15:30 / 22.03.2023
23421

«Кўп қатори бераверинг» – Қашқадарёда туғуруқ бўлими ходими беморнинг яқини билан очиқчасига савдолашди

Интернетда Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори беморлардан очиқчасига пул талаб қилгани акс этган видео тарқалди. Kun.uzʼга ушбу муассасадаги бошқа ҳолатлар бўйича ҳам видеолар келиб тушди.

Тарқалган видеода бирлашманинг туғуруқ бўлими шифокорлари ўз хонасида беморнинг яқинлари билан очиқчасига савдолашганига гувоҳ бўлиш мумкин.

«150 минг сўм беряпсиз, буни тўққиз кишига беришим керак, 15 минг сўмдан ҳам тушмайди. Докторларга 10 минг сўм берасизми? Халқ қатори бераверинг, кимдир 450 минг, кимдир 500 минг беряпти. 100 мингдан дўхтирларга беряпман, қолган қизларга 20 мингдан бераман», – деган туғуруқхона ходими.

У бемор яқинларининг «қурбимиз етмаса-чи» деган эътирозига ҳам эътибор қилмай, ёнидаги бошқа аёлга «сиз опаси бўлсангиз, юз минг беринг», деб талаб қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат назоратга олингани ва туғуруқ бўлими акушер-гинекологи Х.Г. ва доя Н.Н. ишдан бўшатилиб, тўпланган дастлабки ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилгани ҳақида хабар берди.

Kun.uzʼга тақдим қилинган қўшимча видеотасвирларда Китоб туман тиббиёт бирлашмасининг қон-пешоб таҳлил бўлими шифокорлари беморлардан перчатка ва шприц олиб келиш ёки бунинг учун тўлов қилишаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шифокор муассасада рўйхатда турганларга ҳам перчатка ва шприц етмаслигини қўшимча қилган.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати текин берилиши керак бўлган маҳсулотлар учун пул талаб қилаётган лаборатория ходимлари ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз муносабатида вазир Амрилло Иноятовнинг шахсий телефон рақами (+998 91 403 17 73) орқали соҳадаги коррупциявий ҳолатлар юзасидан аниқ факт ва далилларга асосланган мурожаатлар қабул қилинаётганини ҳам эълон қилган.

Шунингдек, вазирлик қошида кун-у тун «1003» қисқа рақамли «Сall-марказ», Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар бошқармалари қошида «1103» қисқа рақамли «Сall-марказ»лар ишлаётгани айтилган.

Top