Ўзбекистон | 19:20 / 29.07.2022
10688
3 дақиқада ўқилади

“Қурилиш соҳасида ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар эскирган” — Савдо-саноат палатаси қурувчиларнинг муаммоларини тинглади

25 июл куни Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Бизнес-омбудсман билан ҳамкорликда қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг муаммолари, уларни бартараф этиш ҳамда ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатини Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж.Урунов, қурилиш вазири ўринбосари Д.Адилов, шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Божхона қўмитаси, Бош прокуратура ҳамда бошқа идора ва ташкилотларнинг масъул вакиллари ва соҳанинг 150 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

Учрашувнинг муҳим мақсадларидан бири – тадбиркорларга қурилиш соҳасига оид тизимли муаммолар ва конструктив ечимларни очиқ муҳокама қилиш учун майдон яратишдан иборат.

Тадбир давомида муҳокама қилинган йўналишлар бўйича тадбиркорлик субъектларининг таклифлари умумлаштириш, таҳлил қилиш ва юқори ташкилотларга тақдим қилиш учун йиғиб олинди.

Йиғилишда қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, жаҳон стандартлари асосида замонавий, кўркам биноларни барпо этиш борасида соҳадаги маҳаллий корхоналарнинг таклифлари эшитилди.

Маълумки, мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Янги уй-жойлар, йирик заводлар, замонавий инфратузилма объектлари қурилмоқда. Табиийки, бундай катта ҳажмдаги ишларни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун малакали қурувчилар, билимли лойиҳачилар, барқарор ташкилотлар керак.

Ўзбекистонда 22 мингдан ортиқ қурилиш-пудрат ташкилоти бўлиб, мазкур корхоналарда ишчиларнинг касб малакаси, уларнинг тажрибаси ва қурилиш соҳасидаги кўникмалари масалалари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шунингдек, давра суҳбатида илғор хорижий тажрибада қурилиш хавфсизлиги, сифати ва натижасига катта эътибор қаратилиши, ушбу тизим босқичма-босқич мамлакатимиз қурилиш соҳасида ҳам жорий қилинганлиги эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг соҳалар кесимида муаммолари ва таклифларини аниқлаш ҳамда уларнинг ечимларини топишга қаратилган давра суҳбатлари давом эттирилмоқда.

Савдо-саноат палатаси Матбуот хизмати (T)

Мавзуга оид