Жамият | 08:14 / 03.12.2025
7480
5 дақиқада ўқилади

“Ўрганишга вақт ва имконият беришди” — АҚШда логистика соҳасида ишлаётган ўзбек қизи

Гўзал Оллоберганова Урганчда туғилган. Ёшлигида бир муддат Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшаган. Кейинроқ Ўзбекистонга қайтиб, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида таълим олган. 2021 йилда эса талаба визаси билан АҚШга ўқишга келган. Kun.uz мухбири Америкага қилган сафари давомида Гўзал билан суҳбатлашиб, ундан “сеҳрли диёр”гача босиб ўтган йўли, ҳозирги фаолияти, икки мамлакат таълим тизимидаги фарқлар ҳақида сўради. 

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Гўзал Оллоберганова Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтини тамомлаганидан кейин — 2021 йилда талабалик визаси билан АҚШга келган. У 4 йилдан бери шу давлатда ўқиб, ишлаб ҳамда яшаб келмоқда. Гўзал Америкада бухгалтерия йўналишида таълим олади. У АҚШдаги таълим Ўзбекистондан осонроқ эканини айтади. 

“Ўзбекистонда чуқурроқ, кўпроқ маълумот беришади. Бу ерда эса сал енгилроқ. Озгина умумий маълумотни билиб қўйсангиз ҳам сиздан яхшиси йўқ. Ўзбекистонда қийинроқ, ҳақиқатан.

Бизда яхши маълумот беришади. Эсимда институтда менинг ўқитувчиларим жонини бериб ўқитишарди. Бизнесларнинг молиясини ҳисоблаб чиқардик. Қийин бўларди, лекин бажарардик.

Бу ерда эса шунчаки китоб беришади, “мана шу бўлимгача ўқиб қўйгин” дейишади. Америкада кўп институтларда McGraw Hill тизим ишлайди. У уйга вазифалар тизими ҳисобланади. Унга кирганингизда сиз жавобни белгилайсиз, уни текширсангиз бўлади. У сизга айтади: бу нотўғри, бошқасини текшир дейди, бошқасини босасиз. У тўғри дейди — бўлди, шуни киритиб кетаверасиз. 

Аниқроғи, ўқидингиз-ўқимадингиз, тизим ичида ўзингиз текширасиз. Бўлди, шу билан беш баҳога топшириб кетаверасиз. Тизим жуда кечиримли”, – дейди у.

Гўзал ҳозирда логистика компанияларига хизмат кўрсатадиган UGL Holding компаниясида маркетинг менежери бўлиб ишлайди. У логистика соҳасига кириб келган вақтда соҳадан бехабар бўлган.

“Америкага келган вақтларимда бир дўстимиз компанияда суҳбатдан ўтишга таклиф қилган. Дугонам билан бирга бизнес эгаси билан суҳбатлашганмиз. “Мен логистика ҳақида ҳеч нимани билмайман, мендан ҳеч нарса кутманглар”, деб очиқ айтганман. Улар эса вақт ва имконият беришларини айтган. Бир йил ўз устимда ишлаганман, онлайн курслар ўқиганман, айтганимдек, логистикада нима бўлаётганини, у ўзи нима, қаердан кириб келган – шуларни тушунганман. Ўзимга логистика ёқади. Боиси одамлар билан гаплашиб, коммуникацияга киришишни яхши кўраман. Логистикада ҳам ҳар доим ҳайдовчилар, бошқа департаментлар билан гаплашиб турасиз. Бир жойда ўтириб қиладиган иш эмас-да, ҳар доим ҳаракатда бўлишингиз керак”, дейди у.

Гўзалнинг айтишича, логистика даромадли соҳа. Бироқ унинг ҳам сир-асрорлари бор. Яхши даромад олиш учун соҳада қандай ишлашни билиш керак. Хусусан, инглиз тилини биладиган трак ҳайдовчилари қиш фаслида ҳафтасига 5000 доллардан даромад қила олиши мумкин. Энг камида эса бу сумма 2 минг долларни ташкил қилади. Унга кўра, трак ҳайдовчилари ва компаниялар учун энг яхши даромад даври — янги йил ҳисобланади.

“Чунки бу вақтда одамлар катта-катта онлайн дўконлардан совғалар буюртма қилади. Уларнинг ҳаммаси четдан портга келади. Ана шунда бу совғаларни ҳамма штатга тарқатиш керак бўлади. Энг яхши вақт шу.

Шунақа ҳайдовчимиз бор, бир ойнинг ичида қарийб 25-27 минг доллар топади. Қанча тилни билиб, ақлли бўлиб, ишингизни қилсангиз, доим керак бўласиз”, — дейди Гўзал.

Унинг таъкидлашича, АҚШда катта юк машиналари ҳайдовчиларнинг қанча даромад кўриши уларнинг ҳайдовчилик тарихига ҳам боғлиқ.

“Аниқроғи, полиция сизни тўхтатганми, жарима берганми, йўқми? Агар тарихингиз тоза бўлса, полиция сизга жарима солмаган бўлса, тезлик чегарасида ҳайдаган бўлсангиз, тўхташ белгиларига амал қилган бўлсангиз, нархингиз ошиб кетаверади.

Масалан, яқинда Калифорнияда ЙТҲ бўлди. Уч нафар одам ҳаётдан кўз юмди, яна уч нафари трак ҳайдовчисининг айби билан жароҳатланди. Бу бутун логистикага таъсир қилади. Брокерлар ҳам қўрқади. Автоҳалокат бўлганида хавфсизлик кўрсаткичи тушиб кетади. Кейин шу сабаб сизга ишонишмайди.

Шунинг учун сизга яхши юкларни беришмайди. “Ҳа, сенинг ҳайдовчинг автоҳалокат қилибди-ю, сенинг ҳайдовчинг тезликдан жарима олибди-ку, дейишади. Сен бизнинг юкимизни вақтида, аварияга тушмасдан, ҳеч нима қилмасдан олиб боришингга ишонмаймиз дейди. Бу савдога ҳам салбий таъсир қилади”, — дея айтади у.

Интервьюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Боймирза Ҳалилов.

Мавзуга оид