Ўзбекистон | 13:11 / 10.08.2018
38641
5 дақиқада ўқилади

Нодавлат таълим муассасаси: ижобий ва салбий жиҳатлар

Фото: Fotolia

Жамиятда таълим мавзуси ҳар доим долзарб бўлиб келган, айниқса, таълим соҳасида уни янада сифатли ва инновацион бўлишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётган ҳозирги пайтда. «Мактаб» ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объект, бу ерда болаларни ўқитиш ва тарбиялаш жараёни амалга оширилмоқда. Шу сабабли, халқ таълими мавзуси ота-оналарда доимо қизиқиш уйғотади. Сўнгги вақтларда ота-оналар ўз фарзандларини хусусий мактабга беришга интилаётгани кўп эшитилмоқда, улар бунга сифатлироқ таълим ва қулай шароитлар билан изоҳ беришмоқда. Бироқ, бошқа томондан, молиявий жиҳат ҳақидаги масала ҳам шаклланмоқда. Ахир хусусий секторда таълим олиш учун пул тўлаш керак.

Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, нодавлат таълим муассасаларида (НТМ) таълимнинг барча ижобий ва салбий томонларини таҳлил қиламиз.

Таълим сифати. Таъкидлаш жоизки, НТМ худди давлат мактаблари каби давлат таълим стандартлари (давлат талаблари), ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ давлат таълим нормалари шаклида фаолият юритади. Шу билан бирга, самарадорликни ошириш учун халқаро энг яхши амалиётлардан фойдаланиш мумкин. Бундай мактабни қандай топиш мумкин? Агар муассаса номида «International» сўзи ишлатилса, унда сиз бу ерда чет эллик мутахассислар ишлаши ёки халқаро таълим тажрибаси қўлланилишига амин бўлишингиз мумкин. Ушбу шакл, албатта, таълим олувчилар учун плюс бўлади. Аммо, бу НТМда таълим давлат мактабларига қараганда яхшироқ бўлишини кафолатламайди. Шуни тушуниш керакки, таълимда муассаса шакли эмас, балки педагог катта роль ўйнайди.

Қулайлик. Бу ерда ота-оналар учун ҳам, талабалар учун ҳам иккита қулайлик даражасини ажратиш мумкин. Деярли 24 соат давомида ишлайдиган ота-оналар учун НТМ «нажот» бўлади. Муассасаларнинг ишлаш тартиби ўртача 08.00дан 18.00гача. Бола кун бўйи педагоглар назоратида бўлади, билим олади, тўгаракларга қатнайди, уй вазифаларини бажаради, кунига ўртача уч маҳал овқатланади. Бошқа томондан, бундай режим болага катта психологик юк бўлиб тушади. У ҳамма нарсани қилишга ва режим доирасида улгуришга мажбур. Ўқувчи «шахсий вақт» ва «шахсий макон»да жуда чекланган бўлади.

Мактаб жиҳозлари. Бу масалада НТМнинг устунлиги бор. Хусусий секторда моддий базанинг имкониятлари анча кенгроқ, шунинг учун яхши жиҳозланган хоналар, замонавий технологиялар ва техникадан фойдаланиш илғор, сифатли таълим билан бирга кечади. Бироқ бу омил барча хусусий мактабларда мавжуд эмас. Жиҳозланиш кўламини қандай аниқлаш мумкин? Жуда оддий. НТМдаги ойлик тўлов миқдорига эътибор беринг. Пул қанчалик юқори бўлса, мактаб шунча кўпроқ жиҳозланган бўлади. Бизнес бу барибир бизнес.

Боланинг таълим олиши ва ўзлаштириши. Бу мактаб шаклига унча боғлиқ бўлмаган омил. Бироқ, баъзи ота-оналарнинг фикрича, хусусий мактабда баҳолар фақат ижобий бўлиши керак. Шуни тушуниш керакки, таълимдаги муваффақият мактаб номи ва ота-онанинг пулига эмас, балки ўқувчи ҳамда педагогнинг ўзига боғлиқ. Агар бола давлат мактабидан НТМга ўтказилса, бу унинг натижалари яхшиланишига кафолат бермайди. Ушбу ҳолатда шу нарса плюс бўладики, хусусий мактаб синфларида ўртача 15-20 нафар бола таълим олади. Бу ўқитувчига синфдаги ҳар бир болага эътибор бериш имконини яратади. Унинг хусусиятлари ва қобилиятларини пайқашда ҳам.

Хавфсизлик. Бу НТМдаги энг ижобий жиҳат. Хусусий мактаб - қўриқлаш остида бўлган ёпиқ ҳудуд. Аксарият НТМ видеокузатув тизимларидан фойдаланади. Хусусий мактаблар сон жиҳатидан давлатники билан таққослаганда унча катта бўлмагани сабабли, бу қўриқлаш хизматига ҳар бир бола ва унинг ота-онасини шахсан таниш имконини беради. Ҳудудга бегоналар кира олмайди.

Молия. Шуни таъкидлаш керакки, НТМда ўқитиш барибир чўнтакка анча қимматга тушади. Хусусий секторда ўқитишнинг қиймати жиҳозлар ва муассасанинг машҳурлигига қараб белгиланади. Инновацион ва яхши жиҳозланган мактабда таълим нархи ўртача ойига 2 миллиондан 3 миллион сўмгача бўлади. Мамлакатдаги ўртача иш ҳақи ҳисобга олинса, бундай мактаблар кўпчилик учун анча қимматлик туғдиради.

НТМда бепул таълим олиш имконияти борми? Бор! Ижтимоий қўллаб-қувватловга муҳтож оилаларнинг истеъдодли ва иқтидорли болалари учун НТМда бепул таълим олиш имконияти мавжуд. Бундай болалар танлов асосида ва жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган чегарада олинади.

Албатта, муассасани танлаш ота-оналар ихтиёрида, лекин ўқувчининг хоҳиш-истаклари ҳақида унутиш керак эмас. Мактабда сиз эмас, балки фарзандингиз ўқийди! Мактаб биноси, жиҳозлар ва машҳур номга эътибор бериб, инсон омили ҳақида ҳам унутманг.

Наташа Кучерявая

Мавзуга оид