Жаҳон | 18:04
1494
3 дақиқада ўқилади

Украина Болтиқбўйидаги нефт объектларига зарба берди

Приморск портига ҳужум оқибатида ёнғин чиққан.

Фото: NASA

Украина қуролли кучлари Россия ҳудудидаги нефт инфратузилмаларига ҳужум уюштиришда давом этмоқда. Туапсе ва Перм бўйлаб кетма-кет зарбалар берилиш ортидан Украина дронлари яна Приморскка учиб келди – бу Россиянинг Болтиқбўйи денгизидаги энг йирик нефт қуйиш портларидан бири саналади.

3 майга ўтар кечаси Ленинград области дронларнинг ёпирилма ҳужуми остида қолди, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг 60 дан ортиқ дронини уриб туширди, деб хабар берган регион раҳбари Александр Дрозденко.

«Ҳужумнинг асосий нишони Приморск денгиз савдо порти бўлди. Ҳужумларни қайтариш вақтида Приморскда ёнғин чиқди, ҳозирда ёнғин оқибатлари бартараф этилган. Нефт маҳсулотларининг тўкилиши қайд этилмаган», – дея ёзган губернатор ўз телеграм-каналида.

Ленинград области узра учаётган дрон
Exilenova+

Ёнғинларни қайд этувчи FIRMS мониторинг хизматига кўра, Приморск портида ёнғин давом этмоқда.

«Astra» нашри портда нефт қуювчи причал ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекси (катта эҳтимол билан, «Панцир») зарбага учраганини ёзган.

Гувоҳлар «Ротонда» ва «Фонтанка» нашрларига Приморскка тунги ҳужум оқибатлари Петербургда ҳам сезилганини айтишган. Маҳаллий аҳоли вакиллари кучли портлаш овозларини эшитишган (катта эҳтимол билан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаши оқибатида чиққан овозлар), шунингдек, мобил интернет ўчирилганидан шикоят қилишган. Ҳужум туфайли тунда Пулково аэропорти фаолияти тўхтатилган, бу эса ўнлаб рейслар бекор қилиниши ёки кечиктирилишига олиб келган.

РФ мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг 15 та региони ҳамда аннексия қилинган Қрим осмонида Украинанинг 334 та дронини уриб туширган. Москва областида дронлар ҳужуми оқибатида 77 ёшли киши ҳалок бўлган. Смоленск областида дрон парчалари қулаши оқибатида уч киши жароҳат олган. 

Украина март ойи охиридан Россиянинг Болтиқбўйи денгизидаги асосий портлари – Уст-Луга ва Приморскка ҳужум қилишга киришганди. Бу портлар Россия ғарбидаги нефт экспорти учун муҳим денгиз тугунлари ҳисобланади. Приморск кунига бир миллион баррелдан ортиқ юк ортиш қувватига эга ва Россиянинг Urals нефтини сотишнинг муҳим нуқтаси ҳисобланади. 2025 йилда Приморск орқали қарийб 64 миллион тонна юк ўтказилган. Ҳужумлар фонида Уст-Луга ва Приморск ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Губернатор Александр Дрозденко Ленинград области фронтга яқин ҳудудга айланганини маълум қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид