Ўзбекистон | 13:56 / 12.05.2021
26740
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Мактабдаги аҳволни кўрса, одам тавба деб юборади»

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 12 май куни президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Давлат раҳбари йиғилиш давомида умумий ўрта таълим мактабларидаги аҳвол ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Нима мени қийнайди десангиз, айтаман: мактабдаги шароит. Мактабдаги аҳволни кўрса, одам тавба деб юборади. Шу 4 йилда мактабга жуда кўп эътибор бердик, аммо муаммолар ҳали ҳам кўп. Камчиликларни 27 йил кўриб кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан.

Учинчи Ренессансга пойдевор қуряпмиз, деяпмиз. Агар маблағларни тўғри сарфлаб, келажагимиз бўлган мактабларга биринчи навбатда йўналтирмасак, китоби, шароити, ўқитувчининг иш ҳақини жой-жойига қўймасак, ниятимизга эриша олмаймиз.

Ҳозирнинг ўзида мактабни таъмирлаш, уёқ-буёғини суваш учун 30 триллион сўм керак бўляпти. Бир пайтлар партани олиб бориб қўйиб, мактаб филиаллари очилган. Бу ҳозир катта муаммога айланяпти: бундай мактаблар филиалларида ўқиган болаларнинг билими, ўқитувчиларнинг савияси, ойлиги, шароити қандай бўлади - бунга жавоб йўқ. Бу фақат мактаб таълимининг ўзидаги муаммолар. Шерматов (халқ таълими вазири)ни олдимга чақирсам, шароитни яхшилаш учун 30 триллион маблағ керак, деяпти. Бу китоб-у партаси ҳисобга олинмаганда, фақат таъмирлаш учун кетадиган маблағ. Ҳожибоев (соғлиқни сақлаш вазири)ни чақирсам, 60 триллион сўм керак, деяпти. Бу пулларни қаердан оламиз?” деди президент.

Давлат раҳбари бу каби йиллар давомида тўпланиб қолган долзарб ижтимоий муаммоларни бартараф этиш учун аввало ўз вақтида солиқ тушумларини таъминлаш зарурлигини таъкидлади, маблағларни мақсадли сарфлаш назоратини кучайтириш бўйича топшириқ берди.

Мавзуга оид