ягона ахборот-савдо вагонлар маркази («биржа») ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш керак. Ягона марказ маълумотлари асосида ҳаракат таркиби операторлари вагонлар алмашиш бўйича шартномалар тузиши мумкин бўлади. Бу юқори даражадаги транспорт харажатларини камайтиради ҳамда транспорт ва логистиканинг ЯИМдаги улушини, Doing business рейтингидаги кўрсаткичларни оширади,
Хулоса қилиб айтганда, Транспорт вазирлигининг ташкил этилиши муҳим стратегик қадам ҳисобланади. Президент фармонига мувофиқ, вазирлик олдига жуда муҳим вазифаларни амалга ошириш қўйилган. Хизмат ва маҳсулотларимиз экспорти ҳажмини оширадиган амалий қадамларни ҳам яқин вақт ичида кўрамиз деб умид қиламиз. Транспорт хизматлари бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш учун шароит яратибгина мавжуд самолёт, поездлар етишмовчилигини қоплаш ва соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мумкин. Ва бу ҳаммаси эмас.
Ўзбекистон бутун Марказий Осиё минтақасида ҳақиқий транспорт хабига айланиш учун барча имкониятларга эга. Бу йўлда Транспорт вазирлигига омад тилаймиз.
Азиза Умарова,
SmartGov consulting консалтинг компанияси директори
Мавзуга оид
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
15:09 / 19.08.2024
Малайзиянинг йирик порт компанияси Ўзбекистонда логистика маркази қуриши мумкин
22:32 / 13.07.2024
Ўзбекистон Қашғар–Андижон темирйўли қурилиши учун 255 млн доллар ажратади
17:00 / 30.06.2024