Ўзбекистон | 23:15 / 09.06.2020
93597
18 дақиқада ўқилади

«Шўрданак» ва «Қалпоқ» ижодкорлари ЙҲХБ ходимлари ҳақидаги ҳазиллари учун узр сўрашди. Аслида нима бўлган эди?

ИИВ ЙҲХББнинг Telegram’даги каналида «Шўрданак» ва «Қалпоқ» ҳажвий дастури ижодкорлари ходимлари ҳақида тайёрлаган юмористик кўрсатувларидаги ҳазиллари учун муносабат билдирган видеолар эълон қилинди. Аслида ҳолат қандай бўлган эди? Kun.uz мухбири воқеа иштирокчилари билан боғланиб, уларнинг фикрлари билан қизиқди.

«Узр сўратишни умуман йўқотамиз!»

Шохруҳ Ғиёсов, ИИВ ахборот хизмати раҳбари:

– Роликни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тайёрлаган. ЙҲХББда янги ахборот хизмати ташкил этилди, улар туркум кўрсатувлар тайёрлашмоқчи. Шу мақсадда ёш ижодкорлар йиғилган. Улар тизимга янгилик киритиш, турли ҳажвий гуруҳлар билан ҳамкорликда ЙҲХБ билан боғлиқ ҳазилларини ролик тарзида тайёрлашмоқчи эди.

Шу мақсадда ҳажвий кўрсатувларнинг муаллифларини йиғиб, улардан фикр олинган, нима қилсак бўлади, қандай видеолар олинса, жамоатчиликка манзур келади деб сўрашган. Суҳбат ёзиб олинган ва унда қатнашганлар ҳеч бир жойда узр сўрамаган, фақат ўтириб суҳбатлашишган.

У ерда бошқалар ҳам бўлган. Улар билан бирга ўтириб, гаплашишган. Соҳани яхшилаш учун нималар қилишни таклиф этасиз, ҳақиқатан ҳам “ГАИ”ни порахўр деб ўйлайсизми, соҳа ходимларини ҳажв қилган экансиз, шунинг ўрнига келажакда бошқача қилсак, қандай бўлади деб суҳбатлашилган. Улар ҳам рози бўлишган. ЙҲХББ ахборот хизматининг хатоси орқа фонни ўхшата олмаган, гаплашиш тарзи ўхшамаган, камера олдига ижодкорларнинг ўзини ўтқазиб қўйишган.

Монтаж вақтида, ролик қилаётганда эса яна хато қилишган. Суҳбатни тўлиқ чиқариш ўрнига жамоатчилик томонидан салбий кутиб олинган жойини чиқаришган. Шунақа қилсак яхши бўлади деб ўйлаган-да энди. Натижада ҳаммаси мутлақо тескари бўлиб кетди, “Шўрданак” ва “Қалпоқ” ижодкорлари ҳам хафа бўлишди.

Буни чиқаришдан олдин аслида мен кўриб беришим керак эди. Қайсидир жойда қайсидир раҳбар келиб, ақллилик қилган. Тўхта, мана бу жойини алоҳида чиқарамиз, деган. Натижада яхши ниятда бошланган иш тескарисига айланиб кетган.

Аслида бошқа ҳажвий дастур муаллифлари билан ҳам суҳбатлашилганди, энди улар чиқарилмайдиган бўлди. Кеча ҳамма салбий фикр билдирди, ҳатто Маданият вазирлиги ҳам бу нарсага йўл қўйиб бўлмайди деган баёнот билан чиқди.

Ҳажвий чиқиши, танқидий мақоласи учун журналистларни, ижодкорларни изза қилиш мақсадимиз йўқ. Аксинча, журналистлар бемалол мурожаат қилсин бизга, блогерлар мурожаат қилсин. Нима бўлса, биз очиқмиз, тайёрмиз. Қандай маълумот керак бўлса, берамиз қўлдан келганча. Ҳажвий кўрсатув муаллифлари билан содир бўлган ҳодиса бўйича ҳам исталган маълумотни берамиз. Чунки асл ҳолат мутлақо бошқача бўлган.

Яна битта нарса. Узр сўратишни умуман йўқотамиз. Бу карантин пайтида пайдо бўлган анъана, шуни назорат қила олмадик. Натижада бошқалар ҳам шундай қилиш керак экан деган хаёлга бориб, бу ғалати челленжга айланиб кетди. Бундан умуман қутулиш керак.

Одам қонун бўйича бир марта жазоланади. Буздингми, шунга яраша жазо бор. Узр сўратиш, у одамни изза қилиш, ҳамма қариндошининг олдида уялтириш умуман нотўғри нарса-да. Карантин пайтида негадир шу нарса авжига чиқиб қолди.

