Ўзбекистон | 14:05
769
2 дақиқада ўқилади

Тошкент–Самарқанд янги темирйўлининг техник-иқтисодий асослари тайёр бўлди

Лойиҳани Жанубий Корея ажратган 3 млн долларлик грант маблағлари асосида, 4 та корейс компаниясидан иборат консорциум ишлаб чиқди. Тафсилотлар ҳали очиқланмади. Янги темирйўл Тошкент ва Самарқанд ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи йўловчи поездлари қатновини кўпайтириш имконини бериши кўзда тутилган.

Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати

Тошкент–Самарқанд йўналишида юқори тезликдаги алоҳида йўловчи темирйўлини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари тақдим этилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Лойиҳа ТИАси – Жанубий Кореянинг тўртта компаниясидан иборат консорциум томонидан ишлаб чиқилди. Консорциум таркибига “Saman Engineering”, “Dong Myeong Engineering Consultants & Architecture Co., Ltd”, “Korea Railroad Corporation” ва “Korea National Railway” киради.

Тайёр бўлган лойиҳа 16 декабр куни тақдим этилди. Тақдимот тадбирида Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, Корея Экспорт-импорт банки, Халқаро молия ташкилотлари вакиллари ҳамда Корея компанияларидан иборат консорциум вакиллари иштирок этди.

Вазирлик хабарида ТИА тафсилотлари келтирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент–Самарқанд йўналишидаги янги темирйўлнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга Кореянинг Экспорт-импорт банки 3 млн доллар грант ажратган. ТИАни ишлаб чиқиш устидаги ишлар жорий йил феврал ойида бошланган эди.

Икки йирик шаҳар ўртасидаги ҳозирги темирйўлда ҳам юқори тезликдаги, ҳам тезюрар йўловчи поездлари, шунингдек, юк поездлари ҳам қатнаётгани – қатновлар сонини оширишга тўсиқ бўлаётгани айтилади.

Ўзбекистон–2030 стратегиясида Тошкент–Самарқанд, Самарқанд–Навоий–Бухоро йўналишларида янги тезюрар темирйўллар қуриш ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш сонини 2023 йилга нисбатан 2,5 бараварга ошириш кўзда тутилган.

Ўтган ҳафта Тошкент–Урганч–Хива йўналишида қатнайдиган, Жалолиддин Мангуберди номи берилган Hyundai Rotem поездларининг илк партияси Кореядан Ўзбекистонга жўнатилган эди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид