09:38 / 31.10.2023
22424

Time: Киевда фронтдаги муаммолар туфайли истеъфолар тайёрланмоқда

Time президент ва унинг жамоаси аъзолари билан суҳбатлар асосида Зеленский атрофидаги кайфиятни батафсил баён қилди.

Фото: Украина президенти офиси

Қишда фронтдаги оғир вазият туфайли Украина раҳбариятида жиддий ўзгаришлар юз бериши мумкин, деб ёзади ҳафталик Time журнали 30 октябр, душанба куни президент Володимир Зеленскийга яқин манбаларга таяниб.

Нашр суҳбатдошларига кўра, вазирлардан бири ва юқори мартабали генераллардан бири ўз лавозимларидан четлаштирилади ва қарши ҳужум пайтида «фронтдаги секин силжиш» учун жавобгар бўлади.

Time нашрининг кенг кўламли материаллари Зеленскийнинг ўзи, унинг жамоаси аъзолари, шунингдек, Украина президентига яқин аноним манбалар билан суҳбатларга асосланган. Мақоланинг муҳим қисми Украинадаги урушдан баъзи иттифоқчиларнинг «чарчагани»га бағишланган.

«Энг ёмони шундаки, дунёнинг бир қисми Украинадаги урушга ўрганиб қолган, - деб тан олди президентнинг ўзи Time нашрига. - Уруш чарчоқлари тўлқин каби келади. Сиз буни АҚШда, Европада кўряпсиз. Биз буни шундай кўряпмиз. Улар бироз чарчаган заҳоти, улар учун ҳамма нарса тугайди. Бу шоуга ўхшайди: «Мен буни ўнинчи марта кўра олмайман».

Зеленский музокаралар эҳтимолини рад этяпти

Time маълумотларига кўра, Зеленский Россия билан тинчлик музокараларини ўтказиш имкониятини рад қилишда давом этмоқда ва ҳар қандай муроса фақат «бу ярани келажак авлодлар учун очиқ қолдиришини» айтмоқда. «Балки бу мамлакат ичида ёки ундан ташқарида кимнидир тинчлантириши мумкин. Масалан, ҳамма нарсани ҳар қандай нарх эвазига қисқартиришни хоҳлайдиганларни. Лекин мен учун бу муаммо, чунки биз бу портловчи куч билан қоламиз. Биз фақат портлашни кечиктирамиз», - деди Зеленский Time нашрига берган интервюсида.

Time'нинг президент жамоасидан суҳбатдоши, у Украинанинг тўлиқ ғалабасига қатъий ишонишини ва шу билан «ўзини алдаётганини» таъкидлади. «Бизда ҳеч қандай вариант йўқ. Биз ғалаба қозонмаяпмиз. Лекин буни унга айтишга ҳаракат қилишнинг фойдаси йўқ», - дея унинг сўзларини келтиради нашр.

Зеленскийнинг таъкидлашича, агар Россия Украинада тўхтатилмаса, уруш мамлакат чегараларидан ташқарига ҳам тарқалади. «Учинчи жаҳон уруши Украинада бошланиб, Исроилда давом этиши, у ердан Осиёга кўчиб ўтиши ва кейин бошқа жойда портлаши мумкин», деди Зеленский Time нашрига.

Коррупция - Украинадаги асосий муаммолардан бири

Украина инфратузилмасини қишки совуққа тайёрлаш учун масъул бўлган уч юқори мартабали амалдор Time нашрига келгуси қишда электр таъминотидаги узилишлар янада жиддийроқ бўлиши мумкинлигини айтди. «Ўтган йили одамлар россияликларни айблади. Бу сафар улар бизни етарлича тайёргарлик кўрмаганимиз учун айблайди», - дейди нашр суҳбатдошларидан бири.

Time коррупцияни Украинадаги урушга таъсир қиладиган яна бир жиддий муаммо деб атади. Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифи арафасида Оқ уй Киев амалга ошириши керак бўлган коррупцияга қарши ислоҳотлар рўйхатини тайёрлади. «Бу таклифлар эмас эди. Бу шартлар эди», деди Зеленскийнинг маслаҳатчиси.

Вашингтон хавотирларини йўқотиш учун Украина президенти бир қанча радикал чоралар кўрди, жумладан, мудофаа вазири Олексий Резниковни ўз идорасидаги коррупция туфайли ишдан бўшатди. Мамлакат раҳбариятининг босимига қарамай, коррупция билан курашда муваффақиятга эришилмаяпти, деб ёзади Time. Зеленскийнинг юқори мартабали маслаҳатчиси нашр билан суҳбатда «одамлар худди эртанги кун келмайдигандек ўғирлаяпти», деган.

Top