Рўй берган ҳолат учун биз ҳам раҳбариятдан гап эшитдик. Бунинг орасига Юлдуз Усмоновани ҳам қўшиб ташлашди. Аслида мақсад бошқача эди. Биз ҳам ижодкорларнинг олдида уялиб қолдик. Чунки ҳамманинг олдида “ана, узр сўрашди-узр сўрашди” бўлиб кетиб қолди. Энди ўзимиз улардан бориб узр сўраймиз. Чунки уларни ноқулай ҳолатга қўйдик. Қариндошларининг олдида, фарзандларининг олдида ноқулай қилиб қўйдик.

«ЙҲХББдагилар менга Қозоғистонга бориб яшанг», дейишди»

Раҳмонали Суропов, “Қалпоқ” ҳажвий дастури ижодий гуруҳи раҳбари:

– Май ойи бошида республика ЙҲХББга боришимни сўрашди. Мен уларга балки ролик керакдир, шунга чақиришаётгандир деб ўйладим. Кейин хаёлимга балки ҳали тўламаган жарималарим учун чақиртиришяптимикин деган ўй ҳам келди. Ҳар хил хаёлга бордим, лекин кечирим сўратиш учун чақирганлари ҳақида умуман ўйламагандим ҳам.

У ерга борганимда: «Сиз нега бизни шарманда қилиб, бунақа нарса суратга олдингиз», дейишди.  Бу ҳажвия бир йил олдин тайёрланган эди. Телеграм каналлари админлари эса яқин орада ўша қисмини кесиб, тарқатиб юборишган. Лекин бизга бундан манфаат йўқ, бир сўмлик фойдаси йўқ буни тарқатишдан. Ким тарқатганиниям билмайман.

Менга: «Бошлиғимиз сизни аслида жиноий жавобгарликка тортиш керак деди», дейишди. Мен ижодкор бўлсам, юмор билан ишласам, қандай жиноий жавобгарликка тортилишим мумкинлигини сўрадим. Агар хоҳлашса, судга беришлари мумкинлигини айтдим. Жиноий жавобгарликка тортилишим мумкинлигини айтиб, телефонда мени сўроқ қилган ходимни шахсан танимайман.

Бундан ташқари, у мендан «Сизнингча, “ГАИ”лар пул олишадими?», деб сўради. Мен эса «Нега олишмас экан? Ҳозир бу гапни ҳайдовчилар эшитса, кулиб юборишади», дедим. Ўртада шунақа гаплар бўлди.

Улар менга нотўғри ҳаракат қилганимни айтишди. Мен эса бу огоҳлантириш демократияга зид эканини, Қозоғистонда ҳам «мелисахоналар» фаолияти бемалол юмор қилинишини таъкидладим. Улар менга «Ундай бўлса, Қозоғистонга бориб яшанг», дейишди.

Бундан ташқари, ЙХҲБ ходимларининг иши оғир эканини айтишди, мен эса давлатдан маош олгандан сўнг ишлашлари лозимлигини айтдим.

Видеони кўрган бўлсангиз, мен улардан кечирим сўраганим йўқ. ЙҲХББга чақиришганда ходимлар «Бошлиғимиз Сардоба масаласида кетган, биз изоҳингизни унга кўрсатамиз», дейишди. «Мен камерага гапиришни хоҳламайман, сизлардан кечирим сўрамайман», деб огоҳлантирдим. Улар видеони фақат бошлиқларига кўрсатиш учун суратга оламиз, деган эди.

Кеча видео ижтимоий тармоқларда чиққач, биз билан суҳбатлашган ЙҲХББ ходимларига қўнғироқ қилиб нега оммага тарқатилмайди, деб ваъда берган бўлишларига қарамай, уни эълон қилишганини сўрадим. Суҳбат давомида ижодий ҳамкорлик қилиш, бирга қандайдир видеолавҳалар тайёрлаш ҳақида гап-сўз бўлгани йўқ.

«Видеони фақат бошлиғимизга кўрсатиш учун ёзиб оламиз, тарқатмаймиз дейишганди»

Эркин Чўлиев, «Шўрданак» ҳажвий дастури ижодий гуруҳи раҳбари:

– «Шўрданак» ҳажвий дастуридан кесиб олиниб, ИИВ ЙҲХББнинг Telegram’даги каналида эълон қилинган видеолавҳа карантиндан анча олдин эфирга узатилган эди. Нима учун орадан шунча вақт ўтгандан кейин бу ЙҲХББнинг эътиборини жалб қилганидан, тўғриси, бехабарман.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидан қайта-қайта қўнғироқ қилишавергани учун карантин чекловларига қарамасдан ҳурматларини қилиб идораларига боргандик. Аммо бизни “жавобгарликка тортамиз” ёки бошқа деб қўрқитишгани йўқ. Ўзаро суҳбат давомида ҳеч қандай босим бўлгани йўқ. Бизга соҳамизни кулгига оляпсизлар, бу фаолиятимизга таъсир қиляпти деб айтишди.

