12:45 / 12.10.2018
39119

Абдусалом Азизов ва Сергей Шойгу нималар ҳақида келишиб олгани маълум бўлди

Фото: Звезда

Ўзбекистон Россия билан ҳар томонлама ҳамкорликни, шу жумладан, ҳарбий-техникавий соҳада ривожлантиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».

«Биз дўстларимизни бу ерда кўриб турганимиздан жуда мамнунмиз. Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, бизнинг раҳбарларимиз, давлат раҳбарларининг учрашувлари мудофаа соҳасидаги ҳамкорликка туртки берди. Бу йил Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирликлари ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун жуда кўп нарсани қилишди», - деди Азизов.

«Биз Россия Федерациясида ўтказиладиган машқларда фаол иштирок этмоқдамиз, ҳарбий-техник режаларда жуда катта ҳамкорлик давом этмоқда, Россия томони кадрларни ўқитиш ва тайёрлашда ёрдам беряпти», - дея давом этган у.

Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгунинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг 340дан ортиқ ҳарбий хизматчилари шу йил Россия Федерацияси ҳарбий ўқув муассасаларида ўқишни бошладилар, бу Мудофаа вазирлиги ўқув муассасаларига чет эллик эшитувчиларни қабул қилиш бўйича энг катта кўрсаткичга айланди. 

Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Россия ва Ўзбекистон Мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик ривожининг ижобий динамикасидан қаноатланмоқда.

«Талаб қилинадиган суръат май ойида Тошкентда эришилган келишувларимиз билан белгиланди. Бу, биринчи навбатда, ҳарбий кадрларни таъминлаш ва тайёрлаш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни назарда тутади», - дея таъкидлаб ўтди Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари.

Маълум бўлишича, мудофаа вазирлари ҳар икки мамлакат ҳаво кенгликларидан ҳарбий ҳаво кемалари фойдаланиши тўғрисидаги келишувга эришдилар. 

Шунингдек, келишув ҳарбий юкларни ташиш ва ҳарбий-транспорт самолётлари томонидан қўнишларсиз парвозлар амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни дарҳол ҳал қилиш имконини беради.

Фото: Звезда

Бундан ташқари, икки мамлакат ҳарбий идоралари раҳбарлари Мудофаа вазирликлари ўртасида 2019 йилга ҳамкорлик режасини имзоладилар. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия мудофаа вазири Тошкентга келгани хабар берилганди.

Top