Ҳисоб палатаси автомобил сотиб олишдаги расмийлаштириш харажатларини янада камайтириш бўйича таклиф берди
Давлат бюджети лойиҳасида автомобил сотиб олишдаги расмийлаштириш харажатларини автомобил нархининг 1 фоизи миқдорида белгилаш назарда тутилган. Ҳисоб палатаси тўловларни янада камайтириш бўйича таклиф берди
Ҳисоб палатаси 2022 йилги давлат бюджети лойиҳаси бўйича эълон қилган хулосасида жисмоний шахслар учун кўчар мулк (автомобил)ни расмийлаштиришда ундириладиган давлат божлари ва йиғимлар миқдорини мулкнинг қийматига мос равишда белгилашни тавсия қилди.
Хулосада қайд этилишича, 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим қиймати янги ҳамда фойдаланишда бўлган автотранспорт воситалари бўйича харид қилиш нархининг 1 фоизи миқдорида белгиланиши назарда тутилган.
Палата ҳисоб-китобларига кўра, жисмоний шахсга тегишли бўлган умумий майдони 100 кв.м.гача (умумий майдони 70 кв.м. бўлган уй-жой мисолида) қиймати ўрта ҳисобда 350-400 млн сўм бўлган кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ харажатлар 607 минг сўмни, қиймати ўрта ҳисобда 90-100 млн сўм бўлган (Chevrolet Nexia-3 мисолида) кўчар мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ харажатлар эса 4 млн 738 минг сўмни ташкил этади ва уй-жойга нисбатан автомобил расмийлаштиришда 8 баробар кўп тўлов ундирилади.
Ҳисоб палатаси автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун ишлаб чиқарилган санаси ва от кучига қараб тўлов ундирилишини бундай катта тафовутга сабаб сифатида кўрсатган.
“Юқорида қайд этилганларга асосан, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида, жисмоний шахслар учун кўчмас ва кўчар мулкни расмийлаштиришда ундириладиган давлат божлари ва йиғимлар миқдорини (мулкларни қийматига мутаносиб равишда) қайта кўриб чиқиш (унификация қилиш) лозим”, – дейилади хулосада.
Аввалроқ, Kun.uz сайтида одамларни кўпдан бери қийнаётган масала — эски автомашиналарни расмийлаштиришдаги божлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги, иккиламчи бозордаги автомобилни харидор номига расмийлаштириш ҳаддан зиёд қимматлиги, шунингдек, яширин харид сифатида нотариал тасдиқланадиган ва нисбатан арзонроқ бош ишончнома келтириб чиқараётган хатарлар ҳақида мақолалар эълон қилинган эди.
Мазкур мақолаларга асосан депутат Дониёр Ғаниев иккиламчи бозордан харид қилинган автотранспортни расмийлаштиришдаги тўловлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги бўйича молия вазирига сўров юборганини ва 2022 йилги давлат бюджети муҳокамасида бу масалани кўтариб чиқишини маълум қилганди.
Кейинроқ, депутат ўз сўровига жавоб олганини, унда сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқаролардан ундириладиган йиғимни бекор қилиш, шунингдек нотариал идорада ундириладиган давлат божини пасайтириш назарда тутилаётгани маълум қилинганини билдирганди.
Мавзуга оид
17:50 / 30.09.2024
Ҳисоб палатаси раисига икки нафар ўринбосар тайинланди
14:21 / 10.07.2024
Бюджетдан ташқари жамғармалар ва ташқи қарзлар сарфи ташқи аудитдан ўтказилади
15:08 / 20.04.2024
8,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар бюджетга ундирилди — Ҳисоб палатаси
11:21 / 29.01.2024