Суҳбат давомида ЙҲХБ ходимларига нисбатан қилган ҳазилларимиз учун ўзимизни қандайдир айбдордай ҳис қилдик, ўзи бу ҳазилни қилмасак бўларкан деган хаёлга бордик. Ўртада гина-кудурат бўлмаслиги учун “Ҳазилларимиз оғир ботган бўлса, биздан ўтган бўлса, узр, кечирасизлар. Агар бундай ҳазилларимиз ёқмаётган бўлса бошқа бундай ҳазил қилмаймиз”, деб айтдик.

Бу видеони ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборишларини билмагандик. Билганимизда умуман гапирмасдик. Улар чиқармаймиз, видео ўзимизда қолади дейишганди. Камерани ёқишаётганда сабабини сўраганмиз, “Видеони бошлиғимизга кўрсатамиз”, деб айтишганди.

Ҳажвий дастуримиздаги ҳазилларимизни мамлакатимизда сўз эркинлиги соҳасида бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотларга таяниб тайёрлаганмиз. Ниятимиз битта – у ҳам бўлса одамларга самимий кулги улашиш. Сиёсат, иқтисод ва бошқа соҳаларни ҳажв қилиш танлаган йўналишимизга тўғри келмайди. Биз ҳажв орқали халқимизга хуш кайфият улашишни олдимизга бош мақсад қилиб қўйганмиз. Бу жараёнда одамларнинг кўнглидаги гапларни, кундалик турмушда рўй берадиган ҳолатларни олиб чиқсак ҳазилларимиз ҳаққоний, ҳаётий чиқади.

Бизнинг ишимиз билан журналистларники, матбуотники бир-бирига ўхшаш. Матбуот кўтариб чиқолмаган иллатларни ҳажвчилар юмор тили билан ёритиб беришади. Бу жараёнда бадиий тўқима ва бошқа ижодий усуллардан фойдаланилади. Ўйлайманки, бунинг ёмон томони йўқ.

Қайси соҳа бўлмасин, камчиликлар устида ишланса, бу фақат яхшиликка хизмат қилади. Шу маънода ЙҲХБ ходимларининг халқ орасидаги обрўси, соҳанинг имижини яхшилаш учун ижодий ҳамкорлик қилишни, ҳажв тили билан соҳадаги муаммоларни кўрсатиб беришни таклиф қилгандим. Бу таклиф ИИВ ЙҲХББдагиларга ҳам маъқул бўлганди.

Кеча бу нарсалар тарқалган вақтда мен съёмкада эдим. Съёмка жараёнидаги танаффусда шогирдлар кўрсатиб қолишди буни. Асабимиз роса бузилди. Бир амаллаб съёмкани охирига етказиб олдик. Майли, саломат бўлишсин, аммо бу ишлари кайфиятимизга яхшигина таъсир қилди. Юртдошларимизнинг борига шукр, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларнинг фикрларини ўқиб бироз ўзимизга келдик. Одамлар бизни қўллаб-қувватлашмаганда, қайтанга танқид қилиб кетишганда бу соғлиғимиз, руҳиятимизга яхшигина зарар етказган бўларди. ИИВ бунинг учун жавоб бера олармиди кейин? Бу жиддий масала.

Ўзи бир мартагина чақиришди. “Бу ишларинг маъқулмас” бизга деб огоҳлантиришди. Биз ортиқча талашиб ўтирмадик, хўп дедик. Агар хўп деб туриб яна шу ишни қилганимиздан кейин бу видеони тарқатишганда бошқа гап эди. Ўзимизда қолади, фақат бошлиғимиз кўриши учун ёзиб оламиз дея ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборишлари дилимизни оғритди.

«Маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди»

Маданият вазирлиги ҳам «Қалпоқ» ҳамда «Шўрданак» ҳажвий кўрсатувлари ижодкорлари ЙҲХБ ходимлари ҳақидаги ҳазиллари учун ички ишлар органлари ходимларидан кечирим сўрагани акс этган видеоларга муносабат билдирди. Унда қайд этилишича, маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди.

