13:18 / 05.12.2018
45895

Дрондан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун нималар талаб этилади?

Техника ва технологиялар асрида янгилик ва ўзгаришлар бизни ҳайратда қолдиришда давом этмоқда. Бугунга келиб бутун дунёда кенг қўлланаётган, жаҳоннинг барча минтақаларида фойдаланилаётган қурилмалардан бири бу – дронлардир. Alibaba, Amazon каби интернет савдо майдонларида ушбу қурилманинг янги моделларини кўриб қоламиз. Аммо фойдаланиш ҳуқуқи-чи?..

Дронлардан фойдаланиш масаласи ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятида қонунчилик билан тартибга солинаётган янги соҳа ҳисобланади. Аввалига бу ихтиро ўйлаб топилгандан сўнг, барчанинг диққат-эътибори дрон олиб учиришда бўлганди. Кўп ўтмай, «ўйиндан ўт чиқди» ва кўплаб давлатларда рухсатсиз учиришга тақиқлар қўйила бошланди. Бу бўйича рухсат олиш тартиби турли мамлакатларда турлича. Жаҳон тажрибасида бир неча тартибга солиш усуллари мавжуд.

Жаҳон тажрибаси мисолларда

Бирлашган Араб Амирлиги

Фото: Hoversurf

Абу-Даби. Ушбу давлатда турли амирликларда қонунчилик турлича ҳисобланади. Бу фарқ учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишда ҳам мавжуд. Мисол тариқасида, пойтахт Абу-Дабида махсус рухсатсиз ва савдо лицензиясига эга бўлмасдан дрондан фойдаланиш тақиқланади. Агар сиз кўчада рухсатсиз учирсангиз ва полиция қўлига тушсангиз, туристлигингизни ҳам инобатга олишмайди. Дронингизни тортиб олишади, бир неча минг АҚШ долларига тенг жарима солишади ва қамоққа ташлашади.

Дубай. 2018 йил май ойидан бошлаб туристларга дрон олиб киришга рухсат берилди. Аммо, бунинг учун мажбурий регистрация белгиланди. Регистрация мазкур сайтда ўтказилади.

Яна бир йўли ҳам бор. Вақтинча фойдаланиш учун ариза ва бошқа ҳужжатлар топшириш керак бўлади. 2 ҳафта учун топшириш энг маъқул вариант. Регистрация учун қуйидагилар кўрсатилиши лозим: паспортнинг сканерланган варианти, фотосуратлар, чипталар, яшаш жойи, телефон, дрон модели, дрон фойдаланганда хавфсизлик техникаси қоидалари бўйича билимингизни тасдиқловчи сертификат (агар бу сертификат бўлмаса, Дубайда махсус курслар мавжуд, 1-2 соатда ўргатиб, сертификат билан чиқариб юборишади).

Германия

Дронлардан фойдаланиш аввал ҳамма учун эркин эди. Аммо Германия канцлери Ангела Меркель нутқ сўзлаётган вақтда дрон жуда яқин масофада келгани сабабли, бу қурилманинг ҳаракати қонунчилик бўйича тартибга солинди.

Германия қонунчилиги бу бўйича ажойиб қарорга келган. Дронлар вазни ва ҳажмига қараб турларга бўлинган. Турларга қараб ҳужжатлаштириш ҳам фарқланади.

250 граммдан оғир дронларда эгасининг шахси ва яшаш жойи ҳақида маълумотлар бўлиши лозим.

5 килограммгача оғирликдаги дронлар учун лицензия олиниши керак бўлади. Бунинг учун махсус авиамактаблар мавжуд. Бу мактаблар Федерал фуқаро авиация идораси томонидан тан олинган бўлиши лозим (Luftfahrt Bundesamt).

5 килограммдан юқори дронларга қўшимча «парвоз учун рухсатнома» (Aufstiegserlaubnis) олиниши лозим.

Россия

Россия қонунчилигида дронлар амалиёти бўйича асосий манба Федерациянинг Ҳаво кодекси ҳисобланади. Ушбу кодекснинг 33-моддасига кўра, 250 граммдан 30 килограммгача бўлган қурилмалар давлат регистрациясидан ўтиши лозим. 2017 йил 5 июлдан бошлаб оғирлиги 250 граммгача бўлган қурилмалар Федерал хавфсизлик хизмати ва Федерал ҳаво транспорти агентлигидан (Росавиация) рўйхатдан ўтиши лозим. Қурилма операторлари Транспорт вазирлигидан малака лицензиясини олиши лозим. Бизнинг тартиб-қоидалар сингари учишдан олдин мутасадди ташкилотдан рухсат олиши ва парвоз режаси тақдим этилиши лозим. Ҳозирча рус ҳуқуқшунослари бу тизим устида ишлашмоқда. Бу масалада ҳали амалиёт мавжуд эмас.

Миллий қонунчилигимизга мурожаат этганда

Қоида бузилса, жарима кичик эмас

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида учувчисиз учиш аппаратларини Ўзбекистонга рухсатсиз олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш 2015 йил 1 январдан тақиқланганди.

