Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу тез орада Мисрга бориши кутилмоқда. Шунчаки эмас, 35 миллиард долларлик шартнома имзолаш учун. Ғазодаги уруш кечагина тугаб Нетаняҳу араб давлати билан йирик келишув учун бораётгани жиддий воқеа.
15 йил деганда илк марта
Исроил Миср билан қўшни бўлса-да, икки йилдан бери ҳеч қандай дипломатик алоқа қилмаётганди. Ғазода уруш бошлангач, Миср фақат асирларни озод қилиш масаласида Исроил билан мулоқот қилди. Бу икки давлат муносабатларини сирли деб аташ мумкин. Миср Исроилнинг Фаластинга нисбатан ҳаракатлари сабаб у билан совуқ муносабатда эканини кўрсатишга интилади, лекин барибир икки давлатнинг умумий тўқнашадиган манфаатлари кўп.
Нетаняҳу Мисрга 15 йил ичида илк марта бормоқда. У Мисрга Исроил лидери сифатида икки марта борган, у вақтлар Миср президенти Ҳусни Муборак эди. Нетаняҳу ҳозирги Миср президенти Абдулфаттоҳ ас Сиси билан нейтрал майдонларда кўришган, лекин унинг даврида Мисрга боргани йўқ.
ОАВ эса Нетаняҳунинг 15 йил Мисрга бормагани фақат қоғозда, махфий учрашувлар бўлган деб ёзади. Бу учрашув тайёрланишига америкалик юқори мартабали мулозимлар ҳам ёрдам бераётган экан. Нетаняҳу декабр охирида дўсти Трамп билан унинг Флоридадаги уйида кўришади. Балки ўша учрашувда ҳам бу масала муҳокама қилинар.
35 миллиард долларлик келишув
Нетаняҳу қўшни Мисрга катта дипломатик ва иқтисодий миссия билан боришни режалаштирмоқда. Ташриф давомида Исроил Мисрга газ етказиб бериши бўйича келишув имзоланиши мумкин. Бу узоқ йиллик шартнома экани, унинг қиймати 35 миллиард доллар бўлиши айтилмоқда. Нетаняҳу ташрифдан сиёсий пиар ва одамларни чалғитувчи манёвр сифатида фойдаланмоқчи экан. Ҳозир Исроилда Нетаняҳудан норозилик кайфияти юқори, бош вазир уни кечиришларини сўраб юрибди. Бундай вақтда «Мана, қўшнилар билан савдо қилишни бошладик», дейиши оммани урушдан чалғитувчи восита бўлиши мумкин унинг наздида.
Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиэл Лейтер Қоҳира саммитини ташкил этишга бош-қош бўлаётган экан. Ўтган ойда Исроил стратегик ишлар вазири Рон Дермер истеъфога чиққанидан кейин айнан элчи Лейтер бу ишларга масъул этилибди.
Лекин Исроил ичида бу мегакелишувга қаршилар кўп. Масалан, Исроил энергетика вазири Эли Коэн бундай катта келишув Исроилнинг ўзи учун энергетик инқироз келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирда. Вазир келишувга рози бўлмаслигини айтган.