“Маданият вазирлиги ҳажвия, сатира, аския борасида санъат ва ижодни чегараламасликни маъқуллайди. Йиллар давомида ҳажвия орқали жамиятдаги муаммо ва иллатларни йўқ қилишга қаратилган, бу йўл орқали турли соҳа йўналишларини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашилган. Бу худди журналист ва блогерларнинг бир муаммони олиб чиқиб, уни хал этилишига қаратилган мавзуларга ўхшайди. Шундай экан, унда нима учун бу ҳазиллар ўринли қабул қилинмайди, деган саволлар ҳам йўқ эмас.

Агар ҳажвия бирон-бир шахсга тегишли бўлиб, уни камситилишига қаратилган бўлса, Маданият вазирлиги бундай ижодларни қўллаб-қувватламайди. Зеро, хоҳ ҳажвия, хоҳ драма, аския ҳамда сатира орқали жамиятдаги иллатларни даволашга қаратилган мавзулар ёки воқеалар намоён этилса, уни ҳеч нарса билан йўқ қилиб бўлмайди.

Тарихга бир назар солсак, ўзбек ҳажвий адабиёти сермазмун тарихга эгадир. Ҳажв, сатира-воқеликни акс эттиришнинг алоҳида ғоявий-бадиий принципи сифатида барча цивилизациялашган халқлар адабиёти, шу жумладан ўзбек халқининг ҳам оғзаки ва ёзма ижодларида қадимдан катта ўрин олиб келган. Ижтимоий иллатларнинг кулгили танқиди бўлган сатира ўзбек халқ ижодида ҳам кенг тарқалган эди. Насриддин афанди, Алдар кўса каби тўқима образлар ҳажвий, миллий қаҳрамонлар ўз замонасининг иллатларини халқ орасида аскиялар ва ҳажвиялар билан намойиш этишган. Қадимдан халқни ичида ҳажвия, сатира, аския каби юмористик ижодлар кенг тарқалиб, оммалашган.

Хуллас, маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди”.

Жамоатчилик қандай фикрда?

ИИВ ЙҲХББ томонидан «Шўрданак» ва «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатувлари ижодкорларининг тармоқ ходимларини ҳажв қилишгани учун «сўроқ» қилинишгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерлар муҳокамасига сабаб бўлди. Бу ҳолатни улар ижод эркинлигининг бўғилиши, цензуранинг бир кўриниши сифатида талқин қилишмоқда.

“Биз қачон масалалар замонавий ва қонуний йўл билан, яъни суд орқали ҳал қилинадиган даврга келамиз? Қачонгача муаммолар узр сўратиш, сазойи қилиш каби қолоқ, шубҳали, самарасиз ва инсонни камситувчи усуллар билан ҳал қилинади?» – деб ёзади блогер Шаҳноза Тўрахўжаева.

«Шўрданак» ҳам узр сўрабди. Бирор мавзуга аралашиш мумкин эмас, шекилли. Ижод эркинлиги қаерда қолди?! У мумкинмас, бу мумкинмас билан қаергача борамиз?»дейди журналист Фазлиддин Сатторов.

«Бугун тармоқда ИИВ томонидан тайёрланган видео тарқала бошлади. Унда “Шўрданак” ҳажвий гуруҳи аъзолари ИИО ходимлари ҳақида тайёрлаган юмористик роликлари сабаб ўтиниб кечирим сўрашган.

Мен ягона тушунмаган нарсам — энди ижод учун ҳам узр сўраш керакми? Мутаассиблик эмасми бу? Ҳазилни шунчаки қабул қилишни қачон ўрганамиз? Нима ГАИ ходимларининг ҳаммаси авлиёми? Улар ҳеч ҳам пора олишмаганми?

Унда ёзувчи Тоҳир Малик «Шайтанат» учун орган ходимларидан, Ғафур Ғулом «Шум бола»даги муллалар эпизоди учун диний уламолардан, Абдулла Орипов эса айрим шеърлари учун бир нечта қатлам вакиллари ва мансабдорлардан кечирим сўраши керакмиди? Ижод-ку бу. Нима бўляпти бизларга. Нега бундай яшин тезлигида ғор асри томон кетяпмиз? Барака топгурлар, ахир бу шунчаки юмор-ку. Оддий юмор. Кулдиришдан бошқа мақсад кўзламайдиган ижод тури.

Бу шунчаки ижод эркинлигини бўғиш ва цензуралашдир. Видеодаги «крокодил кўз ёшлари» услубидаги узрлар эса унинг мажбурийлигидан далолат. Сал бағрикенгроқ бўлайлик. Юморни бундай оғриқли қабул қилиш нотўғри дўстлар. Йўқса, ГАИ ходимлари ҳақидаги минглаб халқ латифаларини ҳам тақиқлайлик. Уларни айтган одамларни қамайлик.

