Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий мақсади нима?
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Партия томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, хусусан, трансплантологияга, ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш, қолаверса, хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, чет эл врачларини Ўзбекистоннинг тиббий муассасаларида жарроҳлик операциялари ўтказиш амалиётини кенгайтиришга, уларни доимий асосда ишга таклиф қилиш орқали миллий мутахассисларимизнинг малакасини оширишга оид қатор таклифлар илгари суриб келинмоқда.
Бунинг амалий натижаси ўлароқ 2017 йилнинг 23 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатга асосан ўтган даврда хорижлик малакали мутахассислар билан ҳамкорликда мамлакатимизда илк маротаба буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш операциялари муваффақиятли амалга оширилди. Эндиликда ушбу амалиёт Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси, академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази кенг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда ўртача 100-150 та операция ўтказиш имконияти пайдо бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси М.Дадаходжаева ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош трансплантологи У.Юлдашев томонидан алоҳида қайд этилганидек, мамлакатимизда илк маротаба трансплантация амалиётининг ўтказилгани тиббиёт соҳасидаги бу каби муаммоларнинг ечим топиши, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт ходимлари салоҳиятидан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади. Трансплантология тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда, эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири саналади. Сир эмас, илгари зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 40 мингдан 150-200 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шундай жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Мана, энди шундай мураккаб ва ноёб операциялар юртимиз тиббиёт марказларида ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда.
Шунга қарамай, мазкур соҳани тартибга солувчи яхлит қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурияти мавжуд. Яъни, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Вақтинчалик низомнинг амал қилиш вақти — “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг кучга кириш кунигача, деб белгиланган. Мазкур ҳужжатга асосан ҳозирда фақат жигар ва буйрак трансплантация қилинаётган бўлса, янги қонун қабул қилинса, ҳамюртларимиз, зарурат туғилган пайтда, чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида буйрак, жигар, юрак, ўпка, умуман инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш амалиётига муваффақ бўладилар.
Шу боис партия томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, партия таклифига асосан трансплантация амалиётини мамлакатимиз тиббиёт соҳасига кенг жорий этиш масаласи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди. Шундан келиб чиқиб, партия томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига асосан “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ўтган даврда вазирлик ва партия экспертлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида ҳамда www.adolat.uz веб-сайтида умумий муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат айни вақтда ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади — замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда ЖССТ тавсиялари инобатга олинган.
Давра суҳбатида ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бандма-банд муҳокама этилиб, уни маромига етказиш бўйича иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.
Мавзуга оид
07:47 / 04.05.2026
Янги хусусий клиникаларга трансплантация қилишга рухсат берилади
15:26 / 18.02.2026
Давлат байроғини намойиш этишда ягона талаблар жорий этилади
16:19 / 16.02.2026
Истеъмолчилар шартномаларида ноқулай шартлар чекланади
12:27 / 16.02.2026