Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Агар Нетаняҳу Канадага келса ҳибсга олинади» — Марк Карни
«Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу мамлакат ҳудудига кирса, Халқаро жиноий суд чиқарган қамоққа олиш ордери бажарилади», деди Канада бош вазири Марк Карни. ХЖС ўтган ҳафта исроиллик амалдорлар ишига доир расмий Тел-Авив шикоятини рад этган ва ордерларни ўз кучида қолдирганди.
Фото: Bloomberg
Канада ҳукумати агар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат ҳудудига кирса, Халқаро жиноий суд (ICC) чиқарган қамоққа олиш ордерини бажаради, чунки Оттава «халқаро қонунларга мувофиқ ҳаракат қилади». Бу ҳақда Bloomberg билан суҳбатда Канада бош вазири Марк Карни айтиб ўтди.
«Канада халқаро ҳуқуқ ва халқаро юридик сиёсатига мувофиқ иш тутади. Агар у (Нетаняҳу) Канадага кирса, Халқаро жиноий суд буйруғига биноан ҳибсга олинади».
Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд ўтган ҳафтада Исроилнинг бош вазир Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан чиқарилган ҳибс ордерларини тўхтатиш ҳақидаги шикоятини рад этди. Суд «асосли далиллар» мавжудлигини билдирган. Яъни улар Ғазо уруши пайтида уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар бўлиши мумкин. Исроил бу қарорни кескин қоралаб, уни «сиёсий қарор» деб атаган.
2024 йил ноябрь ойида Халқаро жиноий суд Ғазодаги геноцид давомида уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганлик айбловлари билан Бенямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан қамоққа олиш ордерларини чиқарган эди.
Бундан ташқари, 2023 йил декабрь ойида Жанубий Африка Республикаси Исроилга қарши Халқаро судда тарихий даъво қўзғатган — унда Исроил Ғазодаги уруш пайтида 1948 йилги «Геноцид конвенцияси»ни бузганликда айбланган. Ушбу жараён кейинчалик АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан эълон қилинган сулҳ ортидан тўхтатилган.
2024 йил январдан май ойигача ХЖС уч марта вақтинчалик чоралар тўғрисида қарор чиқарди: Геноцид ва ҳарбий амалиётларни дарҳол тўхтатиш, Ғазога ҳуманитар ёрдам киришига рухсат бериш.
Канада 2025 йил 21 сентябрда, БМТ Бош ассамблеяси олдидан, Фаластин давлатини расман тан олди. Бу қарор Буюк Британия, Австралия ва Португалия билан мувофиқлаштирилган ҳолда эълон қилинди.