Айтганча, қоғозга ўрамай, ҳажв қилмай, ижод доирасида эмас, тўғридан-тўғри ИИО ходимларини ҳақорат қилган ва ҳатто судга ҳам бормаган Юлдуз Усмонова салом айтвордила», – деб ёзади блогер Нозим Сафари.

“Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) «Қалпоқ»чиларга узр сўраттириб, жуда хунук, мутлақо мантиқсиз иш қилибди. ЙҲХББ тизимида умрида пора олмаган ҳалол ходимлар бўлиши ҳам мумкин, бўлганда ҳам улар жуда кўпчиликни ташкил этиши мумкин, эҳтимол боди-камералар ишга тушгач, Тошкентда пора оладиган «командир»лар қолмагандир ҳам, лекин бу пора оладиган, тамагирлик қиладиган ЙПХ ходими умуман йўқ, дегани эмас. Буни, менимча, ҳамма билади (лекин ЙҲХББдаги қайсидир валломат билмайди, деб ўйлаяпман энди).

«Қалпоқ» ижодкорларини узр сўрашга мажбур қилиш ғояси ЙҲХББнинг қайси бир ўта ҳалол раҳбаридан чиққани номаълум, лекин унинг бетакрор мантиғи бўйича энди «Миллион» кулгу жамоаси аъзолари ҳам узр сўраши керак, ўша раҳбарнинг мутлақо тушунарсиз мантиғи бўйича энди раҳматли Обид Асомовдан ҳам узр сўраттириш керак — лавҳада айтилаётган «25-кадр» айнан «Миллион»-у Обиднинг саҳна кўринишларида кучлироқ акс этган ахир. Энг ёмони шуки, ЙҲХББ тизимида шу топшириққа қарши чиқадиган, ҳеч бўлмаса: «ГАИ пайдо бўлганидан бери, миллион йилдан бери кўрсатиладиган юмор-ку бу», дейдиган одам топилмагани. Энг аянчли одам — юморни тушунмайдиган, ўрни келса ўзининг устидан кула олмайдиган одам. У юксак даражада ҳалол бўлиши мумкин, лекин барибир аянчли у.

«Қалпоқ» ижодкорларини узр сўрашга мажбур қилганлар, менимча, «Такси» фильмидаги телбанамо комиссар Жибер, «Пуштиранг пантера»даги инспектор Клузо, «Полиция академияси» сериали қаҳрамонлари иштирокидаги лавҳаларни кўрганда ҳам кулмаса керак. Ўшанда ҳам «ҳуқуқ-тартибот посбони устидан бундай кулиш, 25-кадр қилиш мақсадга мувофиқ эмас», деб ўтирса керак. Уриб турадиган юраги, танасида айланадиган қони бор робот бўлиш осон, лекин ростмана одам бўлиш барибир қийин экан”, – деган блогер ва журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

“Ижодкорларнинг ҳажвий кўрсатуви учун узр сўраттираётганларга бугун қаршилик қилмасак, улар эртага салбий қаҳрамонлар акс этган бадиий асарларга ўт қўйишни бошлашади.

Бундай дунёқараши тор инсонлар учун ҳаммаёқда уларни мақташлари керак, ҳаммаёқда фақат яхшиликлар гапирилиши шарт, иллатлар ва камчиликлар мутлақо айтилмаслиги керак. Худдики ҳеч ким уларни танқид қилмаса, тизим ўз-ўзидан тозаланиб, яхшиланиб қоладигандек.

Яхшиям Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ва Саид Аҳмадлар бугунги кунда ижод қилмаяпти. Йўқса турли соҳалардаги иллатлар ҳажв қилинган сатирик асарлари учун бутун умри узр сўраш билан ўтиб кетар эди.

Айтганча, Ҳожибой Тожибоевнинг оиласини ҳам қидириб боринглар, марҳум қизиқчимизнинг қилган ҳазиллари учун фарзандларидан узр сўраттирарсизлар балки, агар шу билан кўнглинглар жойига тушса.

Ҳе, ўргилдим...

P.S.: айримларнинг очиқ ҳақорати учун жазолаш қўлидан келмаганлар, бугун аламини бошқа ижодкорлардан оляптими, нима бало. Энг алам қиладигани, бунақа аҳмоқона ишларнинг ортидан соҳадаги жонкуяр, фидойи минглаб ходимлар ҳам бирдек азият чекади, уларнинг ҳам юзи шувут бўлади”, – деб таъкидлаган ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

Жамшид Ниёзов тайёрлади

Мавзуга оид