Ўзбекистон | 18:54 / 13.12.2022
16900
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳридаги мактабларда қишки таътил қисқароқ бўлади

Самарқанд шаҳридаги барча мактабларда ва вилоятнинг тўрт туманидаги айрим мактабларда III чорак 5 январдан бошланади.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Самарқанд вилоятида ўқув йили бошланиши кечиктирилган мактабларда III чорак дарслари бироз эртароқ — 2023 йилнинг 5 январидан бошланади. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ХТБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Жорий йил сентябр ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган муҳим халқаро сиёсий тадбир муносабати билан Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши қарорига кўра, Самарқанд шаҳридаги барча умумий ўрта таълим муассасаларига, шунингдек, Оқдарё, Тойлоқ, Самарқанд туманларининг маҳаллий кенгашлари қарорлари ва Жомбой туман ҳокимлигининг тегишли фармойишига асосан, Самарқанд туманидаги 3 та (7-, 23-, 53-), Тойлоқ туманидаги 5 та (11-, 12-, 15-, 17-, 59-), Оқдарё туманидаги 5 та (25-, 38-, 39-, 41-, 48-), Жомбой туманидаги 6 та (5-, 6-, 8-, 22-, 20- ва 44-) сонли умумтаълим мактабларига 5-19 сентябр кунлари навбатдан ташқари таътил берилган эди. Қарорларда қолдирилган дарс соатлари ўқув йили давомида бериладиган таътиллар ҳисобига қопланиши белгиланган.

Шунга кўра, муассасаларида 5–8 сентябр кунлари қолдирилган дарслар кузги таътилнинг 4–8 ноябр ҳисобидан тўлдирилди.

9–14 сентябр кунлари қолдирилган дарслар ўрни қишки таътил кунларининг охирги 5 куни ҳисобидан (5–10 январ кунлари) жами 5 ўқиш куни;

2022 йилнинг 15–17 сентябр кунлари қолдирилган дарс машғулотлари  ўрни 2023 йил баҳорги таътилнинг охирги 3 ўқиш куни ҳисобидан тўлдирилишини маълум қиламиз», — дейилади Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳридаги мактаблар тўлиқ ҳамда Оқдарё, Жомбой, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидаги айрим мактабларда янги ўқув йили Самарқанд шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан 19 сентябрдан бошланганди.

Бундан аввалроқ Халқ таълими вазирлиги республика умумтаълим мактабларида қишки таътил 28 декабрдан 10 январгача давом этиши, III чорак дарслари 2023 йил 11 январ кунидан бошланишини эълон қилган эди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид