Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Халқаро аккредитация ташкилотлари учун янги талаблар жорий этилиши мумкин
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотларини реестрга киритиш, улар фаолиятини мониторинг қилиш ҳамда реестрдан чиқариш тартибларини белгилайдиган низом лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан Ўзбекистонда тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотлари реестрини юритиш ва улар фаолиятини тартибга солишга доир низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, аккредитация ташкилотини реестрга киритиш комиссия қарори асосида амалга оширилади. Реестрга киритишнинг асосий шартлари сифатида аккредитация фаолияти учун тегишли ваколат ҳужжатининг мавжудлиги, аккредитация талаб ва мезонларининг давлат аккредитацияси талабларига зид бўлмаслиги, таълим сифати тармоқларининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлиш, шунингдек, нуфузли халқаро рейтингларнинг топ-300 талигидаги камида 5 та ОТМ дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказган бўлиш каби мезонлар белгиланган. Халқаро ва хорижий ташкилотлар учун экспертларнинг камида 30 фоизи хорижий бўлиши талаби ҳам назарда тутилган.
Низом лойиҳасида ташкилотни реестрга киритиш ариза асосида ёки агентлик ташаббуси билан амалга оширилиши кўрсатилган. Аризага таъсис ҳужжатлари, ваколатли органлар томонидан тан олинганликни тасдиқловчи ҳужжатлар, аккредитация стандартлари ва методологияси, шунингдек, сўнгги уч йилда ўтказилган аккредитация тадбирлари ҳақида маълумотлар илова қилиниши белгиланган. Ариза ва ҳужжатлар ваколатли бўлинма томонидан 10 иш кунида кўриб чиқилиши қайд этилган.
Комиссия таркиби агентлик директори буйруғи билан тасдиқланиши, қарорлар баённома кўринишида расмийлаштирилиши, қарор қабул қилиш учун аъзоларнинг камида 50 фоизи иштирок этиши назарда тутилмоқда. Комиссия қарорини қабул қилиш муддати 30 иш кунигача белгиланган.
Лойиҳага мувофиқ, реестрга киритилган аккредитация ташкилотига 5 йил амал қиладиган гувоҳнома берилади ва у комиссия қарори қабул қилинганидан сўнг 5 иш куни ичида шакллантирилиб, агентлик веб-сайти орқали эълон қилинади.
Шунингдек, агентлик реестрга киритилган ташкилотлар фаолиятини ҳар уч йилда бир маротаба мониторингдан ўтказиши, зарур ҳолларда жойига чиқиб ўрганиш ишлари ҳам амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилган. Қонунчилик ва низом талабларига зид ҳаракатлар, коррупциявий ҳолатлар, мажбурий кўрсатмаларни бажармаслик каби ҳолатлар реестрдан чиқариш учун асос сифатида белгиланган.
Низом лойиҳасида реестрга киритилган ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам кўрсатилиб, аккредитация жараёнларининг қонуний ва холис олиб борилиши, стандартлар очиқ эълон қилиниши, махфий ахборот сақланиши, ҳисобот ва қарор нусхасини икки ҳафтада агентликка тақдим этиш каби талаблар белгиланган.
Мавзуга оид
21:53 / 11.01.2026
Хорижда ўқиб муваффақиятга эришган талабаларга “Йилнинг халқаро талабаси” мукофоти топширилди
11:03 / 02.01.2026
Таълим соҳасида бозор хизматлари ўсмоқда: ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар
08:45 / 25.12.2025
ОТМ давлат аккредитацияси: баҳолаш тартиби ва мажбурий индикаторлар белгиланди
09:11 / 19.12.2025