Ўзбекистон | 23:19 / 30.10.2020
23043
5 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг жисмоний фаоллиги оширилади. Раҳбарларга шахсий ўрнак кўрсатиш талаби қўйилади

Президент «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

Фото: Президент матбуот хизмати

2021 йил 1 январдан бошлаб, барча давлат органлари ва ташкилотларида:

  • меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифаси юкланиб, унинг иш ҳақига 20 фоиз устама белгиланади;
  • ҳафтада камида бир марта, иш вақтидан сўнг раҳбар ва барча ходимлари жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши йўлга қўйилади;
  • ҳар шанба соат 14:00 дан кейин куни ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. Бунда, мусобақалар байрамона руҳда, «шоу» кўринишида ўтказилишига, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилишига алоҳида эътибор қаратилади;
  • тренажёр зали, «Workоut» майдончаси, спорт майдончалари ва хоналари, спорт машғулотлари ва мусобақаларини молиялаштириш давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда бошқа қонуний манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
  • биринчи раҳбарларга «шахсий намуна» тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражаси, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

2021 йил 1 июлдан бошлаб, вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбар ва ходимларининг антропометрик кўрсаткичларини баҳолаш йўлга қўйилади. Кўрсаткичлар рейтинг асосида таҳлил қилиниб, натижаларни онлайн кузатиш тизими ишлаб чиқилади.

Ҳудудларда оммавий спорт билан шуғулланувчилар сонининг ошиши, соғлом овқатланиши (таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини истеъмол қилишнинг қисқартириши), зарарли одатлар (алкоголь ва тамаки)дан воз кечиш йўли билан касалликка чалиниш, семизлик ва бевақт вафот этиш кўрсаткичларининг камайишига қараб, ҳокимликлар ишига баҳо берилади. Бу бўйича рейтинг ишлаб чиқилиб, «Соғлом турмуш тарзи» платформаси билан интеграция қилинади.

Рейтинг кўрсаткичларини бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов Олий Мажлис палаталарига тақдим этади. Шу асосда энг паст рейтингга эга давлат органлари раҳбарларининг фаолияти ҳар ярим йилликда танқидий муҳокама қилинади. Аксинча, энг юқори рейтинг тўплаган раҳбарлар рағбатлантирилади.

2021 йилдан бошлаб, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги «Соғлом турмуш тарзи» платформасида рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ҳамда уларнинг спорт натижаларига қараб, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳар чорак якуни бўйича рейтинги тузилади ва улар фаолиятига Вазирлар Маҳкамаси баҳо беради.

«Спорт» телеканалида давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасидаги оммавий спорт мусобақалари ёритиб борилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман, шаҳар ҳокимликлари, давлат органлари ва ташкилотлари:

  • ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йил учун йил давомида ўтказиладиган ҳафталик мусобақаларни ўтказиш календарь режасини тасдиқлайди;
  • йиллик харажатлар сметасини шакллантиришда мазкур мақсадлар учун маблағлар ажратилишини назарда тутади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномаларида:

  • иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;
  • технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларга ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланади.

Мавзуга оид