Ўзбекистон | 17:19 / 11.04.2026
4768
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш: иссиқхоналар Сурхондарёга кўчирилади

Ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳридаги ва Тошкент вилоятининг бешта туманидаги иссиқхоналарни Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасига кўчириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилинди.

Архив фото: Kun.uz

2026 йил 25 мартда қабул қилинган “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган эди.

2026 йил 9 апрелда қабул қилинган ҳукумат қарори билан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган, атроф-муҳит ва инсонлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётган иссиқхона хўжаликлари ана ўша “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасига кўчириладиган бўлди.

Қарорнинг қисқача тафсилотлари:

  • Иссиқхоналарга кўчиш харажатлари қоплаб берилади, кредитларини қайтариш муддатлари эса узайтирилади.
  • Ихтиёрий равишда кўчишга рози бўлмаган иссиқхоналар газдан узилади; кўмир, мазут ёки бошқа нарсаларни ёққан тақдирда жарима 20 баробарга, сув солиғи 5 баробарга оширилади.
  • Кўчиб кетган иссиқхоналардан бўшаган ер майдонларида фақат боғдорчилик, узумчилик ёки кўчатчилик билан шуғулланишга рухсат берилади.

Батафсил

Қарорга кўра, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари ҳудудидаги иссиқхоналар Сурхондарё вилоятига ихтиёрий кўчиб ўтишга қуйидагича тартибда рағбатлантирилади:

  • халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда тижорат банкларининг маблағлари ҳисобидан ажратилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатлари 5 йилга, шундан имтиёзли даври 3 йилгача узайтирилади, аввал тақдим қилинган кафиллик ва кредит фоизлари компенсациялари сақлаб қолинади;
  • 2028 йил 1 апрелга қадар "Сурхон-Агро" зонаси ҳудудига кўчадиган иссиқхоналар учун иссиқхона конструкция ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар 1 сотих ер майдони учун бир марталик, бироқ 500 минг сўмгача миқдорда Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида:

  • 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғиларидан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмайди;

2026 йил 1 августдан бошлаб эса:

  • мавжуд иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади;
  • иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади;
  • иссиқхоналарда ёқилғи сифатида кўмир, шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ҳамда шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган материалларни ёқиш натижасида атроф табиий муҳит ифлослантиргани ва чиқиндилар жойлаштиргани учун компенсация тўловлари 20 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади ва мазкур тадбиркорлик субъектига берилган экологик экспертиза хулосаси қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, пойтахтда ва санаб ўтилган 5 та туманда қуйидаги йўналишларда давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёз, хизмат ва молиявий қўллаб-қувватлаш чораларидан иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш учун фойдаланишга чекловлар ўрнатилди:

  • "маҳалла еттилиги"нинг коллегиал қарорлари асосида бериладиган барча турдаги ижтимоий ва моддий ёрдам ҳамда фаолият турини йўлга қўйиш мақсадида давлат томонидан бериладиган барча субсидия ва преференциялар;
  • жисмоний ва юридик шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга кредит линиялари ажратиш, кредит лимитларини белгилаш ва мавжуд кредитлар бўйича лимитларни қайта кўриб чиқиш;
  • экологик талабларга риоя этилмаган ҳолларда давлат экологик экспертизаси бўйича ижобий хулоса берилмайди, шунингдек, илгари берилган хулосанинг амал қилиши белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилади.

Пойтахтда ва санаб ўтилган 5 та туманда таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига илмий мақсадлар учун (селекция навлари синови, уруғ ва кўчатларни кўпайтириш, хорижий нав ва дурагайларни маҳаллий иқлимга мослаштириш), истисно тариқасида, экологик талабларга риоя этган ҳолда мавжуд иссиқхоналардан фойдаланишга рухсат этилади.

Иссиқхоналардан бўшаган ер майдонлари бўйича:

  • ижарачилар томонидан ҳудуднинг ихтисослигидан келиб чиқиб интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик йўналишларида фаолиятини давом эттириш ёки "яшил боғлар" барпо этишга рухсат берилади;
  • давлат мулки бўлган ва тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларидаги иссиқхоналар фаолияти тўхтатилиб, ер участкаларида бино ва иншоотлар қуриш (капитал қурилиш) ишларини амалга ошириш тақиқланади.

Иссиқхоналарнинг кўчирилиши муносабати билан субсидия ажратиш ва тўлаш механизмларини назарда тутувчи қарор лойиҳаси 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланди.

"Сурхон-Агро" зонасининг мастер режаси эса 2026 йил 1 сентябргача тайёр бўлиши керак.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид