Иқтисодиёт | 17:50 / 30.09.2024
4416
3 дақиқада ўқилади

Ҳисоб палатаси раисига икки нафар ўринбосар тайинланди

Сардор Мирзаев ва Отабек Аллаберганов Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосарлари этиб тайинланди.

Сардор Мирзаев ва Отабек Аллаберганов

Президентнинг 24 сентябрдаги тегишли фармони билан Сардор Мирзаев ва Отабек Аллаберганов Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосарлари этиб тайинланди. Бу ҳақда ташкилот ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Отабек Аллаберганов – 1977 йилда Хоразм вилоятида туғилган. 1999 йилда Урганч давлат университетини тамомлаган. Иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

Отабек Аллаберганов 2000-2010 йилларда Урганч шаҳар Давлат солиқ инспекциясида, 2010-2018 йилларда эса Давлат солиқ қўмитасида турли лавозимларда ишлаган. 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ва Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси катта прокурори, 2019 йилдан Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори бўлиб ишлаган.

2019-2020 йилларда Президент aдминистрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти етакчи инспектори сифатида иш олиб борган.

2020 йилдан тайинловга қадар Кадастр агентлиги директорининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Сардор Мирзаев – 1985 йилда Фарғона вилояти туғилган. 2005 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. 2007-2009 йилларда Фарғона тумани ҳокимлиги молия бўлими бюджет ижроси ҳисоби ва ҳисоботи сектори бошлиғи – бош ҳисобчи бўлиб ишлаган.

2009-2013 йилларда Фарғона вилоятидаги Назорат-тафтиш бошқармаси бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилиш бўлими 1-тоифали назоратчи-тафтишчиси, бош назоратчи-тафтишчиси, бўлим бошлиғи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

2013-2014 йилларда Молия вазирлиги Назорат-тафтиш бош бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси, 2014-2016 йилларда Фарғона вилоятидаги Назорат-тафтиш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари – бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи бўлган.

2016-2021 йилларда Ҳисоб палатаси маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва ижро этиш гуруҳи инспектори, етакчи инспектори, қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва харажатларни таҳлил қилиш ахборот-таҳлил шуъбаси бош инспектори лавозимида фаолият юритган.

2021-2022 йилларда эса Ҳисоб палатаси Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, адлия, прокуратура, судлар ва бошқа харажатларни аудит қилиш шўъбаси мудири бўлиб ишлаган.

2022 йилда Ҳисоб палатаси Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларини аудит қилиш шуъбаси мудири, 2022-2023 йилларда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари бўлиб фаолият олиб борган.

2023-2024 йилларда Ҳисоб палатаси Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларини аудит қилиш шуъбаси мудири бўлган. 

Мавзуга оид