2017 йил 13 июлда қабул қилинган 436-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан учувчисиз учиш қурилмаларидан ноқонуний фойдаланиш жиноий ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Яъни, ноябрь ойи ҳолатига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 116 (2)-моддасига биноан 4.054.600 сўмдан 20.273.000 сўмгача, Жиноят Кодексининг 260 (1)-моддасига биноан 20.273.000 сўмдан 50.682.500 сўмгача жарима солинади. Агар бу қилмиш одамлар ўлимига, ҳалокатга ва бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.

Қонуний тартибда учириш учун

Рухсат олиш тартиби

Учувчисиз учиш аппарати (дрон ва бошқа шу турдаги қурилмалар) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сонли қарорига асосан фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори асосида улардан фойдаланиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга рухсат берилади.

Фото: Самарқанд ИИБ матбуот хизмати

Шунингдек, ушбу қурилмадан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кўрсатиш мақсадида фойдаланиш (фото ва видеоматериаллар тайёрлаш), шу жумладан, чет эл ижодий гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» миллий агентлигининг илтимосномасига асосан, Мудофаа вазирлиги ва Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш Инспекциясига учиш аппаратлари, масъул шахслар, парвоз жойи ва бошқа маълумотларни тақдим қилган ҳолда рухсат берилади.

Бу масалада тўлиқроқ маълумотни Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш инспекциясининг расмий сайтидан олиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2016 йил 31 августдаги 287-сонли «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро ва давлат авиациясида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги» Низомга кўра, ушбу қурилмадан фойдаланиш ва рўйхатдан ўтиш қоидалари келтирилган.

Соҳа бўйича мутасадди ташкилот

Унга кўра, махсус ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Парвозларнинг хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳисобланади. Kun.uz мухбири ушбу масала юзасидан инспекциянинг масъул ходими Саттаров Саттор билан суҳбатлашди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, ташкилот Вазирлар Маҳкамасидан рухсат олгандан сўнг, қурилмага буюртма олинади. Шу жойига ҳам эътибор қаратиш лозимки, қонунчилик асосида қурилма ишлаб чиқарилган корхона ёки воситачи ташкилот билан шартнома тузилиб олиб келиниши лозим. Бундан ташқари, қурилма сотилган жойда операторлар ўқитилиши ва уларга махсус билим берилиши шарт.

Шундан сўнг инспекцияга қурилмадан фойдаланишга рухсат олиш учун ариза ва дронга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (юқорида келтирилган шартномалар) топширилиши лозим. Инспекция аризани 10 кун ичида кўриб чиқиши лозим. Бу муддат ичида инспекция хулосаси берилади. Қўлингизга тасдиқнома ёки рад этилгани тўғрисидаги асослар берилади.

Ушбу инспекция рухсатномасини олгандан сўнг, юридик шахс Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг (Мининфоком) ҳам рухсатномасини олиши талаб этилади.

Рухсатномани олдик, энди учирсак бўлар. Асло!..

Шундан сўнг, буюртмачи Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун Ҳаво ҳудудидан фойдаланишни бошқариш ягона тизимидан ҳам рухсат олиши керак бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 287-сонли  2016 йил 31 августдаги қарорининг 7-иловасига асосан ариза топширилади. Аризада парвоз вақти, қурилманинг модели ва белгилари, аризачининг номи, парвоз баландлиги ҳамда бошқа маълумотлар келтирилади.

Бундан ташқари, қарор иловасида келтирилган Низомнинг 2-қисмига асосан учувчисиз учиш қурилмалари бир неча талабларга жавоб бериши лозим. Булар:

  • Қурилма саноат ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлиши;
  • Ишлаб чиқарувчи завод паспорти ёки сертификатга эга бўлиши;
  • Максимал учиш массаси 25 килограммдан кам бўлиши;

Ҳужжатлар тўпланганидан сўнг, мудофаа вазирлигининг тегишли рухсати олинади.

Рухсатномаларни олгандан сўнг, дронларни олиб келиб фойдаланиш мумкин. Қурилмани божхонадан олиб ўтаётганда рухсат берилганини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шарт. Агар бу ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, қимматбаҳо қурилмани олиб ўтиб бўлмайди.

Қулайроқ йўли ҳам бор

Албатта, юқоридаги ҳужжат тўплаш жараёни узоқ ва машаққатли деб ҳисобланса, енгиллик мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 322-сонли қарорининг 1-қисмига асосан ташкил этилган «Геоинновацион марказ»дан фойдаланиш мумкин. Ушбу марказга учувчисиз учиш аппаратларини сотиш ва ижарага бериш ваколати берилган. Умумий тарзда узоқ муддатли шартнома тузилади ва ҳар бир парвоз олдидан буюртма берилади. Чунки улар ҳам парвоз вақтига олдиндан рухсат олиши лозим.

Умид қиламизки, бу соҳада тартиб-қоидалар жаҳон тажрибасидан фойдаланилган ҳолда янада соддалаштирилади.

Баҳодир Аҳмедов

Top