Жаҳон | 11:41 / 29.03.2026
9618
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Саудия энди бизга «хушмуомала» бўлишига тўғри келади

У Муҳаммад ибн Салмон ўзини менсимагани ва шунчаки навбатдаги омадсиз президент бўлади деб ўйлагани, энди эса у билан ҳисоблашишга тўғри келишини таъкидлаган.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ҳақида кескин фикр билдириб, иккинчи муддати бошланишидан олдин унга етарлича баҳо бермаганини айтди.

«У менга қаради ва деди: „Биласизми, бир йил олдин сиз ўлик мамлакат эдингиз, энди эса дунёдаги энг хавфли мамлакатга айланганингиз ҳайратга солади“. У бундай бўлади деб ўйламаганди», – деди АҚШ президенти шаҳзода билан яқинда бўлиб ўтган учрашуви ҳақида.

Шундан кейин Трамп Ар-Риёд Вашингтон билан мулоқотда оҳангни ўзгартириши лозимлигини қўшимча қилди. «У менинг орқамни ўпишига тўғри келишини ўйламаганди. Тўғриси, ўйламаганди. У мени шунчаки Американинг навбатдаги омадсиз президенти деб ўйлаган», – дейди у.

Трамп Саудия Арабистони энди АҚШга «хушмуомала» бўлишига тўғри келишини таъкидлаган.

24 март куни The New York Times Саудия Арабистони шаҳзодаси Трампни Эронга қарши амалиётни якунламасликка кўндиргани хабар қилинганди. Нашр маълумотига кўра, шаҳзода ўтган ҳафтадаги мулоқотлар чоғида кампанияни давом эттиришга ундаб, буни Яқин Шарқдаги қайта қуриш учун имконият деб атаган. NYT суҳбатдошларига кўра, у Эрон Форс кўрфази мамлакатларига бундан кейин ҳам хавф туғдиришда давом этиши мумкинлигини қайд этган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид