Ўзбекистон | 22:45 / 31.01.2019
19170
3 дақиқада ўқилади

Суд Қарши шаҳар ҳокими қарорининг тадбиркорга оид қисмини ҳақиқий эмас деб топди

Бир йил муқаддам — 2018 йилнинг 7 январида “Қарши шаҳар ҳокимлиги бир тадбиркорни чирқиратмоқда — бу нима, фидойилик ё рейдерлик?” сарлавҳаси остида Қарши шаҳрида истиқомат қилиб, фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркор Исмоил Панжиев Қарши шаҳар ҳокимлиги ва “Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” АЖ томонидан уюштирилаётган тазйиқлар қурбони бўлаётганини баён этган эди.

Жумладан, у таъсис этган “Асилбек-Зиёда” СИЧК тасарруфида бўлган 1,175 га ер майдонидаги автомобиллар тўхташ жойи Қарши шаҳар ҳокими Ж.Фозиловнинг имзоси билан “Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” АЖ тасарруфига ўтказилсин, деб қарор чиқарилади.

“Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” АЖ тасарруфига ўтказилган ер майдони дарҳол шаҳар ҳокимлиги захирасига қайтарилади ва у майдонга III типдаги супермаркет қуриш учун “NBU Бунёдкор инвест” МЧЖга эгалик ҳуқуқи чиқариб берилади.

Тадбиркорнинг ушбу ер майдонини ўзи ободонлаштириб келгани, унга эгалик қилиш учун барча ҳужжатларга эгалиги, у кўрган зарарлар қопланмаётганлиги туфайли шаҳар ҳокимлиги билан узоқ тортишувидан хабаримиз бор. Исмоил Панжиев мурожаат қилмаган жой қолмади, ҳисоб.

Яъни, бир хўжалик юритувчи субъект ихтиёрида бўлган, 17 йилдан буён автошоҳбекат сифатида фойдаланиб келинаётган ер майдони президент қароридаги “ёндош автотураргоҳлар бозор таркибига киритилсин”, деган бандни рўкач қилиб, шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, эгасининг розилигисиз иккинчи хўжалик юритувчи субъектга олиб берилган.

Бизга етказилган маълумотларга кўра, ниҳоят, Сурхондарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг раислик этувчи А.Сайфитдинов имзолаган №523-сонли қарорига кўра, аризачи И.Панжиевнинг Қарши шаҳар ҳокимининг 2017 йил 14 апрелдаги Х-843/4 сонли ва 2017 йил 19 июлдаги Х-1558/7-сонли қарорларининг “Асилбек-Зиёда” СИЧКга оид бандларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалари қаноатлантирилган.

Қарши шаҳар ҳокимининг 2017 йил 14 апрелдаги Х-843/4-сонли қарорига кўра, айрим фуқаролар, жумладан фуқаро Исмоил Панжиевга “автомобиллар вақтинчалик тўхташ жойи” учун берилган ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги ПҚ–2853-сонли “2017–2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” АЖ тасарруфига ўтказилиши белгиланган эди.

Шаҳар ҳокими Ж.Фозиловнинг 2017 йил 19 июлдаги Х-1558/7-сонли қарорида эса “И.Панжиевга тегишли ер майдон” сўзлари “Асилбек-Зиёда” СИЧКга тегишли ер майдон” сўзларига тўғрилаб алмаштирилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид