Краснодар ўлкасининг Северский туманида жойлашган Афип нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида учувчисиз учоқлар ҳужумидан сўнг ёнғин бошланди. Заводга уюштирилган зарбалар тўғрисидаги хабарлар шанбага ўтар кечаси, 29 ноябрда келиб тушди ва Кубан оператив штаби томонидан тасдиқланди.

РБК-Украина нашри Telegram’даги Exilenova+ каналига таяниб, НҚЗ ҳудудида содир бўлган деб тахмин қилинаётган портлаш лаҳзаси ва узоқдан ҳам кўриниб турган ёнғин акс этган видеони эълон қилди.

Краснодар ўлкаси оператив штаби НҚЗда ёнғин чиққанини тасдиқлар экан, дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин майдони тахминан 100 кв метрни ташкил этганини маълум қилди. «Завод ҳудудидаги айрим техник жиҳозлар зарар кўрган, резервуарларга зарар етмаган», — дейилган штаб баёнотида.

Кейинги хабарда ёнғин майдонига оид маълумотлар аниқлаштирилди: унда айтилишича, ёнғинни ўчиришга 100 дан ортиқ киши ва 35 та техника жалб этилган, шундан сўнг ёнғин «250 кв метр майдонда ўраб олинган». Оператив штаб НҚЗда портлаш бўлгани ҳақида сўз очмаган.

Оператив марказ маълумотларига кўра, уриб туширилган дронлардан бири парчалари Афипский қишлоғидаги қишлоқ хўжалиги корхонаси ҳудудига ҳам тушган. Шу билан бирга, на НҚЗдаги ёнғин, на қишлоқ хўжалиги корхонасида бирор киши жабрланмаган.

Ҳужумга учраган ушбу нефтни қайта ишлаш заводи РФ Украинага қарши тўлиқ миқёсдаги ҳужум бошлаганидан бери бир неча бор украин дронлари нишонига айланган. Масалан, 2025 йил сентябр ойи охирида навбатдаги шундай ҳужум натижасида заводдаги қувурлардан бири зарар кўрган эди.

Қатор украин ОАВда Афип НҚЗ Россиядаги энг йирик заводлардан бири экани ҳақидаги маълумотлар тарқалган. Аслида эса у мамлакатдаги энг йирик ўнта НҚЗ қаторига кирмайди. Шунга қарамай, 2025 йилда амалга оширилган реконструкциядан сўнг Афип НҚЗ Россия жанубидаги энг йирик корхоналардан бирига айланган, унинг йиллик қуввати 9,1 млн тонна нефтни ташкил этмоқда.

Таққослаш учун: очиқ манбаларга кўра, Россиядаги энг йирик НҚЗ — Омск нефтни қайта ишлаш заводи қуввати тахминан йилига 22 млн тонна нефтни ташкил қилади. Ундан кейин Лeнинград вилоятидаги “Киришинефтеоргсинтез” (йилига тахминан 21 млн тонна нефт) ва Рязань нефтни қайта ишлаш компанияси (йилига тахминан 17,1 млн тонна нефт) келади. Бу корхоналар ҳам аввалроқ дронлар ҳужумига учраган. Масалан, Рязан НҚЗ навбатдаги муваффақиятли дрон ҳужумидан сўнг ноябр ўрталарида ишини тўхтатган. РФдаги бошқа бир қатор НҚЗ фаолиятини тўхтатгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.