Ўзбекистон | 11:06 / 13.04.2021
26613
2 дақиқада ўқилади

Президент бугун видеоселектор йиғилиши ўтказади 

Бугун, 13 апрел куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши ўтказади. Бу ҳақда Kun.uz ахборот манбаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, видеоселектор йиғилиши ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига бағишланади.

«Видеоселектор йиғилиши президент бошчилигида бўлиб ўтади. У ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланади», дейди манба.

Маълумот учун, жорий йил январ ойи охирларида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди.

Йиғилишда бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани қайд этилган. Шу борадаги масалаларни тизимли ҳал этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларнинг таклифларини «маҳаллабай» ўрганаётгани билдирилган. 

Январ ойидаги йиғилишда жорий йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги таъкидланганди. Туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилган. Бугун ана шу масалалар ҳам кўриб чиқилиши мўлжалланмоқда. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид